Янги йил арафасида Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида ногиронлар давлат томонидан уй-жой билан таъминланди

1

Ўзбекистонда Президент Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 2017 йилда намунавий лойиҳалар асосида 15 мингта арзон уй-жойлар қад ростлади.

Янги йил арафасида ушбу арзон уй-жойлардан имконияти чекланган, ногиронларга хонадонлар топширилди. Ушбу хонадонларнинг бошланғич бадали Президентимиз томонидан тўлаб берилмоқда.

Жумладан, Сирдарё вилояти Гулистон туманида ногирони бор 15 оила кириб келаётган 2018 йилни янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган замонавий уйларда кутиб олади.

– Давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қурилган арзон уй-жойлардан бирини бизга беришди, – дейди II гуруҳ ногирони Ирода Нишонбоева. – Турмуш ўртоғим, 2 нафар фарзандим билан бир хонали уйда ижарада турардик. Уйнинг майдони 2 сотих, 2 хонали, ҳам ташқи, ҳам ички ошхона, шунингдек, душ ва ҳатто индивидуал иситиш қозонхонаси ҳам бор. Табиий газ, электр энергияси, иссиқ ва совуқ сув билан тўлиқ таъминланган. Айниқса, уйнинг бошланғич бадали Президентимиз томонидан тўлаб берилгани биз учун ажойиб байрам туҳфаси бўлди. Бундан ташқари, бепул тикув машинаси, мато-ю ипигача бериб, ишли ҳам қилишди. Барчаси учун давлатимиздан, яхши одамлардан миннатдорман.

Қаршида ўтказилган тадбир ҳам 5 нафар ногирони бор оила аъзоларига янги уй калитлари тантанали топширилди.

– Бугун қувончим ичимга сиғмайди, – дейди янги хонадон соҳибаларидан бири II гуруҳ ногирони Дилрабо Аҳмедова. – Кўп йиллар аввал бахтсиз ҳодиса туфайли оёқларим қаттиқ лат еб, юролмай қолдим. Доим кайфиятим тушкун эди. Аммо биз каби имконияти чекланган фуқароларга Президентимиз томонидан кўрсатилаётган эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилди. Хасталигимни унутгандек бўлдим. Бугун бир хонали квартира соҳибасига айландим. Қалбимда янги умидлар, орзулар пайдо бўлди. Давлатимиз раҳбари бизга бахт улашди.

Хоразм вилояти Урганч туманида эса 31 нафар уй-жойга муҳтож, имконияти чекланган фуқарога янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уйлар калити тантанали равишда топширилди.

– Бундай эътибор, ғамхўрлик бизни умидсизлик, ишончсизлик кайфиятидан қутқариб, ҳаётимизга янги мазмун олиб кирмоқда, руҳан тетиклик бағишламоқда, – дейди янги уй эгаларидан бири Омонжон Қутлимуродова. – Бу уйда тўйлар ўтказиб, яхши кунларимни эл билан баҳам кўришдек бахтга етганимга шукроналар айтаман.

You must be logged in to post a comment Login