Ўзбекистон адрас ва атласи номоддий маданий мерос сифатида тан олинди ва ЮНЕСКО рўйхатига киритилди

khan-atlas

Қадимдан Марғилон шаҳри ўзининг ноёб ҳунармандчилик  намуналари билан бутун дунёга машҳур бўлиб келган. Айниқса, улар ичида миллий матоларимиз бўлмиш атлас ва адрас дунё халқларини лол қолдириб келмоқда. Ял-ял ёниб, кўзни қамаштирувчи бундай матолар, неча йилдирки, ўз жилосини йўқотгани йўқ. Улар асрлар оша авлоддан авлодга мерос бўлиб келмоқда.

Президент Ш.Мирзиёевнинг “Ҳунармандчиликни ривожлантириш ва ҳунарманд усталарнинг эркин фаолият юритиши учун кўплаб имкониятлар ва шарт-шароитлар яратиб бериш тўғрисида”ги  Фармонлари ҳам ҳунарманд усталарнинг олдига бир қатор масъулиятли вазифаларни кўймоқда. Мамлакатимизда ва жаҳон миқёсида ўтказилаётган анжуманлар ҳам мазкур соҳани янада ривожлантиришга ва ҳунармандлар ўртасида соғлом рақобатнинг вужудга келишига хизмат қилмоқда.

2017 йилнинг 4-9-декабрь кунлари Жанубий Кореянинг Чежу шаҳрида ўтказилган навбатдаги анжуман ҳам миллий матолар кўргазмасига бағишланди. Унда дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатларидан ҳунарманд-усталар ўзларининг миллий матоларини намойиш этдилар. Қувонарлиси шундаки, улар қаторида ҳамюртларимиз, Марғилон шаҳар “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов ҳамда мазкур уюшма аъзоси Инобатхон Қосимовалар ҳам бор эди.

Қўмита йиғилиши 2017-йилнинг 7-декабрида Чежу шаҳрида “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича”  ҳукуматлараро қўмита томонидан қабул қилинган Қарорга асосан ўтказилди. Йиғилишда ўзбек миллий матолари бўлмиш атлас ва адрас юқори баҳоланиб, бутун дунё мамлакатлари ичида номоддий маданий мерос сифатида тан олинди ҳамда ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни сақлаш бўйича илғор тажриба реестрига киритилди.

Камалакнинг турфа хил рангларини ўзида мужассам этиб, бутун дунё халкини ўзига ром этиб келаётган  бу каби бежирим матолар шу кунга қадар ҳеч бир мамлакатда намойиш этилмаган. Ўзбек халқининг миллий маданий мероси бўлмиш мазкур дурдона асар иқтисодиётимизнинг янада равнақ топишига хизмат қилибгина қолмай, балки Ўзбекистонда туризмнинг ривожланишига  ҳам ўз ҳиссасини қўшади ва узоқ йиллар давомида дурдона асар сифатида яшайверади.

You must be logged in to post a comment Login