САВДО-САНОАТ ПАЛАТАСИ ФАОЛИЯТИДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР РЎЙ БЕРДИ?

иктисодий зона

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5087-сонли Фармони талаблари ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Савдо – саноат палатаси тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ҳаётбахш ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида эътироф этиш ўринли.

Қонунни янги таҳрирда қабул қилишдан мақсад интеграциялашган бизнес муҳитини шакллантириш ҳамда тадбиркорлик субъекталарини давлат органлари билан ўзаро муносабатларни самарали ташкил этишга кўмаклашиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини ишбилармонлик муҳити ҳолатини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишга кенг жалб қилишдан иборат.  

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони талаблари ҳамда хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганган ҳолда ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, асосий эътибор палатанинг вазифа ва фунцияларни бажаришига тўсқинлик қилувчи айрим муаммоларни ҳал этишга қаратилган.

Лойиҳада Палата фаолиятининг ҳар бир соҳаси учун алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, вазифаларнинг моҳияти батафсил баён қилинади. Жумладан, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари муҳофазасининг кафолатларини кучайтириш, жадал ривожланишига ҳар томонлама кўмак бериш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг устуворлик роли ва дахлсизлигини таъминлаш, республикамиз туманлари ва шаҳарларида аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш Палатанинг асосий вазифаларидан бири эътибор белгиланмоқда.

Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолияти соҳаси қонунчилигини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларини ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, бу соҳада қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга жорий этилиши устидан жамоат экспертизасини ташкил этиш ва жамоат назоратини кучайтиришга кенг жалб қилиш, тадбиркорлик субъектларига бизнесни ташкил этиш, юритиш ва янада ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатиш, давлат органлари ва бозор инфратузилмаси субъектлари хизматларидан фойдаланиш бўйича имкониятлар ва шароитлар яратиш, маслаҳат ёрдами ва ахборот таъминотини тақдим этиш ҳам Палатнинг устувор вазифалари сирасига кириши лойиҳада алоҳида кўзда тутилмоқда.

Лойиҳада кўзда тутилаётган муҳим янгиликлардан бири ҳукумат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, назорат органлари, маҳалий давлат ҳокимияти органлари, ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида тадбиркорликнинг энг муҳим масалаларини муҳокама қилиш учун Эксперт кенгашларини ташкил этиш назарда тутилаётганидир. Эксперт кенгашларида юқори санаб ўтилган органлар ва ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, ўз ваколати доирасидаги масалалар бўйича зарур тушунтиришлар берадилар.

Шу билан бирга, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича хулоса бериш ҳуқуқининг ҳамда ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалиётда бажарилиши устидан назорат ва мониторингини амалга ошириш фукциясини Палатага бериш ҳам кўзда тутилмоқда.

Энг эътиборлиси, Қонун лойиҳасига кўра Палатага тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонунчиликнинг, биринчи навбатда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини, уларнинг фаолиятини мустақил баҳолаб Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш вазифаси юкланишидир.

 Шу сабабли, Палатанинг кўрсатиб ўтилган функциялари алоҳида моддада  белгилаб ўтилган.  Унга кўра Палата вакили барча босқичлардаги конкурс ва тендер (аукцион) савдолари ўтказиш бўйича комиссия аъзоси сифатида иштирок этади. Бу функция айнан амалиётда тендер комиссиялари ва аукцион савдолари ўтказилганда ҳуқуқи бузилган тадбиркорлик субъектлари   таклифига кўра киритилган.

Замонавий бозор иқтисодиётининг талаблари тадбиркорлар ўртасида мулкий тусга эга бўлган низоларни келтириб чиқаради. Замонавий бозор иқтисодиёти шароитида ҳакамлик судларида ишларни кўриб чиқиш тадбиркорлик субъектлари манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали ва муҳим шакли ҳисобланади. Ривожланган давлатларда тадбиркорлар фуқаролик-ҳуқуқий низоларни айнан давлат суд тизимига кирмайдиган тижорат арбитражларида ҳал қилишни афзал кўришади.

Анъанавий давлат судларида ишларни кўриб чиқиш суд жараёнларининг узоқ давом этиши билан характерланади. Апелляция ва кассация инстанцияларида қарорлар устидан шикоят қилиш имконияти билан ишларни қонуний кучга кириш вақтигача кўриб чиқишнинг ўртача даври олти ой ва ундан кўпроққа чўзилади. Ҳакамлик суди қарори, қоидага кўра, келишилганидек 10 кун муддатда кучга киради.

Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида амалда бўлган ҳакамлик судларида ишларни кўришда тарафларнинг ҳуқуқлари кафолатларини ҳисобга олиб Палатага ҳакамлик ва арбитраж судларини ташкил этиш функция берилмоқда. Бу эса  низоларни тартибга солишнинг ушбу институтини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Қолаверса, ушбу функция Палатанинг тадбиркорларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги асосий вазифасига мос келади.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши  Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб, мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасини янада тараққий этишига хизмат қилади.

You must be logged in to post a comment Login