2018 йилдан бошлаб Шаҳрисабзда ҳар икки йилда бир марта халқаро мақом санъати анжумани ўтказилади

6QUeBTbc7no4mjsPyDHN955fI3MNQmND

Асрлар бўйи ўз жилосини йўқотмай келаётган мақом санъати халқимиз маданий меросини ажралмас қисми бўлиб, маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин тутиб келган.

“Мақом” арабча сўз бўлиб, “жой”, “макон” маъносини англатади. Мусиқий маънода товуш ҳосил қиладиган жой ёки аниқ парда маъносини тушуниш мумкин. Чунки мақом аниқ пардадан бошланадиган ва тугалланадиган куй, ашулалар мажмуини ифодалайди. Ўлкамизда севиб куйланган  Бухоронинг олти  мақоми (шашмақом), Хоразм мақомлари, Фарғона-Тошкент мақом йўллари қанчадан-қанча оғир даврларни бошидан кечириб, улуғ устозлар орқали бизгача етиб келгани бунинг ёрқин ифодасидир.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 17 ноябрда қабул қилинган қарорда мақом санъатини ривожлантиришни барча томонларини назарда тутган ҳолда 13 банддан иборат ташкилий жабҳаларини аниқ-равшан белгилаб берди. Қарорда кўрсатилган мақом марказини ташкил этиш, вилоятларда ташкил этиладиган мақом ансамблларини моддий-техник базасини ривожлантириш, рағбатлантириш, ёш ижодкорларни жалб қилган ҳолда устоз-шогирдлик анъанасини давом эттириш борасидаги кўрсатмалари айниқса таҳсинга сазовор.

2018 йилдан  бошлаб  Шаҳрисабз  шаҳрида ҳар икки йилда бир  марта халқаро мақом санъати анжуманини ўтказишга қарор қилинганлиги мақом санъатини жаҳон миқёсига олиб чиқиш борасида қўйилган муҳим қадам бўлди.  Қарорда устозлардан бизгача етиб келган шаклланган ижро ва анъаналарни, буюк бастакорлар, ҳофиз  ва созандалар меросини чуқур илмий асосда ўрганиш, қайта тиклаш, ўзбек мақом санъати мумтоз ва замонавий ижро намуналарининг “Олтин фонди” ни яратишга алоҳида эътибор берилган.

Мумтоз мусиқа меросимиз намуналарини нотага олиш, мавжуд ёзувларни такомиллаштириш, амалиётга жорий этиш мақом санъатининг ижтимоий-тарихий негизлари, миллий  ва умумбашарий қадриятлар билан боғлиқ жиҳатларини юртимиз  олимлари ва чет эллик мутахассислар иштирокида чуқур ўрганиб, янги тадқиқотлар яратиш қарорнинг яна бир муҳим жиҳати саналади.

Мақом санъатининг кўп асрлик ижро йўлларини пухта ўзлаштириб, уларни янгича усуллар билан бойитиб, ёш авлод вакилларига ўргатиб келаётган мақомчилар, мақомшунос илмий-педагог олимлар ва мутахассислар, мақом маркази ходимлари фаоллиятини моддий ва маънавий  қўллаб-қувватлаш қарорда белгилаб қўйилди. Шунингдек, республика ҳудудларида таниқли мақом ижрочиларининг концертлари, маҳорат дарсларини такомиллаштириш борасидаги кўрсатмалар бу борада аниқлик билан ижодий ёндашишни талаб этади.

Мақом санъатини радио-телевидение, оммавий ахборот воситалари ва интернет орқали Ўзбекистон ва чет элларда тарғиб қилишга алоҳида урғу берилган. Республикадаги мавжуд болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда маданият ва санъат коллежлари, академик  лицейларда мақом санъатини ўқитиш бўйича бўлимлар фаолиятини янада кучайтириш, ижодий, илмий-услубий ва ижро анъаналарини  пухта ўзлаштириш  ҳамда давом эттириш мақсадида, таълим муассасаларига моҳир мақомчи санъаткорларни бириктириш  лозимлиги  қайд этилди. Шу асосда “Устоз-шогирд” мактабларини ташкил этиш вазифаси топширилгани қарорнинг асосий йўналишларидан биридир.

Бу тарихий қарор мумтоз мусиқа санъатимизни янада ривожлантириш борасида маънавий ҳаётимизнинг кўзгуси бўлиб, ёш авлодни маънавий баркамоллик руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

You must be logged in to post a comment Login