«НОЛЬ» ҚИЙМАТДА БЕРИЛГАН ИНШООТЛАРДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНИЛМОҚДА?

59Ўзбекистонда бўш турган ва қурилиши тугалланмаган иншоотлардан самарали фойдаланиш, улар негизида ишлаб чиқаришни ташкил этиш орқали кичик бизнесни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Иқтисодиётда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, модернизация ва диверсификация жараёнларини изчил давом эттириш ҳисобидан хусусий мулк ва хусусий тадбиркорларга кенг йўл очиб беришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 февралдаги «Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида бўш турган бино ва иншоотларни тадбиркорларга бериш орқали ундан самарали фойдаланиш бугунги куннинг асосий масаласига айланди. 

Мазкур ҳужжат асосида қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини аниқлаш бўйича аввал хусусийлаштирилган 2 минг 206 корхона ва объект хатловдан ўтказилган. Инвестиция лойиҳалари доирасида 2017-2018 йилларда уларга 193,6 миллиард сўм миқдорида инвестиция жалб этиш орқали 1 минг 902 янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида, кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши қарийб 70 фоизга етказилди.

Вилоят рақобат бошқармаси томонидан давлат мулклари мунтазам равишда хатловдан ўтказиб борилмоқда. Аниқланган бўш турган давлат объектларидан келгусида самарали фойдаланиш бўйича қарор лойиҳаларига таклифлар ишлаб чиқилиб, қарор тасдиқлангунга қадар мазкур объектларни тадбиркорлик субъектларига ижарага бериш ташкил этилган.  

Ўтган йили тадбиркорларга 1900 дан ортиқ бўш турган бинолар ижарага берилди ва 3 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди. Ушбу лойиҳаларнинг ўзгартирилиши иқтисодиётдаги давлат иштирокини янада қисқартириш, хусусий мулкнинг иқтисодиётдаги улушини ошишига, рақобат муҳитини янада ривожлантиришга ва пировард натижада янги иш ўринлари яратилишига кенг имкониятлар яратиши билан эътиборлидир.

You must be logged in to post a comment Login