КОНСТИТУЦИЯ – МУСТАҚИЛ МАМЛАКАТНИНГ КЎЗГУСИ

kons

Мустақил мамлакатнинг кўзгуси унинг Конституциясидир. Зеро, бу китобда халқнинг орзу-умидлари, интилишлари акс этади. Фахрланишга арзийдики, мамлакатимиз ҳам дунёнинг кўплаб мамлакатларига тажриба сифатида ўрнак бўлаётган муқаддас китобига – ўз Конституциясига эгадир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда алоҳида таъкидлаганидек, “Мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда”.

Асосий Қонунимизнинг II боби “Халқ ҳокимиятчилиги” деб номланиши бежиз эмас. Унда халқ ҳокимиятчилигини рўёбга чиқариш бўйича муҳим қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган. Халқ ҳокимиятчилиги хусусида сўз бораркан, “халқ” атамаси кимларни қамраб олиши ҳақидаги савол юзага келиши табиий. Асосий Қонунимизнинг 8-моддасида Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил қилиши белгиланган. Бу қоида мамлакатимиз фуқаролари бўлган барча миллат ҳамда элатлар вакилларининг Конституция ва қонунлар олдида тенглигини, бир хил фуқаролик мақомига эгалигини кўрсатади. Таъкидлаш керакки, ушбу қоида Конституциямизнинг устувор хусусиятларидан бўлиб, аксарият мамлакатлар асосий ҳужжатларида бундай қоидалар мавжуд эмас.

Халқ ҳокимиятчилиги принципи билан бевосита боғлиқ бўлган устувор қоидалар ҳам бўлиб, улар давлат ҳокимияти тизимида ўзаро тийиб туриш ҳамда мувозанат сақлаш, ижтимоий-сиёсий хилмахилликни таъминлаш, муҳими, инсон манфаатларининг давлат манфаатларидан устуворлигини кафолатлашга хизмат қилади. Чунончи, Конституциянинг 11-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади. Унинг 12-моддасида Ўзбекистонда ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ҳамда фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланиши, ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмаслиги баён қилинган.

Умуман, Конституциямизда халқ ҳокимиятчилиги принципининг умумэътироф этилган барча қоидаси ифодаланган ва улар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда дастуриламал бўлмоқда.

Яқиндагина матбуотда эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида фидокорона хизматлари билан эл-юртда катта обрў-эътибор топган юртдошларимиз меҳнатига бериладиган муносиб рағбат десак арзийди. Фармонда қайд этилганидек, Конституциямизнинг ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, ёшларни қонунга ҳурмат, Ватанга чексиз садоқат руҳида камол топтиришдек эзгу ишларга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган барча соҳа вакиллари тақдирланадилар. Шу ўринда эсдалик нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахсларнинг ҳам тақдирланиши юртимизда бағрикенглик сиёсатининг яна бир ёрқин мисолидир.

“Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонлари ва уларнинг гувоҳномалари Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Президент номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери, Бош вазир ва республика вазирликлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек, ушбу тадбирга вакил этиб белгиланган бошқа шахслар томонидан тантанали равишда топширилиши ҳам Бош Қомусимизнинг жамиятимиздаги нуфузи нақадар юқорилиги кўрсатиб турибди.

Тараққиётимизнинг ҳуқуқий ҳимояси сифатида эътироф этилган Конституциямиз ҳар томонлама ривожланган эркин фуқаролик жамияти барпо этишнинг мукаммал дастуриламали ҳисобланади ва халқимиз у орқали дунё ҳамжамиятида ўзининг умуминсоний қадриятларига содиқ эканлигини намоён қилади.

You must be logged in to post a comment Login