90 ФОИЗ ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАРГА УМИД БИЛАН ҚАРАМОҚДА

1

Яқинда «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан «Жамоатчилик фикри кўзгусида суд-ҳуқуқ тизими ислоҳоти» мавзусида ижтимоий сўров ўтказилди.

Сўров натижаларига кўра, Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти, яъни 89,6 фоизи Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқаролар ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқий ва демократик давлат барпо этишнинг асосий кафолати сифатида қонун устуворлиги тамойили мустаҳкамланишига катта ишонч билан қарайди.

Ҳа, бугун одил судловни амалга ошириш борасида жуда катта ўзгаришларга қадам қўйилди. Мазкур масалалар бўйича Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13  июнь куни суд органлари тизими ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда тизимдаги муаммо ва камчиликларни таҳлил этиб, судяларнинг вазифаларини тубдан янгилаш зарурлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, бугунги кунда адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. 

Айнан шу мақсадда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Харакатлар стратегиясининг қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга қаратилган иккинчи йўналишида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноий, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш вазифаси белгиланди.

Президентимиз томонидан 2017 йил 6 апрелда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонунига биноан суд тизимини такомиллаштириш ва унинг фаолияти самарадорлигини ошириш, судьялар корпусини янада мустаҳкамлаш ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 111-моддаларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларига мувофиқ Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, фаровонлигига хизмат қилиши билан бир қаторда тизимда мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозирда янги ташкил этилган барча судлар учун бинолар танланиб, уларни жиҳозлаш, фаолият олиб бориши учун шароит яратилди, барча тизимдаги судлар учун замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилаяпти. Бу янгиланишлар фуқароларнинг қонуний манфаатлари ишончли равишда суд томонидан ҳимоя қилиниши, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини ошириш, судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

 

 

You must be logged in to post a comment Login