ЎЗБЕКИСТОН-КОРЕЯ: ҲАМКОРЛИК ТАРАҚҚИЁТ УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

large_10007

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ҳамкорлиги кенг кўлам касб этган. Расмий Сеулнинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этган инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошди.

Юртимизда ушбу мамлакат капитали иштирокида 461 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 386 таси қўшма корхона бўлса, 75 таси корейс сармояси эвазига ташкил қилинган. Мазкур корхоналар нефть-газ, нефть-кимё ва кимё, машинасозлик, электротехника ҳамда тўқимачилик соҳаларида, ахборот-коммуникация технологиялари, транспорт ва логистика, туризм йўналишларида муваффақиятли иш олиб бормоқда.  Ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган лойиҳалардан бири “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида ташкил этилади.

Жанубий Корея делегацияси вилоят ҳокими қабулида бўлди  ва  корейс ишбилармонлари “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси билан ҳам танишдилар.

Меҳмонлар “Фарғона дарвозаси” олдида тантанали равишда кутиб олинди. Шарқона миллий либосдаги ўзбек қизлари меҳмонларни корейс тилида вилоятимизга ташрифи билан қутладилар.

Шундан сўнг вилоят ҳокимлигида делегация аъзоларини вилоят раҳбари  Шуҳрат Ғаниев қабул қилди.

Делегация аъзолари суҳбат аввалида, вилоят ҳокимига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ўзаро ишонч ва дўстлик рамзи сифатида эсдалик нишонини топширдилар.

Очиқ ва самимий руҳда кечган суҳбатда Шуҳрат Ғаниев дастлаб меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги билан қутлади ва делегация ташрифининг айнан ушбу санага тўғри келгани икки томонлама ҳамкорлик пойдеворининг мустаҳкам, ишончли ҳамда бардавом бўлишига умид билдирди.

– Ўзбекистон ва Жанубий Корея халқларини қадимий дўстлик ришталари боғлаб туради, – деди вилоят раҳбари Шуҳрат Ғаниев. – Икки халқнинг маданияти, менталитети ўхшаш. Тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган корейслар ўзбеклар билан дўст-биродар бўлиб, жамиятимизнинг фаол аъзоларига айланган. Корейс миллатига мансуб юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси ва Сенатида, маҳаллий Кенгашларда, бошқарув органларида, иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида фаолият юритаётир. Давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқларимизни янада яқинлаштиришда кўп сонли корейс диаспораси муҳим роль ўйнайди. Жорий йилда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз Ўзбекистонда яшаётганининг 80 йиллиги кенг нишонланди. 

Қабул маросимида ишбилармон доира вакиллари делегацияси раҳбари Ким Чанг Кён қисқа давр ичида Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотларга алоҳида урғу берди. Хусусан, фуқароларнинг тўкис ва фаровон турмуш шароитига эга бўлишлари, ҳуқуқ ва манфаатларининг қонунлар билан янада мустаҳкамланиши, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни асраб-авайлаш, турли миллат вакилларининг бир оиладек иноқ ва аҳил яшашларини таъминлашдаги амалий саъй-ҳаракатлар, ижтимоий-иқтисодий сохалардаги туб ўзгаришлар ва бунинг натижасида эришилаётган ютуқ хамда марраларни юқори баҳолади. Маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий сармоядорлар учун яратилётган эркин шароит хамда имтиёзлардан мамнун эканлигини таъкидлади.

– Ўзбекистонда фаол бизнес юритиш учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрмиз, – деди делегация раҳбари Ким Чанг Кён.

  Маълумки, “Еvergreen motors” масъулияти чекланган жамияти автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича мамлакатда иккинчи, жаҳонда 7-ўринда турувчи “КIА” автосаноатчисининг Ўзбекистондаги расмий дилери ҳисобланади. Шунингдек, у хориж автомобиллари савдоси билан ҳам шуғулланади. Делегация раҳбари Ким Чанг Кён мулоқот вақтида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан ташкил этилган “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида корхона барпо этиб, унда юк кўтарувчи техникалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истаги борлигини билдирди.

Ўз навбатида вилоят раҳбари ушбу лойиҳа икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада яқинлаштириш баробарида, ҳалқларимизнинг азалий ришталарини мустаҳкамлашга ва бу кун Ўзбекистон ва Жанубий Корея мамлакатлари тарихида янги саҳифа очишига ишонч билдирди.

Самимий руҳда ўтган суҳбат якунида вилоят ҳокими Жанубий Кореялик меҳмонларга эсдалик совғаларини топширди.

Куннинг иккинчи ярмида хорижлик меҳмонлар “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси штабида бўлиб, ушбу ҳудуд имкониятлари, сув, электр, канализация, муҳандислик ва коммуникация тармоқлари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар. Солиқ имтиёзлари ва преференциялар, транспорт логистика хизмати, темир йўл имкониятлари ҳам кореялик ишбилармонлар эътиборидан четда қолмади.

Хорижлик тадбиркорлар корхона барпо қилиш учун ажратилган ер майдонини кўздан кечириш жараёнида бу ерда яратилажак қулайликлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар олдилар.   

You must be logged in to post a comment Login