ЭНЕРГИЯ РЕСУРСЛАРИДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ – ДАВР ТАЛАБИ

1

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор мамлакат миқёсида энергия тежамкор услублар ва технологияларни жорий қилишда муҳим қадам бўлди.

Ушбу муҳим ҳужжат билан мамлакатимизнинг электр таъминоти тизимига юкламани тенглаштириш мақсадида электр энергиядан фойдаланганлик учун тўловларнинг қулай тарифлари, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни рағбатлантирувчи бир қатор механизмлар жорий этилмоқда.

Пишган ғишт, гипс, цемент ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи, шунингдек, муайян хизматлар кўрсатувчи (ресторанлар, кафелар ва б.) истеъмолчилар уланган қуввати 750 кВА бўлган электр энергияси ва табиий газ учун тўловлар Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ўрнатиладиган ўсиб борувчи коэффициентлар ва тарифларга мувофиқ амалга оширилиши назарда тутилмоқда. Масалан, тарифимиз 204 сўм деб белгиланса, агар истеъмолчи 1000 кВтдан юқори ишлатадиган бўлса, белгиланган тартиб бўйича 207 сўм ёки 210 сўм тўлаб борилади.

Уланган қуввати 750 кВА ва ундан юқори бўлган истеъмолчилар электр энергия учун ҳисоб-китобларни сутка вақтларининг табақалаштирилган тарифи бўйича амалга оширади. Мазкур тартиб аҳоли, бюджет ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек, Давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станцияларига нисбатан татбиқ этилмаслигини айтиб ўтиш жоиз.

Республиканинг электр таъминоти тизимига юкламани тенглаштириш мақсадида электр энергиядан фойдаланганлик учун тўловларнинг қулай тарифлари жорий қилинмоқда. Бу қарор билан тарифларнинг тиғиз пайт, тунги пайт, ёруғ пайтларга табақалаштирилиб, бўлиниши истеъмолчиларга бир меъёрда электр энергияни етказиб бериш имконини беради.

Тиғиз пайт – эрталабки ва кечки вақтда (белгиланган тартибда ўрнатилади) фойдаланилган электр энергияси учун тўловлар белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда ўсувчи коэффициентни қўллаш орқали амалга оширилади. Энг кам юкламали соатларда, яъни тунги пайтда белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда камаювчи коэффициентдан фойдаланилади. Бунда белгиланган тариф ярим тиғиз пайтда, яъни сутканинг ёруғ вақтида электр энергия таъминотига тўловлар учун сақланиб қолади.

Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, вилоятимизда 250 км.дан ортиқ электр тармоқлари янгитдан қурилди, реконструкция қилинди. 94 тадан ортиқ тармоқ трансформаторлари янги қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ўз навбатида электр энергиянинг технологик йўқотишларнинг олдини олади.

Қарорга мувофиқ, якка тартибдаги уй-жой қурилишидан ташқари, барча бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуришда, иссиқ сув таъминоти учун сертификатланган қуёш сув иситгич қурилмалари, шунингдек, энергия тежамкор лампалар мажбурий тартибда ўрнатилади.

Шу билан бир қаторда, 2022 йил 1 январдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотларини иссиқ сув таъминотидан узиб қўйиш назарда тутилмоқда. Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида улар иссиқ сув таъминоти учун сертификатланган қуёш сув иситгич қурилмаларидан, шунингдек, ички ёритиш учун мамлакатимизда ишлаб чиқарилган энергия тежамкор лампалардан фойдаланиши шарт бўлади.

Тегишли вазирликлар ва идораларга энергия тежамкор лампалар ишлаб чиқарилишининг маҳаллийлаштирилишини кенгайтириш ҳамда уларни турар ва нотурар жойларда босқичма-босқич жорий этиш бўйича комплекс дастур лойиҳалари тайрлаш вазифалари топширилди.

Вилоятимиз бўйича 6 та биогаз қурилмалари мавжуд. Агар уларнинг сонини янада кўрайтирсак, ҳозир 6,5 миллион куб метр газ олаётган бўлсак, уни тежашга эришамиз. Тежалган табиий газни эса кўп қаватли уйларга, аҳоли хонадонларига етказишга эришамиз.

Ҳар бир тегишли идора, корхона ва ташкилотлар қарорда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминласак, келажак авлод учун ҳам электр энергиясини етказиб берган бўламиз.

Президенимизнинг мазкур қарори мамлакатимизда замонавий энергия самарадор ва энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш бўйича фаолиятни жадаллаштиришга хизмат қилиши, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланилишини таъминлаши билан аҳамиятлидир.  

You must be logged in to post a comment Login