Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида халқаро автомобил қатновлари тўғрисидаги баённома кучга кирди

uzbek-kyrgyz-flags-600x400

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги алоқалар 2017 йилда чинакам янги босқичга чиқди. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги олий даражадаги учрашувлар, ҳукуматлараро ва парламентлараро, давлат комиссиялари ўртасидаги мулоқотлар кўплаб масалаларни ҳал қилди. Бир неча йиллардан буён муаммо бўлиб келаётган чегара ўтказиш пунктлари, автомобиль қатнови, темир йўл, электр энергияси каби масалалар ўз ечимини топди.

Биргина «Дўстлик» чегара ўтиш пунктининг очилиши билан бир кунда чегарадан ўтган қардош халқларнинг сони 5 мингдан ортди.

Ҳукуматлараро ҳамкорлик янги даврда энг яхши натижаларга эришмоқда. Мамлакатларнинг чегарадош вилоятлари ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий алоқаларни янада юксалтириш мақсадида 2018 йилда Андижон-Жалолобод йўналишидаги йўловчилар қатнови қайта жорий этилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасида темир йўл орқали йўловчи қатнови ҳам қайта тикланиши маълум қилинди.

Қирғизистондан электр энергиясини импорт қилиш мақсадида 37 миллион АҚШ доллари қийматидаги шартнома имзоланган.

2017 йилнинг 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 1996 йил 4 сентябрдаги халқаро автомобил қатновлари тўғрисидаги Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Баённома кучга кирди.

Мазкур ҳужжат 2017 йил 6 октябрь куни Тошкент шаҳрида имзоланганди.

Баённома ҳукуматлараро битимни қўллаш кўламини кенгайтириш орқали транспорт коммуникациялари соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида қабул қилинган.

Ҳужжатга кўра, томонлар ўз давлатлари ҳудудида эркин транзит режимини бир-бирига тақдим этадилар ва кафолатлайдилар, шунингдек, «Тошкент – Андижон – Ўш – Эргаштом – Қошғар» автомобил йўналиши бўйлаб ташиш учун қулай шарт-шароитлар яратади.

 

You must be logged in to post a comment Login