Ўзбекистон паралимпиячилари БААда муваффақиятли иштирок этди

9309a4b57303242f8159ec5c583331bd

Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Пара-Осиё ўйинларида Ўзбекистон миллий паралимпия терма жамоаси 20 олтин, 6 кумуш ва 2 бронза медални қўлга киритди. 

Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг билим олиши, спорт билан шуғулланиши учун ҳам кенг шароит яратилмоқда. Натижада эса паралимпиячилар нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, Ўзбекистон шарафини янада юксалтирмоқда. 

Ёшлар ўртасида ўтган навбатдаги Пара-Осиё ўйинларида қитъанинг 30 мамлакатидан келган 800 спортчи ўзаро баҳслашди. 

Ўзбекистон Миллий паралимпия терма жамоаси аъзолари Акбар Янгибоев, Муҳаммад Абдураимов, Фотима Омилова турли масофаларга сузиш бўйича баҳсларда бешта олтин ва битта кумуш медални қўлга киритди. 

Мусобақада пауэрлифтинг бўйича беллашган Шаҳзода Мамадалиева ўз вазн тоифасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган бўлса, Нуриддин Менгзиёев кумуш, Муҳаммаджон Хўжахонов ва Аббосхон Раҳимжонов бронза медаль билан тақдирланди. 

Енгил атлетиканинг ядро, диск, найза улоқтириш, турли масофаларга югуриш ва узунликка сакраш баҳсларида Бобуржон Омонов, Муҳаммад Рихсимов, Ёрқинбек Одилов, Дамир Пашаев, Розияхон Эргашева, Сабина Суханова, Асила Мирзаёрова 14 олтин ва 4 кумуш медални терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйди. 

You must be logged in to post a comment Login