“Қўқон” ЭИЗдаги корхонада йилига 2 миллион дона энергия тежовчи LED лампалари ишлаб чиқарилади

12

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонига асосан Ўзбекистонда юқори технологияли янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, ҳудудларда замонавий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг 700 гектардан зиёд майдонида тадбиркорлар янги лойиҳаларни амалга ошириши учун барча шароит яратилаётир. Ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш, сифатли логистика хизматлари кўрсатиш бўйича замонавий инфратузилмани шакллантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Иқтисодий зонада фаолият юритиш истагини билдирган тадбиркорлар, ишлаб чиқаришга сармоя киритмоқчи бўлган бизнес вакиллари бериладиган имтиёз ва преференцияларни катта қизиқиш билан ўрганмоқда.

– Бугунги кунга қадар 18 лойиҳага маъмурий кенгаш томонидан ижобий хулоса олинди ва амалий ишлар бошлаб юборилди, – дейди “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси мутахассиси Соҳибжон Маматов. – Ҳозирда яна 8 лойиҳа кўриб чиқилмоқда, 25 лойиҳа бўйича бизнес-режаси лойиҳа ташаббускорлари томонидан тайёрланмоқда. Жаҳон стандартларига мос, ташқи бозорда рақобатбардош ва харидоргир маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва замонавий технологияларни жорий қилиш учун хорижий инвестициялар жалб этиш бўйича қулай шароит яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Staffing Plus Kokand” масъулияти чекланган жамиятида йилига 10 минг дона маиший техника воситаси, 6 минг дона тикувчилик, тўқувчилик дастгоҳи ва 2 миллион дона энергия тежовчи LED лампалари ишлаб чиқарилади.

– Эркин иқтисодий зонадан биринчилар қаторида 9 гектар жой олдик, – дейди жамият ижрочи директори Зиёвуддин Мамажонов. – Мазкур лойиҳа учун 2,5 миллион долларлик инвестиция киритилмоқда. Юз фоиз экспортбоп маҳсулотлар тайёрланадиган корхонада аввал 100 иш ўрни яратилади, 2019 йилдан эса 300 киши доимий иш ўрнига эга бўлади.

Велосипед ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи “Kokand bicycles” масъулияти чекланган жамияти 2015 йилда ташкил топган. Жамиятга “Қўқон” эркин иқтисодий зонасидан 2 гектар майдон ажратилди. Хориждан 740 миллион сўмлик дастгоҳлар келтирилади. Бу ерда йилига 6 минг 240 дона болалар ва 3 минг 120 дона катталар велосипеди тайёрланади. “Vodiy Evro textile” масъулияти чекланган жамияти томонидан ип маҳсулотларини бўяш, тўқиш ва тикиш бўйича лойиҳа тақдим этилган. Мазкур ишлар учун 25 миллиард сўм маблағ сарф этилиб, 150 иш ўрни яратилади. Маҳсулотлар асосан экспортга йўналтирилади.

– Қўқон эркин иқтисодий зонаси ташкил этилгани вилоят иқтисодиёти, айниқса, озиқ-овқат, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, машинасозлик ва автомобилсозлик, фармацевтика, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида самарали меҳнат қилаётган тадбиркорларга катта қулайлик яратди, – дейди “Invest pharm group” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Расул Ҳасанов. – Эркин иқтисодий ҳудуддаги бизга ажратилган 2,5 гектардан ортиқ майдонда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мазкур лойиҳа учун 3 миллион 900 минг доллар миқдорида инвестиция жалб этилмоқда.

Мухтасар айтганда, “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ҳудудда ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринлари ташкил этиш, пировардида аҳолини барқарор даромад манбаи билан таъминлашга хизмат қилади. Бу эса миллий иқтисодиётимизнинг барқарор тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

You must be logged in to post a comment Login