Самарқанд муҳим халқаро конференцияга тайёргарлик кўрмоқда

111

Ўзбекистоннинг иккинчи йирик шаҳарларидан бири Самарқандда жорий йилнинг 10 ноябрь куни Марказий Осиё барқарорлиги ва тараққиётига доир йирик халқаро анжуман ўтказлиши режалаштирилган.

“Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференцияда Марказий Осиё давлатлари, жумладан Афғонистон ҳамда Эрон ва Туркия ташқи ишлар вазирлари, Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича Олий вакили, АҚШ расмийлари қатнашиши кутилмоқда.

БМТ шафелигида ўтаётган бу конференция президент Мирзиёев олға сураётган Марказий Осиёда яхши қўшничилик, тараққиёт ва барқарорликка эришиш сиёсатининг амалий қадамларидандир.

Ўзбекистон изчил тинчликпарварлик сиёсати юритиб келмоқда. Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига киришиш маросимидаги нутқида ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш асосида хорижий давлатлар, энг аввало, қўшни мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга алоҳида аҳамият қаратишини таъкидлаган эди. 

Бу мақсадлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топди. Чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилишни ҳал этиш каби масалалар устувор йўналишлар этиб белгиланди. 

Ўтган қисқа вақтда бу борада тарихий қадамлар қўйилди. Президентимиз илк давлат ташрифларини қўшни мамлакатларга амалга оширди. Қозоғистон ва Қирғизистон Президентлари давлат ташрифи билан Тошкентда бўлди. Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва сиёсий иродаси туфайли ишонч даражаси сезиларли ошди. Давлат чегаралари, савдо алоқалари, транспорт коммуникациялари, ҳудудлар ҳамкорлиги каби кўплаб масалалар бўйича ўзаро манфаатли ечимлар топишга эришилди. 

Самарқанддаги конференция ҳозиргача Марказий Осиёда ҳамкорлиги муҳокама қилинган учрашувлардан шаклан фарқ қилади. Унда минтақанинг беш давлатидан ташқари, қўшни Афғонистон, Эрон, Туркия ташқи ишлар вазирлари, АҚШ ва МДҲ давлатларидан ҳам расмийлар қатнашади. Икки кун давом этадиган бу анжуман иштирокчиларнинг умумий сони 500 дан ошиқ, деб кўрсатилган.

КонференWия ишида БМТ, ЙХҲТ, ШҲТ, МДҲ каби бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари нутқ сўзлайди.

Тошкент икки кунлик форумда Марказий Осиё давлатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация, сув-енергетика, экология ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик йўналишлари, шунингдек, минтақа тараққиётида ҳамкор давлатлар кўмаги ва ўрни муҳокама қилинади.

Афғонистон, Эрон, Туркияни минтақа ташқи ишлар вазирлари даражасидаги учрашувга тортилаётгани ҳали кузатилмаган, Марказий Осиёдаги сиёсий, савдо иқтисодий муносабатлар ривожланиши, хавфсизлик билан боғлиқ масалада бу қўшни давлатлар муҳим ўрин тутиши таъкидланмоқда.

Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё йўналиши асосан иқтисодий ҳамкорликка қаратилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон томонидан сурилаётган Марказий Осиё устуворлиги сиёсатини шундай изоҳлайди:

“Минтақанинг барча давлатлари билан умумий чегарага эга Ўзбекистон бу ҳудуд барқарорлиги, тараққиётидан ҳаммадан кўра кўпроқ манфаатдор. Иқтисодий жиҳатдан ривожланаётган Марказий Осиё биз учун энг асосий устуворликдир”.

You must be logged in to post a comment Login