ШАРОФ РАШИДОВ САДОҚАТ ТИМСОЛИ

шароф рашидов

Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёевнинг жонажон диёримиз равнақига бетимсол ҳисса қўшган Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлашга доир ташаббуси халқимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. 

Президентнинг жорий йил 27 мартдаги «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорида Жиззах шаҳрида унинг хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуасини барпо этиш ва ҳайкалини ўрнатиш белгиланган эди. Қисқа вақтда шаҳар марказида мазкур мажмуа ва ҳайкал бунёд этилди. 

Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги доирасида ушбу ҳайкалнинг очилиш маросимида қатнашган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шундай деди: “Шароф Рашидов ўзининг ноёб ақл-заковати, бой билим ва тажрибаси, меҳнатсеварлиги ва камтарлиги, юксак инсоний фазилатлари билан нафақат Ўзбекистонда, балки узоқ-яқин ўлкаларда ҳам катта обрў-эътибор қозонган эди. 

Бу улуғ инсон, собиқ мустабид тузум даврида турли тазйиқ ва синовларга бардош бериб, халқимиз ва миллатимизга садоқат билан, ҳалол ва фидокорона хизмат қилди”. 

Ш.Рашидов Ўзбекистоннинг ривожи, халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилган инсон сифатида юртдошларимиз меҳрини қозонган. Унинг ижтимоий-иқтисодий соҳалар, таълим-тарбия, маърифат жабҳалари, айниқса, 1966 йил Тошкент зилзиласи оқибатларини бартараф этишдаги эзгу саъй-ҳаракатларини катта авлод вакиллари ҳурмат ва эҳтиром билан ёдга олади. Айни пайтда Шароф Рашидов ижодкор сифатида самарали фаолият кўрсатгани билан ҳам қадрлидир. Адиб асарларининг қаҳрамонлари ҳалол, фидойи, меҳнатсевар, камтаринлиги билан ўқувчида алоҳида таассурот қолдиради. 

Атоқли давлат ва жамоат арбоби, серқирра ижодкор Шароф Рашидов асарларининг  адабиётимиз ривожидаги ўрни каттадир.

У бадиий ижоднинг  икки қаноти – назм ва насрда асарлар яратди. Дастлаб унинг “Санъаткор қизга”, “Санъатинг кулсин”, “Қувончли диллар”, “Эрким”, “Фонтан ёнида”, “Навоийга”, “Ишқ қўйдим” каби шеърлари 1937-1938 йилларда эълон қилинди. II жаҳон уруши йилларида яратилган қатор шеърларида эса  ватанпарварлик, ёрга муҳаббат, душманга нафрат ғоялари равон сатрларда ўзига хос ифодасини топганлигини кўрамиз.

Ўзбек халқ оғзаки ижодига хос фикрнинг ўйноқи, сиқиқ, таъсирчан, образли ифодалаш услуби унинг “Ғунча” (1942) шеърида

Менга, гўзал, юбординг,
Оқ шоҳидан рўмолча,
Рўмолчага солинган
Кўп чиройли бир ғунча.
– Ғунча, — дебсан, — иккимиз
Меҳр қўйган чин ҳаёт.
Ғунчани узмоқ истар,
Ажал олиб келган ёт.
Ғунчани қил ҳимоя,
Жоним, сендан сўроғим.
Мен – бир чаман, сен – боғбон,
Асра, уни чироғим, тарзда куйласа, фронтда ҳалок бўлган дўстига бағишланган “Қасос ол!” (1943) шеъридаги
Қайғурма дил, унга офарин,
Ўлимларни ўлдириб ўлди.
Ўлим дами мард туриб жангда.
Ғалабани келтириб ўлди

сатрларида “ўлим” сўзининг турли маъно товланишларидан самарали фойдаланиб фикрнинг таъсирчан ифодасини юзага келтирган. Қўшиқ бўлиб минглаб хонадонларга кириб борган қуйидаги мисралар эса уруш йилларида ўз яқинларини фронтга жўнатиб, айрилиқ азобини тортаётган кишиларнинг дилларига дармон бўлган:

Ёр келур, ёзим келур,
Юракда орзум келур,
Худди тўлқиндай тошиб,
Дарёйи – азим келур.

