ФАРҒОНАДА 9 ОЙДА 194 МЛН ДОЛЛАРЛИК МАҲСУЛОТ ЭКСПОРТ ҚИЛИНДИ

59

Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва сармоявий фаолиятни кенгайтириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Иқтисодиётни либераллаштириш жараёнида инвестициявий муҳитни яхшилаш ва унинг жозибадорлигини ошириш, мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий сармояларни фаол жалб этиш устувор аҳамият касб этмоқда. 

Истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлашни янада кенгайтириш каби долзарб вазифалар, жалб қилинган хорижий инвестиция ва кредитлардан самарали фойдаланиш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ изчиллик билан олиб борилаётир. 

Фарғона вилоятида саноат корхоналари барқарорлигини таъминлаш самараси  кўп жиҳатдан хорижий инвестициялар жалб қилинишига боғлиқ. Бунинг учун юртимизнинг барча ҳудудларидаги сингари Фарғонада ҳам  қулай инвестицион муҳит яратилган. 

Жумладан, 2017 йилнинг 9 ойи давомида вилоят бўйича 188 та хориж инвестицияси иштирокидаги корхона фаолият кўрсатаётган бўлса, улардан 33 таси ҳисобот даврида янгидан ташкил  топди.

Тармоқлар кесимида хорижий инвестициялар енгил саноат, қурилиш индустрияси, чарм-пойабзал, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишларига киритилган.

Россия Федерацияси  билан 38 та, қўшни Қирғизистон билан 8 та, Қозоғистон билан 4 та ҳамда Белорус ва Озарбайжон мамлакатлари ишбилармон доиралари вакиллари билан биттадан қўшма корхона ташкил қилинган.  Шаклланган қўшма корхоналарнинг учдан бир қисми эса бевосита қишлоқ ҳудудида фаолияти олиб бормоқда.  

Риштон туманидаги “Русузбектекс” қўшма корхонасида ҳар бир асбоб-ускуна, технологик жараёнларга киритилаётган конвейерлар халқаро андозаларга жавоб беради. Уларнинг ишлаб чиқариш жараёнига мунтазам киритиб борилиши  пировард натижа – маҳсулотнинг ташқи ва ички бозорда муносиб ўрин эгаллашига олиб келмоқда.

– Бундан 11 йил аввал Ўзбекистонга илк маротаба келганман, – дейди Россия Федерацияси инвестори Магомед Костоев. – Шундан бери бизнесни ташкил қилиш ёки инвестициялар киритиш учун мамлакатингизда бирон бир тўсиқ учрагани йўқ. Шундай экан, келажакда ҳам бу ишларни амалга оширмокчимиз. Бундан бир ҳафта аввал Таъсисчилар  йиғилишини ўтказдик ва қарор қилдикки, техникавий модернизациялаш учун Россия инвестицияларини “Газпромбанк” кредитлари кўринишида корхонамизга олиб кирмоқчимиз.  Бунинг учун ҳужжатлар тўплами молия муассасасига  тақдим этилган ҳамда 2018 йил давомида биз фабрикада техникавий қайта қуришни амалга оширамиз.

“Русузбектекс” қўшма корхонаси бундан 10 йил аввал фойдаланишга топширилган. Жорий йилнинг ўзида корхонанинг навбатдаги муҳим бўлаги техникавий тўлдирилиб, бунга 200 минг АҚШ долларидан зиёд маблағ сарфланди ҳамда ишлаб чиқариш кўламлари кенгайтирилди.

– Корхонамиз йилига 3500 тонна калава ип ишлаб чиқариш қувватига эга,  – дейди “Русузбектекс” корхонаси директор ўринбосари Анвархўжа Турсунхўжаев. – Германия ва Швейцария компаниялари билан шартномалар тузмоқдамиз. Янги дастгоҳлар келтириб, қўшимча 80 та иш ўрни яратамиз. 

Яратиб берилган қулай инвестицион муҳит вилоятимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва кўрсатилган хизматлар ҳажми динамикасига ҳам ижобий таъсирини кўрсатяпти. Хусусан, бундан беш йил аввал бу кўрсаткич йилига 870 млрд сўм ҳажмида бўлса, энди у қарийб икки карра ортаётир. Йилнинг учинчи чорагидаёқ 912 млрд сўм ҳажмида маҳсулот ишлаб чиқарилди ҳамда хизматлар кўрсатилди. 

Президентимиз ташаббуси билан экспортер корхоналарни қўллаб- кувватлаш, уларга қулайлик ва афзалликлар яратиш туфайли маҳсулот экспорти кўрсаткичлари ҳам ўсиб бормоқда. Вилоятдаги хориж инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан 2009 йилда 94 млн АҚШ доллари ҳажмида экспорт операциялари бажарилган бўлса, жорий йилнинг 9 ойи давомида қарийб 194 млн доллар ҳажмида  маҳсулот экспорт қилинди. 

You must be logged in to post a comment Login