Ўзбекистон чемпионатида фарғоналик боксчилар умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди

715801

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги байрамига фарғоналик  боксчилар муносиб туҳфа ҳозирлашди. Улар Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида 11 та медал жамғаришиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашди.

Марғилон темир йўл шоҳбекатида вилоят ҳокимлиги, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, иқтидорли ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида мамлакат чемпионати ғолиблари бўлган спортчиларни кутиб олиш маросими катта тантанага айланиб кетди.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев юртимизда Президентимиз ташаббуси билан ёш авлод камолоти йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Фарғонада ҳам Олимпиада ўйинлари совриндорлари, Ўзбекистон чемпионати ғолиблари етишиб чиқаётганлигини фахр билан тилга олди. Республика чемпионатида вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчилар ва уларнинг устоз-мураббийларига пул мукофотлари, эсдалик совғаларини тақдим этди.

Тадбирда Бош қомусимиз қабул қилинган куннинг 25 йиллик қутлуғ шодиёнаси нишонланаётган шу кунларда Фарғона халқига чинакам совға тайёрлаган боксчиларнинг меҳнатлари, ютуқлари эътироф этилди. Янграган куй-қўшиқлар тантанага янада шукуҳ ва хушкайфият бағишлади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, биргина спортнинг бокс тури бўйича эришилаётган салмоқли ютуқлар бугун халқаро мутахассисларнинг ҳам эътиборини тортмоқда. Ўтган йиллар давомида вилоятимиз спортчилари орасидан Осиё ва жаҳон чемпионлари, Олимпиада ўйинлари совриндорлари, қатор халқаро мусобақалар ғолиблари етишиб чиқди, ана шундай чемпионлар сафи кун сайин ортиб боряпти.

– Ўзбекистон чемпионати ҳар йили миллий терма жамоа сафига кучлиларни саралаш учун хизмат қилади, – дейди вилоят бокс Федерацияси раиси ўринбосари Ахтам Раҳмонов. – Бу баҳслар муросасиз кўриниш ҳосил қилиши билан ҳеч бир халқаро мусобақалардан қолишмайди. Республикамизнинг энг кучли деб топилган чарм қўлқоп усталари мазкур учрашувда яна бир карра ўз имкониятларини синовдан ўтказишди. Олимпиада ўйинлари ғолиб ва совриндорлари, жаҳон ва Осиё чемпионлари, миллий терма жамоамиз сафидан жой олган боксчилар иштирок этган бу мусобақада ёш спортчиларимиз Фарғона бокс мактаби кучли эканлигини ўз ютуқлари билан исботлаб беришди.

Ҳа, Фарғона вилояти терма жамоаси таркибидан жой олган вилоятимиз ёшлари нуфузли беллашувда яна бир карра жиддий синовдан ўтиб,  барчанинг ҳавасини келтирувчи натижани қайд этишди. 32 нафар спортчилар 4 та олтин, 7 та бронза медалларини қўлга киритиб, вилоятимизда бокс кун сайин тараққий этиб бораётганлигини амалда исботлай олдилар!

– Вилоят ҳокими бошчилигида тантанали кутиб олинишимиз, руҳиятимизни кўтариш билан бирга, шижоатимизга янада шижаот қўшади, эртанги кунга бўлган ишончни орттириб, ҳамиша олға қадам ташлашга ундайди, – дейди бронза медаль соҳиби Акмал Қосимов.

Ўзбекистон чемпионатида мутлоқ ғолибликни қўлга киритган ёшларимиз халқаро мусобақаларда ҳам Фарғона шаънини юксак шараф ила ҳимоя қилишларига ишонамиз.

Ғалаба муборак, чемпион ёшлар! Балли, фарғоналик азамат боксчилар!!!

You must be logged in to post a comment Login