МИРЗИЁЕВ НУТҚИ ХАЛҚАРО ЭКСПЕРТЛАР НИГОҲИДА

12Самарқандда ўтказилаётган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда нуфузли халқаро ташкилотлар, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлар ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, таниқли экспертлар иштирок этди. Унда иштирок этганлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро форумда сўзлаган нутқини катта қизиқиш билан кутиб олдилар. 

Мирослав Енча, БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси: 

– Бугун дунёдаги ҳеч бир давлат ўз муаммоларини ёлғиз ўзи ҳал эта олмайди. Хоҳ катта, хоҳ кичик мамлакат бўлсин, биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиши, минтақа манфаатларидан келиб чиқиб халқаро муносабатларга киришиши лозим. Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақада тинчлик ва осойишталик, барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлашда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш юзасидан илгари сурилган ташаббуслар эътиборга молик. 

Бугун ҳам Шавкат Мирзиёев бу борада муҳим ташаббусларни ўртага ташлади. Минтақа давлатларининг икки томонлама ва халқаро ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, транспорт-логистика тармоқларидаги алоқаларини янги босқичда давом эттириш юзасидан таклифлар билдирилди. Ўйлайманки, бу фикрлар Марказий Осиё давлатлари томонидан қўллаб-қувватланади ва бунга БМТ ҳам ўз муносабатини билдиради. Хусусан, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ҳудуддаги давлатларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари самарали амалга оширилишига ёрдам беради. 

Федерика Могерини, Европа иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти: 

– Шарқ ва Ғарбни бир-бири билан боғлашда Марказий Осиё минтақаси муҳим аҳамиятга эга. Мазкур минтақадаги давлатлар бугунги кунда Европа иттифоқи мамлакатлари билан барча соҳаларда ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шу билан бирга, бугунги шиддаткор замон ушбу алоқаларни янада ривожлантиришни тақозо этмоқда. Бу, аввало, Европа иттифоқи билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, минтақа давлатлари иқтисодиётини ривожлантириш, таълим, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашда намоён бўлади. Шунингдек, глобал масалалар – иқлим ўзгариши, ёшлар радикализми, терроризмга қарши кураш, хавфсизликни таъминлаш борасида Европа иттифоқи Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилишга, уларни қўллаб-қувватлашга доимо тайёр. 

Буюк ипак йўлининг чорраҳаси, Шарқ маданияти маркази деб эътироф этиладиган гўзал шаҳар – Самарқандда ташкил этилган мазкур халқаро конференция ҳам ушбу мақсадларга хизмат қилиши, энг муҳими, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаши билан тарихий аҳамият касб этади. 

Қайрат Абдраҳмонов, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири: 

– Қозоқ халқида шундай нақл бор – яхши қўшни оғайнидан афзал. Қозоғистон Республикаси Марказий Осиё давлатлари билан ана шундай тамойил асосида ҳамкорлик алоқаларни йўлга қўйган ва бундан манфаатдор. Биз келгусида ҳам қўшни мамлакатлар билан икки томонлама ва халқаро ташкилотлар доирасида кўп томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантириш тарафдоримиз. Кейинги пайтда бу борада Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларининг муҳим келишувларга эришганларини алоҳида таъкидлашни истардим. 

Айниқса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш бўйича ташаббусини Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев қўллаб-қувватлаб, биринчи учрашувни мамлакатимизда қабул қилишга тайёрлигини билдирди. 

Бугунги халқаро форумда ҳам Ўзбекистон Президенти минтақа давлатлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларига алоҳида эътибор қаратди. Биз – Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари бу ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда фаол бўлишимиз зарур. 


 

You must be logged in to post a comment Login