Ёшларни «Уста-шогирд» усулида тайёрлаш учун 1 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади

795d0b516a40b54e18a03541b1817550

Фарғона ҳунармандларининг  қўл меҳнати асосида яратилаётган маҳсулотлари дунё бозорида ўз ҳаридорларига эга. Дурдонага айланган тупроғи,  кўзни қамаштирувчи ипаклари, нафис атласи,  халқимизнинг турмуш тарзи, қадриятлари тимсоли бўлган ҳунармандчилиги қизиқиш ва эътирофларга сазовор бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони  соҳанинг янада такомиллашишига замин яратди. Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатининг кўп асрлик анъаналарини сақлаб қолиш, ҳунармандларга янги-янги имтиёз ва имкониятлар яратишга қаратилган мазкур Фармонда  истиқболли лойиҳалар кўзда тутилган. Мухбиримиз шу ҳақда вилоят ҳунармандлар уюшмаси  раҳбари Мирзарасул Мирзааҳмедов билан суҳбатлашди.

Бугунги кунда ҳунармандчилик туризмнинг ажралмас қисмига айланди.  Қадим шаҳарларимиз  кўрки, мамлакатимизнинг экологик табиатига ҳамоҳанг яратилаётган ҳунармандчилик намуналари сайёҳларни мафтун этмоқда. Фармонда кўзда тутилганидек, ҳунармандчиликни ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири  сифатида белгиланган ер майдонлари ва бинолар ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш, имтиёзли кредитлар бериш, ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиш ва экспорт қилиш, шунингдек, республикамизнинг туман ва шаҳарларида ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини ташкил этиш ва «Уста-шогирд» мактаблари фаолиятини такомиллаштириш туризм ривожида ҳам аҳамиятлидир.

Ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқ тўловидан, ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этилади. Жойларда рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар дастлабки икки йил мобайнида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг 50 фоизини тўлайди. Шу билан бир қаторда, ҳунармандларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, банк ҳисоб рақамларидан чет эл валютасини нақд шаклда ечиб олиш ҳуқуқи берилмоқда. Бунда хорижий мамлакатларда ўтказиладиган кўргазма, фестиваль, ярмаркаларда ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт шартномаларини тузмаган ҳолда сотиш мумкин, бунда олинган даромад экспорт тушуми ҳисобланмайди. Шу билан бирга, ҳунармандларга ташқи реклама воситаларини жойлаштиришда маҳаллий бюджетга тўланиши белгиланган тўловларнинг 50 фоизи миқдорида имтиёз бериш жорий этилмоқда.  Ўз фаолиятини амалга ошириш учун имтиёзли тартибда жой ажратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бунда улар томонидан давлат мулкини ижарага олишда ижара тўлови белгиланган энг кам тўловнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Фармонда кўзда тутилган “Уста-шогирд” анъаналарини ривожлантирилиши, ҳунармандлар томонидан тақдим этилаётган лойиҳалар учун берилаётган  имтиёзлар  ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

2018-2019 йилларда ёшларни «Уста-шогирд» усулида ўқув дастурлари бўйича тайёрлаш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 1 миллиард сўм миқдорида маблағлар берилиши кўзда тутилган.  Бу маблағлар ҳунармандларнинг   асбоб-ускуна сотиб олиши,  фаолиятини кенгайтириши,  эртамиз эгаларига ҳунар ўргатиш учун қулай муҳит  ва шароит яратилишига қаратилган.  Бир кредит олувчига бериладиган кредит ҳажми энг кам иш ҳақининг 300 баробаригача бўлган миқдорда, кредит муддати олти ойлик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда 2 йилни ташкил этади. Бундан ташқари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобидан «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банкига аҳолининг ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликдаги бандлигини ошириш, имтиёзли микрокредитларни ажратиш мақсадлари учун ҳажми 50 миллиард сўм миқдорида йиллик 2 фоизлик ставкада кредит ресурслари ажратилади.   Вилоятимизда 1313 нафар  ҳунармандлар  фаолият кўрсатади. Уларнинг  ҳар бири  ўз йўналишига эга. Савдо саноат палатаси ва “Хунарманд” уюшмаси, иқтисодиёт бошқармасининг шаҳар ва туманлардаги бўлимлари лойиҳасига эга ҳунармандлар билан суҳбатлашиб, 2018 йил 01.01 кунгача кредит олиш учун бизнес лойиҳаларни туман ва шаҳарлардаги Тадбиркорликка кўмаклашиш унитар корхоналари тайёрлаб  худудий Комиссияга хамда 2018 йилнинг биринчи чорагида “Микрокредитбанк” томонидан кредит ажратиш учун тақдим этишлари лозим. Фармонга илова тарзида вилоятда йиллик ишлаб чиқариш қуввати 53894,8 млн. сўм бўлган умумий қиймати 12423,5 млн сўмлик  304 та лойиҳа киритилган бўлиб, мисгарлик, заргарлик,  темирчилик, туникачилик, ёғоч ўймакорлиги каби 34 та йўналишларнинг ҳар томонлама ривожланишига хизмат қилади. Ҳунармандларнинг ўз маблағи 4622,5 млн сўмни ташкил қилади.  “Микрокредитбанк” томонидан 7 фоизли имтиёзли кредит асосида 7801,0 млн сўм маблағ берилиши кўзда тутилмоқда. Бу лойиҳалар орқали 603 та янги ишчи ўринлар яратилади. Лойиҳалар 2018 йилнинг иккинчи чорагидан ишга туширилиши лозим.

Бугунги кунда сайёҳларни ўзига жалб қилиб келаётган  ҳудудларда ҳунармандлар бозори қурилиши  белгиланган эди.

Риштон туманида “Хизр бува” зиёратгоҳининг реконструкция  қилиниши  ва ҳудудда  кулоллар учун ёпиқ бозор ташкил этилиши  белгиланган. 2018 йил давомида бозорни шарқона усулда безатиш,  сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш шароитини яратиш, ошхона, дам олиш жойлари бунёд этилиши, йўллар, аҳоли яшаётган ҳудуднинг талаб даражасида бўлиши учун реконструкция ишлари олиб борилади.  Аммо ҳали маблағ ажратилгани йўқ. Қўқон шаҳрида эса ҳудуд ҳунармандлари маскани қурилиши учун маблағ ажратилган бўлса-да, жой масаласи ҳал этилмаган. Ҳозирда соҳа мутахассислари билан музокаралар олиб бориляпти.

You must be logged in to post a comment Login