СУДЬЯЛИК ЛАВОЗИМИГА НОМЗОДЛАР ЗАХИРАСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ ЎЗГАРДИМИ?

1

2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари” бўйича кўзда тутилган ислоҳотларни амалга татбиқ этиш юзасидан қисқа муддат ичида Ўзбекистан Республикаси Конституциясига ўзгартишлар киритилди, ҳукуматимиз томонидан тегишли Қонун, Фармон ва Қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши қайд этилган вазифаларни амалга оширишдаги муҳим қадам бўлиб, мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар киритилиб, суд-ҳуқуқ тизимида мутлақо янги институт – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий Кенгаши ташкил этилди, унинг конституциявий мақоми аниқ белгилаб қўйилди ва судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, судьялик лавозимларига номзодлар захирасини шакллантириш Кенгашнинг асосий вазифа ҳамда ваколатларидан бири этиб белгиланди.

Суд-ҳуқуқ тизими ривожини, табиийки, юқори малакали юридик кадрларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу маънода, “Судлар тўғрисида”ги Қонун судьянинг ваколат муддати ва уни ҳисоблаш тартиби ҳамда суд раисларининг ваколат муддатларини белгиловчи янги нормалар билан мустаҳкамлангани ҳаётий заруратдир. Эндиликда судья лавозимига биринчи марта беш йиллик муддатга, навбатдаги ўн йиллик муддатга ва судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига тайинланиш ёки сайланиш амалиёти жорий этилди.

Судья ўз ваколати муддати давомида – бошқа судьялик лавозимига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий Кенгаши томонидан, Қорақалпоғистон Республикасида эса Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий Кенгашининг тақдимномасига биноан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан қайта тайинланиши мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 июнда судьялар корпуси билан тарихий учрашуви ўтказилди. Мазкур учрашувда муҳтарам Президентимиз судьялик лавозимларига номзодлар захирасини шакллантириш, судьяларни касбга тайёрлаш, малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш, номзодлар захираси юқори билим ва салоҳиятга, етарли тажриба ва кўникмага эга юридик кадрлар, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида намунали фаолият юритаётган ходимлар ҳисобидан шакллантирилишига алоҳида эътибор қаратиш жоизлигини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг
61-моддасига мувофиқ ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судининг, туман (шаҳар) маъмурий судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкин.

“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига кўра судьялик лавозимига номзодлар захирасига судьялик лавозимлари учун зарур билимга эга бўлган, етарли ҳаётий тажрибага ва бенуқсон обрў-эътиборга эга юқори малакали юристлар орасидан ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик ихтисос бўйича камида беш йиллик иш стажига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари киритилиши мумкин.

Мазкур Қонуннинг 23-моддасига асосан номзодлар захирасига одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлари мавжуд шахслар киритилмайди.

Шу ўринда таъкидлаш керак, захирага киритилишни истаган шахс (номзод) Кенгаш раиси номига ариза, сўровнома ва таржимаи ҳол, Кенгаш томонидан белгиланган намунадаги шахсий варақа (объективка) ва яқин қариндошлари (номзод ва унинг турмуш ўртоғининг ота-онаси, ака-укаси ва опа-сингиллари, шунингдек номзоднинг фарзандлари) тўғрисидаги маълумотнома, шу жумладан электрон шаклда 3,5х4,5 ўлчамдаги оқ фонли фотосурат (4 дона), нотариал тартибда тасдиқланган олий юридик маълумот тўғрисидаги диплом ва унинг иловаси нусхалари, меҳнат дафтарчасининг нусхаси, паспорт нусхаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклдаги одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлари ва жисмоний нуқсонлар йўқлиги ҳақидаги ҳужжат, охирги уч йил давомида бажарган ишлари тўғрисида иш жойидан маълумот-тавсифнома, иш жойидан тавсиянома, катта ҳаётий тажрибага ва иш стажига эга бўлган камида тўрт нафар ҳуқуқшунослардан фикрномалар тақдим этиши зарур.

Судьялик лавозими захирасига ҳужжат топшириш истагини билдирган фуқаролар бевосита Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига ёки жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судлари судьялари малака ҳайъатига мурожаат қилишлари мумкин.

 

 

You must be logged in to post a comment Login