Риштонликлар қўшнилар билан мустаҳкам алоқа ўрнатишмоқда

риштон

Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратмоқда. Бу – ҳар томонлама чуқур ўйлаб танланган йўлдир. 

Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир. 

Шу боис Президент Мирзиёев иқтидорга келгандан сўнг қўшни мамлакатлар мустаҳкам алоқалар ўрнатиш йўлини танлади. Айниқса, Қирғизистон билан кўп йиллар давомида ўз ечимини кутаётган муаммолар конструктив руҳда ижобий томонга силжиди. Икки мамлакат раҳбарлари ўртасида олий даражадаги учрашувлар юқори савияда ташкил этилди, делегацияларнинг самарали мулоқотлари мунтазам ўтказилмоқда.

Худди шундай амалий ташриф билан Қирғизистон Республикасининг Баткен вилояти Қадамжой тумани ҳокими Жонибек Исаков бошчилигидаги делегация Риштон туманига келдилар.

Риштон “Буюк Ипак йўли”да пайдо бўлган Фарғона вилоятининг биринчи шаҳарларидан ҳисобланади. Қадим замонлардан у Марказий Осиёдаги энг йирик сирланган сопол буюмлар ишлаб чиқарувчи марказ сифатида машҳур бўлган. Риштонлик кулол-кўзагарлар азалдан ўзларини кулолчиликка асос солган усталар авлоди ва қадим анъаналарни асровчилар деб ҳисоблашган. Уларнинг ҳунармандчилик буюмлари қўшни мамлакатлар, қолаверса бутун дунёда ўз қизиқувчиларига эга.

Меҳмонлар кутиб олиш маросимидан сўнг, «Саидбек» кулолчилик марказида ҳамда Равшан Тожиддинов хонадонида бўлишиб, кулолчилик буюмлари билан танишишди.

– Мен бу санъат асарларини кўриб, тўғриси, жуда завқландим, – дейди Жонибек Исаков. – Бундай нозиклик билан тайёрланган ишланмалар муаллифи таҳсинга лойиқ. Ҳар бир иш инсонни узоқ ўйга толдириб, ёрқин ранглар уйғунлиги кўзни қувонтиради. Бу ҳақиқий қўл меҳнати.

Хўжаилғор жомеъ масжиди зиёрати меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Буюк мутафаккирлари етишиб чиққан юртимизда ислом динига бўлган юксак эътибор, қадамий қадамжойлар, зиёратгоҳлар кўпчиликнинг ҳайратига сазовор бўлган.

Риштонлик тадбиркорлардан бири хайрли ташаббуси билан эл оғзига тушди. Хусусий тадбиркор Фарангиз Азимова янги ишга қўл урди. Боғистон қишлоғида “STRAUS FARM” Ўзбекистон-Буюк Британия қўшма корхонаси ташкил этилиб, фермага инвестор маблағи ва банк кредитлари ҳисобига лойиҳа қиймати 306 минг АҚШ доллари бўлган 200 бош Африка туяқушлари олиб келинган.

Бу албатта, мамлакатда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, айниқса, фермерлик ва агробизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасидир.

Ушбу фермага ташриф буюрган меҳмонлар туманда паррандачиликни ривожлантириш, парранда маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш ва аҳолини сифатли парҳез маҳсулотлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганига эътибор қаратишди.

Риштон туманидаги “Simax FZ” корхонаси харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни экспортга жўнатишда Фарғона вилоятида ўзига хос ибрат мактаби яратмоқда. Қолаверса, корхона вакиллари Нью-Йорк шаҳрида ўтказилган халқаро сифат конвенциясининг саммитида қатнашиб жаҳоннинг 178 давлати вакиллари иштирок этган халқаро сифат мусобақасида ғолиб чиқиб, олтин мукофотни қўлга киритган эди. Ушбу корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар қўшниларимизнинг алоҳида эътиборини тортди.

Қўшни делегация аъзолари Риштон тумани мутасаддилари билан мулоқотда бўлиб, ҳамкорликда шартномалар тузиш ва ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.

Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир. 

Бу ҳақида Бирлашган Миллатлар ташкилотининг юксак минбаридан Мирзиёев бонг урди: “Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. 

Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли кейинги ойларда минтақамизда сиёсий ишонч даражаси сезиларли даражада ошди. Кўплаб масалалар бўйича принципиал жиҳатдан муҳим ечимлар топишга эришилди. 

Сентябрь ойининг бошида Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома имзоланиши том маънода муҳим воқеа бўлди. 

Томонлар ўз сиёсий иродасини, ўзаро мақбул қарорлар қабул қилишга тайёр эканини намоён этгани туфайли ўтган йигирма олти йил давомида биринчи марта ушбу ғоят нозик масала бўйича катта натижага эришилди. 

Бир сўз билан айтганда, ўтган қисқа вақт мобайнида минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит яратишга эришилди”. 

You must be logged in to post a comment Login