Фарғонада 2017 йилда инвестиция дастурига мувофиқ 138 та лойиҳа амалга оширилди

Юрт гавҳари ва марвариди бўлган Фарғона вилояти ўзининг ер ости ва ер усти бойликлари, ривожланган саноат ва комммуникация тармоқлари, кўп тармоқли қишлоқ хўжалиги билан мамлакатимиз тараққиётида алоҳида ўрин тутади. Фарғона   да кейинги йилларда бундай кенг кўламли ривожланиш ва тараққиёт одимлари бардавом бўлишида инвестиция сиёсати муҳим рол ўйнамоқда.

Вилоятда барча инвестициялар биринчи навбатда саноат ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантириш, янги технологиялар билан жиҳозлаш, маҳсулотлар сифатини кескин ошириш ҳамда тайёр маҳсулотларни хорижга экспорт қилишга йўналтирилган.

Президент Мирзиёевнинг 2016 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига асосан вилоят бўйича 14 та йирик корхоналарга жами 150,8 млрд. сўм, тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланган. Бундан кўриниб турибдики жорий йилда ўзлаштириладиган инвестиция миқдори ўтган йилга нисбатан 101,6 фоизга, лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида яратиладиган иш ўринлари эса 126,7 фоизга ошган.

Вилоят ҳокимининг 2016 йил 30 декабрдаги қарорига кўра 2017 йилга ҳудудий инвестиция дастурига киритилган лойиҳалар сони 138 та бўлиб, ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 358,1 млрд. сўм миқдорида инвестициялар ўзлаштирилиши ва 4326 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

2017 йилнинг 1 июл кунига қадар 139,9  млрд. сўм миқдорида инвестициялар ўзлаштирилган. Натижада биринчи ярим йиллик якуни билан вилоятимизда 43 та лойиҳалар фойдаланишга топширилиб, 892 та иш ўринлари яратилди.

Мамлакатимизни 2017-2021 йилларда ривожлантиришга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш учун жорий йил дастурида вилоятда инвестицион муҳитни янада барқарорлаштириш режалари белгилаб олинган эди. Ўз навбатида жорий йилда вилоятда халқаро молия институтлари иштирокидаги 54 та лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилиб, қиймати 42,6 млн. долларлик кредит маблағлари ўзлаштирилмоқда.

Бу борада минерал хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни кўзда тутувчи тармоқ дастурлари ишлаб чиқилган бўлиб, 2017 йилда 33,1 млн.долларлик 35 та ишлаб чиқариш қувватларини фойдаланишга топшириш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Қиймати 6,0 млн. долларга тенг 10 та лойиҳа мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаш, 6,8 млн.долларлик 21 та лойиҳалар тайёр чарм-пойабзал, тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун эса умумий қиймати 20,3 млн. долларга тенг 4 та лойиҳалар ўзлаштирилади. Бу йил якунида вилоятимизда 20 дан ортиқ янги турдаги рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга жорий этилишига хизмат қилади.

 

Натижада келгуси 5 йилда вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,5 бараварга, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши – 19,1 фоиздан 21,0 фоизга, қайта ишловчи тармоқларнинг саноатдаги улуши – 27,8 фоиздан 40 фоизга ўсиши таъминланади.

Президент Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида қишлоқ хўжалиги тармоқлари билан боғлиқ бир қатор истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Узумчиликка асосланган “Миндонобод агросаноат” агрофирмаси, Қувада анорчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар истиқболли деб қабул қилинди.

Ташриф жараёнида ТИФ “Миллий банк” томонидан вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Бу йўналишда 2017-2018 йилларда қиймати 64,4 миллион доллар бўлган кўплаб лойиҳалар амалга оширилади. Улардан 10 таси Хитой давлат тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорликда молиялаштирилган. Бу лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида яқин икки йил ичида 68 минг тоннадан зиёд мева-сабзавот қайта ишланиб,
25,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинишига эришилади.

Инвестициялар бўйича истиқболли режалар ва амалга оширилган амалий ишлар вилоятда йилдан-йилга қулай инвестицион муҳит яхшиланиб бораётганлиги, тармоқларда муқим янги иш ўринлари яратилаётганлиги ва сифатли маҳсулотлар экспорти ҳажми ортиб бораётганлигидан яққол далолат беради.

You must be logged in to post a comment Login