ЎЗБЕКИСТОН ДУНЁДА БИЗНЕС БЎЙИЧА ЕТАКЧИЛАР ЎНТАЛИГИГА КИРДИ

biznes2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, инвестиция иқлимини яхшилаш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўтган қисқа фурсат ичида мамлакатда бизнес муҳитини яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг қатор қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20 дан ортиқ фармони ва 35 дан ортиқ қарори қабул қилинди. Лицензиялар ва рухсатномаларни расмийлаштириш, давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларини тубдан соддалаштириш ва уларнинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимояси ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилди. Бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган барча ислоҳотлар “агар халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган машҳур тамойилга таянмоқда.
Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича сўнгги йилда қабул қилинган чора-тадбирлар самарадорлигини Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш” (“Doing Business”) халқаро ҳисоботининг сўнгги нашри ҳам тасдиқламоқда.
Жорий йилнинг 31 октябрида эълон қилинган “Бизнесни юритиш 2018: иш ўринлари яратиш учун ислоҳотлар” маърузасига кўра, Ўзбекистон дунёнинг 190 давлати ичида 74-ўринни эгаллаб, ўтган йилдаги мавқеини бирйўла 13 поғонага яхшилади. Қолаверса, мамлакатимиз бизнес юритиш учун энг қулай шароитлар яратиш бўйича ислоҳотчи давлатларнинг биринчи ўнталигигакиришга муваффақ бўлди. Амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистоннинг ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва бизнес юритиш шароитларини соддалаштириш бўйича Европа ва Марказий Осиё минтақаси давлатлари орасида етакчига айланишига имкон берди.
Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш 2018” ҳисоботидаги 10 та индикаторнинг 6 таси бўйича сезиларли ўсишнинг қайд этилганлиги ҳам ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар кўлами ва натижадорлигидан дарак бермоқда.
Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимининг тубдан такомиллаштирилгани туфайли Ўзбекистон корхонани рўйхатдан ўтказиш кўрсаткичи бўйича 11-ўринни банд этди. Бу йўналиш бўйича мамлакатимиз АҚШ, Япония, Франция, Германия, Италия, Испания, Дания ва бошқа ривожланган давлатларни ортда қолдирди.
2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини онлайн рўйхатдан ўтказиш тизими ишлай бошлади, унга кўра рўйхатдан ўтиш жараёни аввалги икки иш куни ўрнига атиги 30 дақиқани банд этмоқда. Тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш жараёни онлайн тарзда тўлдириладиган ариза асосида амалга оширилмоқда. Бунда ариза берувчига мазкур тизим орқали таъсис ҳужжатларини ўз ихтиёрига кўра намунавий шакллар асосида расмийлаштириш имкони берилади.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 марта кўп кичик бизнес субъектлари ташкил этилганининг ўзиёқ мамлакатимизда бизнес очишнинг нақадар осон эканлигидан далолат беради.
“Бизнесни юритиш” жамоаси экспертлари баҳоларига кўра, Ўзбекистондаги тадбиркорлик субъектларига солиқ юки даражаси АҚШ, Австралия, Германия, Швеция, Туркия, Хитой ва Россия каби давлатлардагидан анча пастдир.
“Ягона дарча” марказлари орқали амалга ошириладиган мулкни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон ўз мавқеини мустаҳкамлаб, жаҳон рейтингида 73-поғонани банд этди.
Шу ўринда, тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари фаолиятининг самарадорлигини алоҳида қайд этиб ўтиш зарур. Уларнинг фаолияти рухсатномалар ва лицензияларни расмийлаштиришнинг ошкоралиги ва тезкорлигини таъминлаш, давлат органлари ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг электрон шаклларини жорий этиш, қолаверса, бюрократик тўсиқлар ва ариза берувчиларнинг молиявий харажатларини сезиларли даражада қисқартириш имконини бермоқда. Ижобий тажрибани инобатга олган ҳолда 2017 йилда фақат “ягона дарча” марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 2 мартага – 16 тадан 34 тагача оширилди.
Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш билан бирга, инвесторлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш борасида ҳам фаол ишлар олиб борилмоқда. Корпоратив бошқарувнинг очиқлиги ва акциядорлик жамиятлари фаолияти тўғрисидаги, жумладан, жамиятнинг ижро органи, кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиялари аъзоларига ҳисобланган ва тўланган тўловлар ҳақидаги маълумотларни ошкор этишга бўлган талабларнинг кучайтирилганлиги Ўзбекистонга “Миноритар инвесторлар ҳимояси” индикатори бўйича 62-ўринга кўтарилиб олиш имконини берди.
Якунда Ўзбекистон корхонани рўйхатдан ўтказиш (11-ўрин), электр тармоқларига уланиш (27), шартномалар ижросини таъминлаш (39), кредитлаш тизими (55), миноритар инвесторлар ҳимояси (62), мулкни рўйхатдан ўтказиш (73) ва солиққа тортиш (78) йўналишлари бўйича жаҳоннинг биринчи 100 мамлакати қаторидан жой олди.
“Бизнесни юритиш 2018: иш ўринлари яратиш учун ислоҳотлар” маърузаси Жаҳон банки гуруҳи йиллик нашрининг 15-сони ҳисобланиб, унда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги тартибга солиш нормалари баҳолаб борилади. Тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароит яратиш бўйича жаҳон рейтингини Янги Зеландия бошқармоқда. Шунингдек, кучли бешликдан Сингапур, Дания, Корея Республикаси ва Гонконг (Хитой) жой олган.

You must be logged in to post a comment Login