Сўх туманида 28 умумтаълим мактабида таълим тожик тилида олиб борилади

Ўзбекистоннинг сўлим ва хушманзара гўшалари азалдан дунё эътиборини тортиб келган. Фарғона вилоятида ҳам бундай масканлар кўп. Сўх ана шулардан бири.

Бугун туманда 76 мингдан зиёд турли миллат вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқ ҳаёт кечирмоқда. Қўшни давлатлар – Қирғизистон ва Тожикистон билан ҳам борди-келди яхши йўлга қўйилган. Айниқса, бу борада сўнгги бир йилда катта ишлар амалга оширилганини барча катта мамнуният билан сўзламоқда.

Дарҳақиқат, халқларимизни бир неча йиллар қийнаган энг оғриқли масала бир йилда ҳал этилди. Чегаралар очилди, борди-келди йўлга қўйилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, минтақамизда мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик асосидаги алоқалар мустаҳкамланмоқда.

– Ўзбек, қирғиз, тожик халқлари азалдан бир ариқдан сув ичиб, аҳил-иноқ яшаб келган, – дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сўх туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Фазлиддин Додакаримов. – Байрамларимизни биргаликда нишонлаш, қуда-андалик борасида тарихи узоқ йилларга бориб тақаладиган умрбоқий анъаналаримиз бор. Аммо орада бир муддат улар билан дийдорлашиш анча қийинлашиб қолган эди. Чегаралар очилиши эса ортиқча оворагарчиликларга чек қўйди. Туманимиз аҳли ҳам қўшни давлатдаги қариндошларининг тўй ва бошқа маросимларига эмин-эркин бориб келмоқда. Улар ҳам бизнинг тўйларимизга, байрамларимизга келиб, қувончимизга шерик бўлмоқда.

Ҳа, олис тоғлар бағрида жойлашган мазкур туманда кейинги йилларда йўл ва чегара масаласида катта муаммолар йиғилиб қолган эди. “Водил” чегара-постининг очилиши, Қирғизистон билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши ана шу муаммоларни ижобий ҳал қилди. Якунланаётган йил ана шу жиҳатлари билан ҳам сўхликлар ҳаётида катта из қолдирди.

Бугунги кунда тумандаги 28 умумтаълим мактабида таълим тожик тилида олиб борилади. Бу йилги ўқув йилидан бошлаб, Фарғона давлат университетида тожик тили йўналиши очилгани ҳамда унда туман ёшларининг таҳсил олиши учун имкониятлар яратилгани ана шу эътиборнинг амалий ифодаси бўлди.

– Биз, сўхлик ёшлар учун берилаётган бундай эътибор зиммамизга катта масъулият юклайди, – дейди Фарғона давлат университети филология факультети тожик тили йўналиши талабаси Шаҳло Сулаймонова. – Барча миллат вакиллари учун яратилган тенг имконият бизнинг орзуларимиз ҳам рўёбга чиқишида муҳим аҳамиятга эга. Мактабда тожик тилида ўқиб, мана ўз тилимизда олий ўқув юртида ҳам ўқиш ва мутахассис бўлишга имкон яратилди. Биз, қайси миллатга мансуб бўлмайлик, Ўзбекистон фарзанди эканимиздан фахрланамиз, унинг тараққиёти ва фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилишни муқаддас бурчимиз, деб биламиз.

You must be logged in to post a comment Login