ҚАДИМИЙ ВА НОЁБ МАДАНИЯТНИ ДУНЁГА ТАНИТИШ

“Ўзбекистон  Республикасининг  туризм соҳасини жадал  ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Президент Фармони  мамлакатимизнинг  ноёб  ва  қадимий  маданиятини  дунёда тараннум этиш, кўп асрлик анъаналарни қадрлашда алоҳида аҳамият касб этди.

Ҳозирги кунда  вилоятимизда 1552 нафар ҳунарманд 32 та соҳа бўйича фаолият  олиб  бормоқда. Марғилон  шаҳрида  матолар  билан  ишлаш, Қўқонда кандакорлик, пичоқчилик,  Риштон туманида кулолчилик ва чиннисозлик йўналишлари ривожланган. Мустақиллик йилларида ҳунармандлар орасидан  кўплаб давлат мукофоти соҳиблари етишиб чиқди. Қўқонлик ёғоч ўймакор устаси  Абдуғани Абдуллаев Ўзбекистон Қаҳрамони деган шарафли номга сазовор бўлди. Устанинг нақшинкор устунлари нафақат юртимиздаги муқаддас қадамжойларга, обидаларга кўрк бағишлабгина қолмаяпти. Устани Германиянинг олис Ганновер шаҳрида ҳам яхши билишади. Чунки бу ерда салобат тўкиб турган Ўзбекистон чойхонасининг ўн иккита нақши устуни ҳамда маҳобатли эшикларини ҳам уста Абдуғани тайёрлаб берган.   Бундан ташқари  Ўзбекистон  халқ  устаси  Муҳаммадали  Юнусов, риштонлик машҳур мусаввирлар, сопол  идишларга суратлар чизишнинг ҳадисини олган  Тоҳиржон Ҳайдаров “Дўстлик” ва Баҳодир Исо “Шуҳрат” медалига лойиқ топилди. 

Марғилон шаҳри азал-азалдан ипакчилар, ҳунармандлар юрти деб таърифланади.  Шаҳар мамлакатимизнинг қадимги тарихи, халқимизнинг ўзига хос ва такрорланмас  маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини ўзида акс эттирувчи маскандир. Шаҳарда 9 та туристик объект, 3 та меҳмонхона ишлаб турибди. Бир нечта қадимий ҳунармандчилик мактаблари, айниқса, ипакчилик мактаби сақланиб келаётир. Бугунги кунда Марғилон шаҳрида мингдан ортиқ хонадон ҳунармандчилик билан  шуғулланади. Расмий фаолият юритаётган “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлганлар  сони 375 тани ташкил этмоқда.

Шаҳарда ҳунармандчиликнинг 17 та тури билан шуғулланувчи ҳунармандлар  фаолият  кўрсатмоқда. Уларнинг  асосий  йўналишлари – миллий  матолар  (адрас,  атлас ) ва улардан тикувчилик  буюмлар ишлаб чиқариш,  миллий   пойабзал  ишлаб  чиқариш, ёғочсозлик, ёғоч ўймакорлиги, дўппидўзлик, тўнчилик, темирчилик, мисгарлик ҳисобланади. 2016  йилда  шаҳарда  уюшмага  аъзо бўлган  ҳунармандлар томонидан  3 млрд. сўмлик  маҳсулот  ишлаб  чиқарилган,  шулардан  40 фоизи  миллий мато ишлаб чиқариш ҳисобига тўғри келмоқда. Шаҳарда “Ўзбекипаксаноат”  ва “Ҳунарманд” уюшмалари  хамкорлигида  экспорт килишга мўлжалланган  “SILK IKAT АND CARPET” МЧЖ ташкил этилиб, ипак гилам ва атлас- адрас ишлаб чикариш  йўлга қўйилди.  Ўтган йилда уюшма аъзолари томонидан  қилинган экспорт ҳамжи 62 минг АҚШ долларидан ортиқни ташкил қилган.

–Ҳунармандчиликни  ривожлантириш бўйича режа-тадбирлар белгилаб олдик.  Бунинг учун  Риштон тумани саноат зонасида “Каолин” етказиб бериш бўйича “Ангрен –каолин” корхонасининг диллерлик пунктини очиш, туман марказида  “Кулолчилик” комплексини ишга тушириб,  кулолчилик музейи  ҳамда доимий кўргазма савдосини ўтказиш таъминлаш кўзда тутилган. Қўқон шаҳри, Ҳамза  кўчасидаги  Жоме мажмуасида “Хунармандчилик” ва туризм  марказини ташкил этиб, кандакорлик, ёғоч ўймакорлиги,  кулолчилик,  пичоқчилик каби ўнга якин устахона очишни режалаштирганмиз.

Қўқон шаҳар ширмой нони, миллий ширинликлари тортиқ этиш, қўқонлик  пичокчи ҳунарманд  Ҳасанбой Умаров уйида  Фарғона  услубида пичоқ, ханжар, сувенир қилич ясаш бўйича  “Уста-шогирд” мактабида  махорат дарсларини  ўтказиш мўлжалланган. Буларнинг  барчаси  вилоятимизга  ташриф буюрган чет эллик сайёҳларнинг туристик маршрути рўйхатига киритилади.  Шаҳардаги Фурқат боғи худудида  кичик хунармандлар шахарчаси бунёд этилади. Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туман хунармандлари ишлаб чикарган маҳсулотларини доимий савдосини ташкил этиш учун Фарғона шахар бозори ҳудудидан алоҳида ҳунармандлар растаси ажратилишини  истардик. Асосий кўзланган мақсад–вилоятимизга ташриф буюрувчи хорижий ва маҳаллий  туристлар  сонини кўпайтириш ҳунармандчиликнинг ривожланишига кучли туртки бўлиб, туризм ва ҳунармандчилик соҳасида экспорт тушуми кўпаяди, янги иш ўринлари яратилади, – дейди вилоят “Ҳунарманд” уюшмаси раиси  Иброҳимжон Ҳамдамов.

You must be logged in to post a comment Login