ИМПОРТ ҲАЖМИНИ КАМАЙТИРИШ ҚАНЧАЛИК МУҲИМ?

biznes

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш ҳисобидан импорт ҳажми ва турларини мақбуллаштириш, шунингдек, экспорт прогноз кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилиши ва экспорт ҳажмини янада кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Кейинги йилларда тайёр маҳсулотлар турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича қабул қилинган дастурларни амалга ошириш доирасида қиймати 5,5 миллиард доллардан ортиқ 2,8 мингдан кўпроқ маҳаллийлаштириш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилган. Илгари хориждан олиб келинган 4,8 мингдан зиёд янги маҳсулотлар турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Натижада кейинги беш йилда импорт ҳажми 752 миллион долларга, жумладан, 2016 йилда 286 миллион долларга камайди. 

Тараққиётга эришишнинг  асосий йўналишларидан бири бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар негизида импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва бу орқали экспорт салоҳиятини юксалтиришдан иборат.

Ҳар қандай корхонанинг иқтисодий жиҳатдан  юксалишида, тараққий топишида  эса ишлаб чиқаришга юқори самарадорликка эга технологияларни жалб этиш орқали маҳсулот сифати ва чидамлилигини  ошириш баробарида таннархини камайтиришга эришиш муҳим ахамиятга эга.

Саноатлашган  ҳудуд саналган Фарғонада бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқдаки, буни биргина “Кварц” акциядорлик жамияти мисолида кўриш мумкин.

Жорий йилнинг октярбь ойидан корхонанинг 2-ишлаб чиқариш цехини юз фоиз модернизация қилиш ишлари бошлаб юборилди. Маънан эскирган технологиялар энг замонавий, қуввати юқори энергия тежамкор Италия  ускуналарига алмаштирилмоқда.

 Жаҳон банкининг кредит линияси ҳамда ички имкониятдан келиб чиққан ҳолда келтирилган иккита замонавий шиша идишлар ишлаб чиқариш дастгоҳларини ўрнатиш  ишларини Италия компанияси вакиллари корхона мутахассислари  билан биргаликда олиб бормоқдалар.

– Италиядан келтириб ўрнатилаётган янги дастгоҳнинг афзалликлари жуда катта, – дейди – “Кварц” АЖ бош технологи Саиджон Ғаниев – Авваллари бир дона шиша идиш ишлаб чиқариш учун 220 грамм хом ашё талаб этилган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 170 граммгача камайтирилади. Ҳар бир шиша идишни ишлаб чиқаришдан ўрта ҳисобда 50 граммдан хом ашёнинг тежалиши эса маҳсулот таннархининг камайишига олиб келади.

Ушбу дастгоҳнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, авваллари корхонада энг кичик ҳажмдаги ишлаб чиқарилаётган шиша идишлар 400 грамни ташкил этарди. Ушбу  дастгоҳ ишга туширилгач, жаҳон бозорларида харидоргир бўлган 100 грамм ҳажмдаги шиша идишларни ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

– Компаниямизнинг замонавий дастгоҳларини ўрнатишда ўзбек мутахассислари бизга кўмакдош бўлмоқдалар, – дейди Италия компанияси вакили Tомсон Лай. – Қувасой шаҳридаги “Кварц” акциядорлик жамиятига ўрнатилаётган ушбу дастгоҳ жаҳоннинг саноқли давлатларидагина бор. Компаниямиз келажакда ўзбекистонликлар билан алоқаларни янада  кенгайтиришдан манфаатдор.

Техник талабларга кўра, ҳар беш йилда корхонанинг пишитиш қозонхоналарини янгилаш кўзда тутилган. Шу боис модернизация жараёнларида ишлаб чиқариш цехидаги маънан эскирган қозонхона ҳам тўлиқ янгиланяпти. Эски қозонхона ўрнида бир кеча кундузда 135 тонна шиша  қуритиш қувватига эга бўлган янги қозонхона барпо этилмоқда. Қурилиш ишларида  ўтга чиқдамли қуввати юқори бўлган хом ашёдан фойдаланилмоқда.

Модернизация жараёнларида,  шунингдек, шиша идишларни  электрон тарзда элтувчи ва сараловчи линиялар, бутловчи ва қадақловчи ускуналар ҳам янгитдан ўрнатилади. Ушбу лойиҳалар тўлиқ амалга оширилгач, корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати бир неча баробарга ошади ва маҳсулот сифати яхшиланади. Бу эса ўз ўрнида корхонада тайёрланаётган  маҳсулотларнинг четга экспорт қилиш салмоғини янада орттиради.

You must be logged in to post a comment Login