Жанубий Кореянинг “Vision Carе Service” халқаро ташкилоти офтальмологлари Фарғонада

60

Фарғона вилояти офтальмология шифохонасида Корея Республикасининг “Vision Carе Servise” халқаро ташкилоти офтальмолог-шифокорлари аҳолини тиббий текширувдан ўтказмоқда. 

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятини юксалтириш каби эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан соҳага оид давлат дастурлари ижросини таъминлаш, бемор ва ногирон болаларни соғломлаштириш мақсадида хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Корея Республикасининг “Siloam Center for the Blind”, “Vision Carе Servise” халқаро фонди ва бошқа муассасалар билан ўрнатилган ҳамкорлик натижасида туғма юрак нуқсони, қўл-оёқ бўғимлари, тери куйиши асоратлари ва бошқа хасталиклар билан оғриган болаларни бепул соғломлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. 

2015-2017 йилларда Фарғона ва Бухоро шаҳарларида кўз соҳасида касаллиги бўлган 4 мингга яқин бемор чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 589 нафар беморда катаракта хасталигини бартараф қилиш ва кўз гавҳарини алмаштириш жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, соғломлаштиришга эришилди. 

Бу йилги акцияда ҳам Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан беморлар Жанубий кореялик малакали шифокорлар кўригидан ўтказилмоқда. Аниқланган касалликлар жарроҳлик амалиёти билан бартараф этилаётир.

– Ўзбекистонда инсон саломатлиги йўлида улкан ишлар амалга оширилаётганини ҳар қадамда кузатиш мумкин, – дейди Жанубий кореялик кўз шифокори Ле Жо Юн. – Барча тиббиёт муассасалари замонавий жиҳозланган, уларда малакали тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатмоқда. Мазкур тиббий кўрик ҳам аҳоли саломатлигига эътибор ифодасидир. Тиббий кўрик ва операцияларда ўзбекистонлик малакали офтальмолог-шифокорлар бизга яқиндан кўмак бермоқда. 

Жанубий кореялик малакали шифокорлар томонидан ўтказилаётган жарроҳлик амалиётлари вилоят шифокорларининг тажриба ва маҳоратини янада оширишга хизмат қилади. 

You must be logged in to post a comment Login