МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТИЗИМИ УЗЛУКСИЗ ТАЪЛИМНИНГ БИРЛАМЧИ БЎҒИНИДИР

mtm

Республикамизда мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, болалар боғчалари фаолиятини замонавий талаблар даражасида ривожлантиришнинг қонуний асослари яратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги  қарори қабул қилинди. Бир сўз билан айтганда, таълимнинг бирламчи бўғини катта ўзгариш ва ислоҳотлар олдида турибди.

Фарғона вилоятида ушбу тизимда амалга оширилиши белгиланаётган муҳим ишлар хусусида вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Юлдуз Ходжаева ўз фикрларини билдирди. билан суҳбатлашдик.

– Дарҳақиқат, республикамизда Мактабгача таълим вазирлигининг тузилиши бугунгача дунё тарихида кузатилмаган воқелик бўлди. Мана шу қадамнинг ўзи бизнинг келажак авлод билан боғлиқ орзуларимиз, эзгу мақсадларимизни амалга оширишга тамал тоши қўйилганлигини кўрсатади. Тўғри, ўтган йилларда мамлакатимизда бу соҳада қатор ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди. Аммо ўтказилган таҳлиллар мактабгача таълим муассасалари фаолиятининг самараси етарли даражада эмаслигини кўрсатди. Масалан, мамлакатимизда сўнгги 20 йил давомида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари 45 фоиздан зиёдроқ камайган. Болаларнинг мазкур даргоҳларда қамраб олиниши бугунги кунга келиб атиги 30 фоизни ташкил этмоқда. 

Янги тузилган Мактабгача таълим вазирлиги олдига шу соҳа бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, мактабгача таълим муассасалари давлат ҳамда нодавлат тармоғини кенгайтириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олишни ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш вазифалари қўйилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 19 октябрь куни мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда “Қайси соҳани олмайлик, биз замонавий етук кадрларни тарбияламасдан туриб бирон-бир ўзгаришга, фаровон ҳаётга эриша олмаймиз. Бундай кадрларни, миллатнинг соғлом генофондини тайёрлаш, аввало, мактабгача таълим тизимидан бошланади”, деб таъкидлагани бежиз эмас.

Бугунги кунда мамлакатимизда мавжуд 4 минг 893 та давлат мактабгача таълим муассасасида 706 мингдан зиёд бола қамраб олинган. Ушбу соҳада ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган 57 мингдан ортиқ мутахассислар меҳнат қилаётган бўлса, шундан 85 фоизини ўрта маълумотли кадрлар ташкил этади. Бу болаларни мактаб таълимига талаб даражасида тайёрлаш имконини бермайди. Хусусан, вилоятимиздаги 658 та давлат тасарруфидаги ва нодавлат мактабгача таълим муассаларида фаолият кўрсатаётган кадрлар бўйича ҳам таҳлиллар  кўриб чиқилмоқда. Юқори малакали педагог кадрлар ҳамда тарбиячиларни таълим-тарбия жараёнига жалб қилиш, соҳада ишлаётган раҳбарларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш орқали соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш асосий мақсад этиб белгиланган.

Мактабгача таълим вазирлиги томонидан муассасаларга тайёр ва яримтайёр озиқ-овқатларни етказиш тизими қайта кўриб чиқилмоқда. Бу жараёнда узлуксизликни, белгиланган стандарт ва сифатни таъминлашга катта эътибор қаратилади. Шу боис соҳага тадбиркорлар ҳам жалб қилинади. Мутахассислар озиқ-овқатларнинг фойдали элементларга бойлиги, шифокорлар эса болаларнинг ўсиш суръатларини кузатиб боради. 

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Президентимиз қарори асосида соҳада давлат-хусусий шериклик механизмлари илк бор жорий этилиб, бунда хусусий секторлар солиқ, бож тўловларида, узоқ муддатли ва мақбул шартларда кредитлар олиш каби қатор имтиёзларга эга бўлади. Бундай саъй-ҳаракатлар туфайли мактабгача таълим муассасаларида ҳаммабоп нархлар таъминланади.

Ҳозирда вилоятимизда 16 та нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолият кўрсатади. Уларнинг ҳам белгиланган талабларга тўла жавоб берадиган тарзда фаолият кўрсатиши вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан назорат қилинади, тегишли меъёрлар бузилган ҳолатларда қонуний чоралар кўрилади. Қолаверса, хусусий болалар боғчаларидаги алоҳида қулайликлар, намунали жиҳатлар ўзлаштирилиб, ўзаро тажриба алмашилади.

Яқинда республика расмий нашрларидан бири Бухоро вилоятидаги онлайн кузатув видеокамера мосламаси ўрнатилган 2 та мактабгача таълим муассасаси ҳақида ёзди. Яъни, бунда ота-оналар кузатув камераси орқали фарзандларининг боғчада нима билан машғул эканлигини интернет тармоғи ёрдамида кўриб туриш имконига эга бўлишади. Вилоятимизда давлат ва нодавлат таълим муассасаларини ушбу тизимга босқичма-босқич мослаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқаяпмиз. Ҳомийлик қилишни хоҳлаган тадбиркорлар ва кўнгилли ота-оналарнинг ҳам ёрдамига суянамиз. Бу орқали тарбиячиларнинг бола тарбияси ва таълимига нисбатан масъулиятини, ота-оналарнинг ишончини ошириш имконига эга бўламиз.

Болалар боғчаларида ота-оналарнинг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олиб, 3-4 соатлик кичик гуруҳлар ташкил этилади. Муассасаларда давлат тили билан бир қаторда рус тили ва инлиз тилларини ўргатиш самарадорлиги оширилади. Бундан ташқари, тарбиячи ва болалар учун янги ўқув-методик ҳамда дидактик адабиётлар нашр этилади. Мактабгача таълим муассасаларига малакали шифокорлар, дори-дармон ва тиббиёт буюмлари, санитария-гигиена воситалари ажратилади. Таълим муассасалари босқичма-босқич замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва зарур техника воситалари билан таъминланади. Шунингдек, ота-оналарнинг муассаса фаолиятидан қай даражада қониқаётгани, уларнинг талаб ва истакларини аниқлаштириш учун анонимик тарзда сўровномалар олинади.

Мухтасар айтганда, мактабгача таълим муассасаси чинакам тарбия маскани, фарзандларимиз келажаги учун ҳар томонлама мақбул ва ишончли даргоҳларга айланади. Президентимиз томонидан болаларни мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиш, уларни интеллектуал ва жисмоний жиҳатдан ривожланган этиб тарбиялаш бўйича яратиб берилган замонавий тизим орқали бунга, албатта, эришамиз. 

You must be logged in to post a comment Login