КОНСТИТУЦИЯ ЧУҚУР ИСЛОҲОТЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН ПУХТА ҲУҚУҚИЙ ПОЙДЕВОР ЯРАТДИ

kons1992 йил 8 декабрь  куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 12-чақириқ 11-сессиясида ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган муҳим тарихий ҳужжат – Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинди. Конституция иқтисодиёт, ижтимоий-сиёсий муносабатлар ва маънавий ҳаётимизда чуқур ислоҳотларни амалга ошириш учун пухта ҳуқуқий

пойдевор яратди.

Конституциявий тамойилларнинг ҳаётимиздаги ифодаси ҳақида гапирар эканмиз, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга, судлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши самарадорлигини оширишга, судларни жиноий, фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ихтисослаштиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар изчил амалга оширилди. Яна бир муҳим ўзгариш прокуратура органларининг фаолияти билан боғлиқдир.

Жумладан, тегишли қонунларга прокурор ва адвокат ҳуқуқларининг тенглигини таъминлашга, прокуратура органларининг суд жараёнига аралашувини чеклашга қаратилган ўзгартишлар киритилди. Шунингдек, жиноятларни таснифлаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилди. Ўта оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига кирувчи ҳамда ижтимоий хавфсиз жиноий хатти-ҳаракатлар таркиби кенгайтирилди. Озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига муқобил жазо амалиётда кенг қўлланила бошлади.

Конституция мазмун-моҳиятига сингдирилган бағрикенглик ва инсонпарварлик вояга етмаганлар, хотин-қизлар ва кексаларга нисбатан қўлланадиган жазо тизимининг қайта кўриб чиқилишида ҳам ўз ифодасини топди. Амнистия акти қўлланилишига эътибор кучайтирилди. Тегишли қонунларга ўзгартишлар киритилиб, уларга жазо та­йинлашда бир қатор енгилликлар назарда тутилди.

Шу нуқтаи назардан, Асосий Қонунимизда яшаш ҳуқуқи, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, виждон эркинлиги, сайлов ҳуқуқи, мулкдор бўлиш, билим олиш, эркин касб танлаш, меҳнат қилиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш каби инсоннинг қобилият ҳамда имкониятларини тўла рўёбга чиқариш учун зарур бўлган барча ҳуқуқ ва эркинликлар “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” ҳамда бошқа умумэътироф этилган халқаро ҳужжатлар қоидаларига мос тарзда кафолатланган.

Шу кунларда халқимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигини муносиб кутиб олмоқда.

Мазкур сана муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига асосан “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” кўкрак нишони таъсис этилди ва байрам арафасида бир гуруҳ юртдошларимизга топширилади.

Конституциямиз истиқлол маҳсули, тараққиёт ва истиқбол асоси, жамиятимизнинг ҳуқуқий пойдевори ҳисобланади. Бугунги кунда юртимиздаги барча таълим муассасаларида Конституциямизнинг мазмун-моҳияти, унда ифодаланган тушунча ва тамойиллар муфассал ўрганиляпти. Бу жараёнда прокуратура органлари вакиллари ҳам масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда фаол иштирок этмоқдалар. Зеро бош Қомусимизни пухта ўрганиш ўғил-қизларнинг ҳуқуқий маданияти юксалишига, бу орқали ёшларда Қомусимиз ҳақида билим ва кўникмалар мустаҳкамланишига замин яратади.

You must be logged in to post a comment Login