МАРҒИЛОНДА ЯНГИ ТЕАТР БИНОСИ ТАЪМИРЛАНМОҚДА

Президент Мирзиёев август ойида маданият ва санъат намояндалари билан учрашиб, соҳани ривожлантиришга, кино ва театр, санъат мактаблари фаолиятини жонлантиришга алоҳида тўхталиб ўтган эди.

Ушбу эзгу чорловдан сўнг бутун мамлакатимизда маданият кошоналарини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ишлари бошланди. Жумладан, Марғилон шаҳрида ҳам.

Марғилон азалдан санъаткорлар ошёни. Республикамизда илк бор Ўзбек давлат мусиқали театрига асос солинишига ҳам марғилонлик санъат дарғалари муносиб ҳисса қўшганлар.

Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Уста Олим Комилов, Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Саодат Қобулова сингари улуғ санъаткорлар халқимиз маданиятини бутун дунёга танитганлар.

Машҳур санъат намоёндалари туғилиб ўсган маскан-Марғилон шаҳрида кейинги йилларда маданият, санъат ва адабиёт соҳасида катта ўзгаришлар рўй берди. Эркин Воҳидов номидаги маданият ва истироҳат боғи, Жаҳон отин Увайсий уй-музейи нафақат вилоят, балки республика миқёсидаги адабиёт байрамлари ўтказиладиган ошёнларга айланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 августдаги “Фарғона вилояти Марғилон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 653-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида шаҳарнинг Бурҳониддин Марғилоний кўчасида собиқ ипакчилар маданият уйи ўрнида 210 ўринли мусиқали драма театри биносини мукаммал таъмирлаш ишлари бошланди.

Таъмирлаш ишларини вилоят ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг  компанияси томонидан ўтказилган тендер ғолиби “Файз бинокор Олтиариқ” ХКМК қурувчи усталари бажаришяпти.

“Қўқонлойиҳақурилиш” МЧЖ томонидан лойиҳалаш ишлари амалга оширилди. Лойиҳага асосан икки қаватли бино мутлақо янгича кўринишга эга бўлади. Биринчи қаватда томоша зали ва саҳнаси, кириш зали ва фойе, иккинчи қаватда театр маъмурияти, актёрлар учун махсус хоналар замонавий андозаларда таъмирланади ва жиҳозланади. Шу кунларда бино том қисми якунига етказилмоқда. Иситиш тизими, тоза ичимлик суви, электр таъминоти сифатли даражада йўлга қўйилади. Ҳар бир хонага замонавий эшик-ромлар ўрнатилади.

– Мукаммал таъмирлаш ишларининг умумий қиймати 2 млрд. 281 млн. сўмни ташкил этади, – дейди  мазкур қурилиш корхонаси прораби Ғайратжон Алиев. – Ҳозирда 50 нафар қурувчи-усталар 3 та бригадада  меҳнат қилишяпти. Ишчилар учун керакли шароитлар яратиб берилди. Театр биносини йил охирида фойдаланишга топширишни режалаштирганмиз. 

You must be logged in to post a comment Login