Ш.Рашидов ўзбек прозасига “Ғолиблар” (1951), “Дил амри” (1983) қиссалари, “Бўрондан кучли” (1958) романи билан ҳисса қўшди. Унинг “Кашмир қўшиғи” (1956) қиссаси ҳинд халқининг қадимий севги достони таъсирида, унинг сюжети асосида яратилгандир. “Икки дил достони” киносценарийсида ҳам зулм ва зўравонлик, мустамлакачилик ва адолатсизликнинг охир-оқибат таназзулга юз тутиши ишонарли тарзда тасвирланган.

“Кашмир қўшиғи” қиссаси ҳаёт, севги, эрк, гўзаллик, вафо, яшариш, адолатнинг рамзи бўлган Наргиз, Бамбур ва уларнинг дўстлари билан зулмат, таназзул, зўравонликнинг рамзи бўлган қора кучлар Бўрон ва Хоруд ўртасидаги кескин кураш тасвирига бағишланган. Муаллиф Наргиз образини бутун маҳоратини ишга солиб, муҳаббат билан тасвирлайди.

Бамбур ва Наргиз муҳаббати “Улар бир-бирларидан кўз узолмай қолган эдилар. Бу ҳол бир соат давом этганмиди, икки соатми, балким, минг йилми – номаълум. Ким кимнидир сеҳрлаб қўйган эди: ё Бамбур Наргизни, ё Наргиз Бамбурни. Гуллар боғидаги майсалар, хандон чечаклардан кўрк олган Наргиз кўзларининг ташқарисида фақат Бамбур қолган эди. Чаман гулбоғ ҳам, самовий тоғлар ҳам, бутун олам ҳам Бамбур кўзларидан ниҳон бўлгану, танҳо Наргиз қолган эди” тарзида тасвирланади.

Қисса хотимасида ёзувчи асарнинг ёзилиш тарихи ҳақида: “Биз тушган кема Жилам дарёси ўртасидан сузиб борар экан, аввал кема саҳнидаги ҳамроҳлардан, кейинроқ сермулозамат мезбонлардан навбаҳорнинг тўнғич гули Наргиз билан асаларилар шоҳи Бамбур ҳақидаги шу ажойиб қўшиқни эшитдик. У бизни ўзининг чуқур мантиқи, лўнда фалсафаси билан қизиқтириб қўйди… Турмуш мактабида чиниқмаган ҳали ғўр ёшлар учун у атиги баҳор ва севги қўшиғи эди, холос. Ҳаётий тажриба кўлами кенг фозил кишилар учун у табиатга тарқалган ақидалар инъикоси, айни чоғда шу кунги воқелик – мавсумлар алмашиниши, туғилиши ва ўсиш жараёни, эзгу ва ёвуз кучлар кураши кабиларнинг нафис мусиқий ифодаси эди. Учинчи тоифа кишилар эса ўйланиб, Бўрон билан Хоруд мустамлакачилик асорати, босқинчи унсурлар рамзи сифатида жуда қўл келишини таъкидладилар. Биз бу талқинларнинг бирортасига қўшилиш ёки уларни умумлаштириш фикридан йироқмиз. Зеро булар топ-таслим қўшиқ соҳибларининг исм-ихтиёридаги гаплар деб биламиз. Аммо дарё бўйларида айтилаётган хушоҳанг қўшиқларни тинглаганимизда Кашмир ва Жамму халқларининг бой ўтмиш тарихини, уларнинг ўз ватанининг озодлиги ва мустақиллиги йўлида қаҳрамонона курашларини эсладик, азамат ўғлонлари ва моҳирўй қизлари сиймосида эса Бамбур ва Наргиз тимсолини кўрдик” дея эътироф этади.

Хуллас, урф-одатларимиз яқин, ўтмишимиз ўхшаш, маданиятимиз илдизлари муштарак бўлган ҳинд халқларининг узоқ замонлардан бери авлоддан авлодга ўтиб келган достони асосида яратилган мазкур қисса ўзбек халқининг озодлик учун курашган йигит-қизларини ёдга солувчи, авлодларни ватанпарварлик руҳида тарбияловчи ўлмас манба сифатида ҳам доимо қадрли бўлиб қолаверади.

 

 

You must be logged in to post a comment Login