ХОРИЖИЙ ИНВЕСТОРЛАРДАН КАПИТАЛ ЖАЛБ ҚИЛИШНИНГ ЯНГИ ЙЎНАЛИШИ

mtm

Жорий йилнинг 17 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармонда давлат мулки объектларини сотишда халқаро амалиётда кенг фойдаланилаётган шакллари, фонд биржасида ахолига ва тадбиркорлик фаолияти субъектларига акцияларни бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) ошкора таклиф этишни жорий этиш белгилаб қўйилди.

IPO (инглиз тилидан олинган — Initial Public Offering) – акциядорлик жамиятининг акцияларини бирламчи ошкора таклиф этиш деган маънони билдиради. Яъни, у акцияларни чекланмаган шахслар орасидаги дастлабки сотуви, дастлабки таклиф қилиниши ҳисобланади. IPO ни ўтказишдан асосий мақсад корхонага кенг доирадаги инвесторлардан капитал жалб қилишдир.

Агар биз IPO ни ўтказиш бўйича жаҳон амалиётига назар ташласак, бундай операциялар ҳажми бўйича бугунги кунда АҚШ ва Хитой давлатлари етакчилик қилаётганини кўришимиз мумкин. Масалан, Alibaba Group нинг 2014 йилда IPO ҳажми  25 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Alibaba Group Хитой онлайн тижорат соҳасида фаолият олиб борувчи компания бўлиб, унинг асосий фаолиятлардан бири  компаниялар ўртасида савдо операциялари ва онлайн тизимидаги чакана савдоларни ташкил қилишдир.

Тўловларни амалга ошириш бўйича хизмат кўрсатувчи Америка трансмиллий компанияси –Visa Incнинг 2008 йилда IPO ҳажми 19.7 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.  

SPO (инглиз тилидан олинган -Secondary Public Offering) га келсак, бу мавжуд акциядорларга тегишли акцияларнинг иккиламчи оммавий тарзда жойлаштирилиши саналади. Бунда корхонанинг акциядорларига тегишли бўлган акциялар оммавий равишда таклиф этилади.

IPO дан фарқли ўлароқ, SPO корхона устав капиталига таъсир қилмайди. Бунда илгари жойлаштирилган акциялар кенг инвесторлар доирасида ошкора таклиф этилади. Бироқ бунинг корхонага фойдаси – акцияларнинг жозибадорлиги, оммавийлиги ва ликвидлигини ошишини таъминлаб, инвесторлар доирасини кенгайтиради. Келгусида  IPO ни муваффаққиятли амалга оширишга замин яратади. SPO амалиётидан АҚШ нинг юқори технологияли компанияларнинг деярли барчаси ўтган. Масалан, шулардан бири Microsoft компанияси бўлиб, компания асосчилари бир неча марта ўзларининг акцияларини  сотишган.

Жаҳон тажрибаларидан келиб чиқиб, IPО ва SPO шаклларини мамлакатимизда ҳам қўллаш йўлга қўйилмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг “Фонд биржасида акцияларни оммавий таклифини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида” ги қарори қабул  қилиниб, унда вилоятимиздаги “Кварц” АЖ ҳамда “Қўқон механика заводи” АЖ, шунингдек, “Шаҳрисабз вино-ароқ” АЖнинг акцияларини фонд биржасида оммавий сотишни ташкил этиш белгиланди. Қарорда “Кварц” АЖ акцияларини бирламчи (IPO), “Қўқон механика заводи” АЖ ва “Шаҳрисабз вино-ароқ” АЖ акцияларини иккиламчи (SPO) оммавий таклиф этиш кўзда тутилган. Унда оммавий  савдоларга инвесторларнинг кенг қатламини жалб қилиш мақсадида хар бир инвестор (андеррайтердан ташқари) сотувга таклиф қилинаётган акциялар умумий ҳажмининг 0,05 фоиз миқдоридан ортиқ бўлмаган миқдорда акцияларни харид қилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунга келиб “Кварц” АЖ нинг қўшимча акциялар чиқарилуви давлат рўйхатидан ўтказилди. “Қўқон механика заводи” АЖ акцияларини иккиламчи (SPO) оммавий таклиф этиш кўзда тутилган бўлиб, бунинг учун жамиятнинг акциядори  “Узнефтегазмаш” АК тегишли акциялар сотилиши режалаштирилган.

Ҳозирда акцияларни оммавий савдосини ташкил этиш бўйича сўнгги босқич тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Ўйлаймизки, акцияларни  оммавий таклиф этишда IPО ва SPO шаклини мамлакатимизда қўлланилиши акциядорлик жамиятларига капитал жалб қилиш, инвесторларга эса акциядор сифатида ўзини кўрсатиб, корхонани бошқаришда иштирок этиш ва даромад олиш имконини беради.   

You must be logged in to post a comment Login