ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ: ОДАМЛАРГА НАФ БОРМИ?

xalq qabulxonasi Президентимиз ташаббуси билан фаолият бошлаган халқ қабулхоналари аҳоли билан мулоқотнинг замонавий ва самарали механизмини йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни сифат жиҳатдан яхшилаш, инсон манфаатлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоялашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бағдод туман халқ қабулхонаси томонидан амалга оширилган статистик маълумотлар таҳлили ўрганилганида, 2017 йилнинг 9 ойи давомида 2150 нафар жисмоний ва юридик шахслардан мурожаатлар келиб тушгани маълум бўлди. Ушбу мурожаатлардан 1437 таси қаноатлантирилган, 616 таси юзасидан хуқуқий маслаҳатлар ва тушунтиришлар берилган. Ҳозирда 95 та мурожаат мутасадди ташкилотлар томонидан кўриб чиқилмоқда.
Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, узоқ вақтдан буён ечими топилмасдан келаётган муаммоли мурожатларни ҳал этишда ижобий натижаларга эришилганига кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Масалан, фуқаро Олимжон Абдураҳмонов 7 июнь куни Фарғона шаҳрида жойлашган авикассадан 225 АҚШ долларига Тошкент-Москва йўналишида учадиган авиарейсга чипта сотиб олади. Лекин унга Россия Федерациясига киришга таъқиқ қўйилганлигидан хабар топгач О.Абдураҳмонов авиакасса ходимига авиачипта учун тўлаган 225 АҚШ долларни қайтариб беришини сўраган. Бироқ авиачипта сотган касса ва Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпанияси томонидан пул маблағи қайтариб берилмаган. Фуқаронинг мурожаати халқ қабулхонаси томонидан назоратга олиниб авиачипта учун сарфлаган 225 АҚШ доллари тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
Туман халқ қабулхонасига Чўринди қишлоғида яшовчи фуқаро Хафизахон Худойберганова томонидан юборилган мурожаатда ҳам жиддий масала қайд этилган. У турмуш ўртоғи Мирзараҳим Худойберганов “Бағдод пахта тозалаш” акциядорлик жамиятида ишлаб, бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этганлиги, жамият томонидан иш жойида вафот этган турмуш ўртоғига берилиши лозим бўлган товон пули жамият ва суғурта ташкилоти томонидан тўланмай келинаётганлиги, фуқаронинг ортиқча сарсон саргардон бўлаётгани, вояга етмаган фарзандлари борлиги, боқувчисини йўқотганлиги ҳам инобатга олминмаётганидан норози бўлиб мурожаат қилган. Фуқаронинг мурожаати алоҳида назорат остига олиниб, тегишлилиги бўйича “Фарғонапахтасаноат” ҳудудий бошқармасига ҳамда республика суғурта ташкилотига юборилган. Мурожаат ўрганилиб, дафн ҳамда бошқа маросимларини ўтказиши учун жамият томонидан 2 000 000 сўм пул маблағи ва озиқ-овқат маҳсулотлари моддий ёрдам сифатида берилган. Бундан ташқари, жамият билан “ALFA INVEST” МЧЖ СТ суғурта компанияси ўртасида тузилган шартномага асосан марҳум М.Худойберганов иш вақтида бахтсиз ходиса туфайли вафот этганлиги учун оиласига 45 000 000 млн сўм товон пули берилиши таъминланган.
Яна бир юртдошимиз Д.Хамрақулова Фарғона политехника инстутини 2015 йилда тамомлаб, мутахассислиги бўйича ишга жойлашишда муаммоларга дуч келаётганини, ишга жойлаша олмасдан, нажот излаб халқ қабулхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлганлигини баён қилган. Д.Хамрақулова “Халқ банки” Бағдод филиалининг бухгалтер-назоратчи вазифасига ишга жойлаштирилди. Икки йил давомида ечимини топмасдан келаётган ишсизлик масаласи халқ қабулхонасида ҳал этилганидан миннатдор бўлган Д.Хамрақулова Ватанга содиқ, ўз ишининг фидойиси бўлишга ҳар доим тайёрлигини билдирган.
Бундай миннатдорчиликларга сабаб бўлаётган мурожаатларимиз бир талай. Буларнинг барчаси мамлакатимизда халқ манфаати устувор эканлигининг яна бир ифодасидир.

You must be logged in to post a comment Login