Ўзбекистон пойтахтида ЕТТБ ваколатхонаси очилди

1

Ўзбекистон Банклар ассоциациясида Европа тикланиш ва тараққиёт банки ваколатхонаси очилди. 

Европа тикланиш ва тараққиёт банки биринчи вице-президенти Филипп Беннетт раҳбарлигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида мазкур маросим ташкил этилди. 

Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳада халқаро молия институтлари, хусусан, ЕТТБ билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабартининг шу йил март ойида мамлакатимизга ташрифи чоғида Ўзбекистон билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида ҳамкорликка оид Англашув меморандуми имзоланган эди. Унда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб берилган. Кичик ва ўрта корхоналар учун маслаҳат бериш ва молиялаштириш хизматлари эҳтимолий дастури, трансчегаравий савдо ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган савдони молиялаштириш, технологиялар ва ноу-хаулар алмашинувини таъминлаш имконини берадиган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали Ўзбекистон иқтисодиёти рақобатбардошлигини ошириш вазифалари шулар жумласидандир. 

Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлик йилларида иқтисодиётимизнинг турли тармоқларига 500 миллион доллардан зиёд маблағ жалб қилиниб, бунинг самарасида 54 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. 

Жорий йил октябрь ойида Европа тикланиш ва тараққиёт банки Директорлар кенгаши Ўзбекистон учун дастлабки икки лойиҳани бир овоздан тасдиқлади. Мазкур лойиҳалар кичик ва ўрта бизнес, савдони молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Миллий банкига ажратиладиган 100 миллион доллар қийматидаги кредит линияси, шунингдек, мева шарбати ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Агромир» хусусий компаниясига ажратиладиган 10 миллион долларлик заёмдан иборат. Айни пайтда молия, қишлоқ хўжалиги ва саноат тармоқларида, шунингдек, жойлардаги инфратузилмани ривожлантириш бўйича кўплаб қўшимча сармоявий лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. ЕТТБ «Кичик бизнес учун маслаҳатлар» дастурини ҳам ишга туширди. Унинг доирасида биринчи лойиҳалар бошлаб юборилган. 

Тадбир доирасида Наманган ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида сув ва иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантиришга оид қиймати қарийб 215 миллион АҚШ долларлик бешта ҳужжат имзоланди. Бу лойиҳалар аҳоли саломатлиги ва турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилади. 

Шу куни Ф.Беннетт бошчилигидаги делегация Тошкентдаги халқаро Вестминстер университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашди. Университет фаолияти, ўқув жараёни, таълим тизими билан танишди. 

 

 

You must be logged in to post a comment Login