Фарғонада тадбиркорлар хитойлик ҳамкасблари билан учрашдилар

Фарғонада вилоят тадбиркорлари ва Хитойнинг Цзянсу провинцияси ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-семинар бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликда иш юритиш учун яратилган қулай муҳит, имтиёз ва преференциялар иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилаётир. Мазкур тадбирни ўтказишдан мақсад ҳам хорижлик ишбилармонлар билан савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришдан иборат.

Фарғона вилоятида иқтисодиётнинг турли соҳаларида 200 га яқин қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Бу хорижий сармоядорларда мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарорлиги, уни ривожлантириш истиқболларига қизиқиш ва ишонч ортиб бораётганидан далолат. Хусусан, хитойлик ишбилармонлар билан кейинги йилларда мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилгани натижасида вилоятнинг ўзида 20 дан ортиқ қўшма корхона ишга туширилди. Айни пайтда «Қўқон» эркин иқтисодий зонасида хорижликлар билан ҳамкорликда кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Мазкур бизнес-семинар ҳам мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги лойиҳаларни муҳокама қилиш учун қулай имконият бўлиб хизмат қилади. Унда машинасозлик, фармацевтика, тўқимачилик, қурилиш, озиқ-овқат, кимё саноати, электротехника, муқобил энергия манбалари, замонавий технологиялар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритаётган 100 га яқин концерн ва компаниялар вакиллари иштирок этди.

– Цзянсу провинциясида замонавий саноат ривожланган бўлиб, Хитойда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди, – дейди “Jiangsu” компанияси директор ўринбосари Цзя Йинке. – Бугун Фарғона вилоятидаги иқтисодий имкониятлар билан яқиндан танишдик. Юртингизда тадбиркорлик учун катта имтиёзлар берилаётгани эътиборга сазовор.

Тадбирда вилоятнинг иқтисодий салоҳияти ва бу ердаги инвестиция муҳити хусусида маълумотлар тақдим этилди. Турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор инвестициявий шартномалар имзоланди.

You must be logged in to post a comment Login