БУГУН ЎЗБЕКИСТОН ВА ҚИРҒИЗИСТОН МУНОСАБАТЛАРИДА АЗАЛИЙ ҚАРДОШЛИК РИШТАЛАРИ МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

21Ўзбек ва қирғиз халқи азалий қардошлик ришталарига эга. Бу икки халқ вакиллари қадимдан бир ариқдан сув ичиб,  ўзаро қуда-анда бўлиб, аҳил-иноқ яшаб келишган. Сўнгги йилларда ўзаро алоқаларда бир оз узоқлашиб қолган икки халқ вакиллари 2017 йилда яна самимий қардошлик алоқаларини мустаҳкамлаб, ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўйди.

 Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 5 сентябрь куни Қирғизистонга қилган давлат ташрифи доирасида жуда кўплаб соҳаларда истиболли келишувларга эришилган бўлса, уларнинг орасида энг қувонарлиси, Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегараси тўғрисидаги шартнома имзолангани бўлди.

Ушбу ташрифдан сўнг кўп ўтмай Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги “Дўстлик” чегара мажмуасида Андижон вилояти ҳамда Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди ва чегара пости тантанали  равишда очилди. 

Очилиш маросимига Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар юртимизда истиқомат қилаётган қирғиз миллатига мансуб ватандошларимиз ҳамда ёшлар иштирокида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Бу билан икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий, маданий ва яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида янги саҳифа очилди, десак муболаға бўлмайди. Дўстлик ришталари ҳамда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, ўзаро бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмият-чиликларга барҳам берилгани, айниқса, асрлар давомида елкадош яшаётган, тили, дили, дини бир икки халқ аҳолисини беҳад қувонтирмоқда.

–  Ҳақиқатдан ҳам икки қўшни халқ ўртасида борди-келди узилиб қолган эди, – дейди фарғоналик таниқли журналист Соҳибахон Абдураҳмонова. – Менинг яқин қариндошларим ҳам Қирғизистон республикасининг Новқат районида истиқомат қилишади. Ўтган йиллар давомида фақат тўй ёки маъракаларда телеграмма (чақирув) орқали дийдорлашардик, холос. Қариндошларимни йиллаб кўрмасдан, соғинч азобидан қийналганим ҳам рост. Ахир биз асрлар давомида қўшни бўлиб яшаганмиз, Қирғизистонга қиз бериб, қиз олганмиз. Халқларимизни янада яқинлаштирганлиги учун икки давлат раҳбарларидан, хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёвдан жуда ҳурсандмиз.

Ўзбекистон – тинчлик ва дўстлик, бахтиёр одамлар мамлакати. Бугун унинг бағрида 130 дан ортиқ миллат вакиллари дўст бўлиб яшамоқда.   Фарғона вилоятининг ўзида 70 мингдан зиёд қирғиз миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилади. Икки давлат ўртасидаги янги босқичга кўтарилган муносабатлар, чегараларнинг очилиши ва бошқа хайрли ишлар юртдошларимизнинг кайфиятига қандай таъсир қилди. Шу хусусда вилоят қирғиз миллий маданий маркази раҳбари Мушаррафхон ҚЎЧҚОРОВА билан ҳам суҳбатлашдик.

– Ўзбек ва қирғиз халқининг маданияти, қадрияту эътиқоди муштарак. Президентимиз таъкидлаганидек, бизнинг тилимиз, динимиз, фикримиз бир, – дейди М.Қўчқорова. –  Икки давлат ўртасида турли соҳаларда ҳамкорлик яна қайта тиклангани, чегаралар бўйича тарихий келишувларга эришилгани ва қатор чегара постларининг очилгани  дўстлик алоқалари учун кенг имконият берди. Энди чегараларимиз дўстлик ва ҳамкорлик чегарасига айланди. Сарҳадларнинг очилиши катта байрамга айланиб кетди. Бугун Ўзбекистонда истиқомат қилувчи фуқаролар қирғизистонлик қавму-қариндошлариникига бемалол бориб келишмоқда. Қирғизистонликлар ҳам юртимизга ташриф буюриб, мамлакатимизда юз бераётган катта ўзгаришлар беҳад ҳайратланмоқдалар.

Бизнинг миллий маданий марказимиз ҳам икки халқ дўстлигини янада мустаҳкамлаш йўлида фаолият олиб боради. Марказ  қошидаги “Сулув қиз” ансамблининг миллий куй-қўшиқлари, ёшлар томонидан қирғиз маданиятига хос анъаналарнинг тараннум этилаётгани шу юртдаги ҳар бир фуқарони жипс бўлиб яшашга, тинчликни асрашга чорламоқда. Ансамбл раҳбари Нортожи Халибаеванинг жорий йилда “Шуҳрат” медалига сазовор бўлгани эса диёримизда ҳар бир миллат вакили эъзозда эканлигининг ёрқин ифодасидир.

Миллий маданий марказимиз аъзолари анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган “Ўзбекистон – умумий уйимиз” дўстлик ва маданият фестивалида ҳамиша фаол иштирок этишади. Бу тадбир бизга жуда ҳам ёқади. Чунки унда анъаналар, қадриятлар кенг намойиш қилинади, гўзал ва бетакрор Ватанимизни улуғловчи куй-қўшиқлар ижро этилади. “Ўзбекистон – кўп миллатли аҳил оила”, “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – тараққиёт омили” каби мавзуларда ўтказилаётган илмий-амалий анжуманлар, семинар ҳамда кўргазмалар маданият ва анъаналарни ривожлантириш, ёшлар онгида уларга нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантиришга хизмат қиляпти. Жорий йилда Қирғизистон театр ижодкорлари Фарғона водийсига, ўзбекистонлик санъаткорлар Ўш, Ўзган, Аравон, Новқат, Қорасув, Жалолобод шаҳарларига ижодий сафар қилди.

Икки қардош давлатлар ўртасида муносабатлар қайта тикланиб, ҳар томонлама алоқалар йўлга қўйилгани, энг муҳими, чегараларнинг очилиши   азалий қардошлик ришталарида янги саҳифа очди. Дўстона муносабатларда икки давлат раҳбарлари ибрат ва ташаббус кўрсатдилар. Буларнинг барчаси   ўзаро аҳиллик, тараққиёт ва фаровонликка хизмат қилмоқда.

You must be logged in to post a comment Login