Жорий йилда фарғоналик халқаро мусобақаларда 364 та медалга эгалик қилишди

Президент Мирзиёевнинг жорий  йил 15 февралдаги “Маданият ва спорт соҳасида  бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда жорий йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори спорт соҳасида юзага келган салбий ҳолатларни бартараф этиб, ёш авлоднинг жисмоний ва ижодий фаолияти ортишига, мамлакатимизнинг спорт дунёсида нуфузи тобора юксалишига замин яратди.

2016 йилда Бразилияда  ўтказилган Олимпиада ва Паралимпия ўйинларида ўзбек спортчилари катта ютуқларга эришди. Шунга қарамай ўзбек спортчилари ва уларнинг захирадаги потенциалидан тўлиб фойлана олинмади. Сузиш, қиличбозлик, велоспорт,  теннис  билан бир қаторда спортнинг ўйин турлари бўйича юқори малакали спортчиларни тайёрлашни янада такомиллаштириш учун қуйи поғонадан иқтидорли  спортчиларни саралаб (селекция) олиш ишлари кучайтирилиб, бу спорт турларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга киришилди. Юқорида санаб ўтилган спорт федерацияларига тасдиқланган комплекс режа ижросини бажаришга шахсий жавобгарлиги оширилди.

Жисмоний тарбия ўқитувчилари ва спорт мураббийларининг ўз ишига алоҳида масъулият билан ёндашиши кундалик талабга айланди. Қарорда бугунги кунда  юқори  малакали спортчиларни тайёрлашда машаққатли меҳнат, катта куч талаб этилишини  инобатга олиб, спортчиларнинг маҳоратларини ошириб боришлари, жисмонан ва маънан етуклигини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор имтиёзлар белгиланди.  Шу билан бирга уларнинг масъулияти  кучайтирилди. Фарғоналик 1350 нафар спортчилар республика ва халқаро мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни эгаллашди. Ўтган йил давомида жаҳон чемпионати мусобақаларида 12 та, Осиё чемпионати ва кубогида 8 та, халқаро мусобақаларда 93 та, жами 364 та медаллар, шундан 112 та олтин медаль жамғарилди. Бундай юқори натижалар мураббийларнинг ўз ишига фидойилик, жонбозлик билан ёндашганидан дарак беради.

Шаҳар ва туманлар болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг ички спорт мусобақаларини ўтказиш, республика мусобақаларида иштирок этиш учун маҳаллий бюджетдан ажратилаётган мабалағлар етарли даражада эмас. Шу сабабли, иқтидорли спортчиларни саралаш, танлаш ва нуфузли мусобақаларга иштирокини таъминлаш борасида муаммолар келиб чиқмоқда. Фарғона олимпия захиралари коллежида футбол ва енгил атлетика спорт турлари футбол майдони қурилмаганлиги сабабли мослаштирилган футбол майдонида машғулот олиб боради, яккакураш спорт турларига мўлжалланган алоҳида спорт заллари йўқлиги сабабли, деярли  барча спорт турлари спорт манежида машғулотлар олиб бормоқда. Бу спортчи-ўқувчиларни профессионал шуғулланишлари учун юқори имкониятларини чеклаб қўймоқда.

Халқ таълими тизимидаги спорт  иншоотларида жисмоний-тарбия ўқитувчиларининг дарсдан ташқари спорт тўгараклари ишларини жонлантириш,  Қува туманида ёпиқ сузиш ҳавзаси, Фарғона олимпия захиралари коллежида енгил атлетика йўлаги билан стадион ва яккакураш спорт турларига мўлжалланган спорт зал қуришни ва  спорт-тиббиёт диспансерини ташкил этиш режалаштирилган.

You must be logged in to post a comment Login