ИҚТИСОДИЙ ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКС ЛОЙИҲАСИ – ҚОНУНЧИЛИКДАГИ МУҲИМ ЯНГИЛИК

kodeksЎзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февраль кунги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишини таъминламоқда.
Жумладан, мазкур Фармонга асосан маъмурий ҳамда иқтисодий судлар ташкил этилганлиги соҳани янада либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди.
Суд-ҳуқуқ тимизда олиб борлаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси лойиҳаси миллий қонунчилигимизни мустаҳкамлаш йўлида яна бир муҳим қадам бўлмоқда.
“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги 2017 йил 12 апрел кунги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан ишлаб чиқилган лойиҳага Хўжалик процессуал кодекси асос қилиб олинди ва ундаги айрим меъёрлар замон талабларига мос равишда такомиллаштирилмоқда.
Жумладан, янги кодекс лойиҳасининг асосий қоидаларида “хўжалик судлари” сўзлари “иқтисодий судлар” сўзларига алмаштирилиши, иқтисодий суд иш юритувининг иштирокчилари рўйхатини кенгайтириш, биринчи навбатда одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар сифатида “мутахассис”, шунингдек “судья ёрдамчиси” каби лавозимларни жорий этиш каби бир қатор муҳим ўзгаришлар кўзда тутилмоқда.
Лойиҳада келишув процедурасига бағишланган янги боб киритилаётгани ҳам қонунчилигимиздаги муҳим янгиликлардан биридир. Булардан ташқари, “суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қайтариш”, “суд музокараси”, “апелляция, кассация шикояти (протести)ни иш юритишга қабул қилишни рад этиш”, “апелляция, кассация шикояти (протести)ни кўрмасдан қолдириш” каби институтлар киритилиши, суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш тартибини такомиллаштириш ҳам лойиҳада алоҳида эътиборга олинган.
Лойиҳада оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган барча низоларни маъмурий судларнинг судловига бериш таклиф этилмоқда. Бундай ишларнинг барчаси маъмурий судларга берилган тақдирда уларнинг йиллик ўртача иш ҳажми ортиши мумкин. Аммо кодекс лойиҳасида мазкур масалани ҳал этиш мақсадида Маъмурий судлар судьяларининг иш ҳажми ортиб кетган тақдирда, уларни камайтириш мақсадида низосиз ҳисобланадиган ишларни хал этишни давлат органларининг ваколатига ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Масалан, солиқ қарзини ундириш ва ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш масаласини олайлик. 2010-2015 йиллар мобайнида солиқ қарзи ундирувини солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш бўйича хўжалик судлари томонидан кўрилган ишларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, бундай ишлар, қоида тариқасида, арз қилинган талаб низосиз бўлганлиги сабабли суд мажлисига келмаганлиги учун солиқ тўловчининг иштирокисиз кўрилади. Статистик маълумотлардан маълумки, кўрсатилган даврда кўрилган 837 278 та ишдан 44 038 та ҳолатда (ёки 5,26%) аризани қаноатлантириш рад этилган ёки ариза кўрмасдан қолдирилган ёхуд иш юритиш тугатилган. Иш кўриб чиқилгунга қадар қарздорлар тўловни амалга оширса, бу солиқ органининг талабини судлар томонидан рад этишга асос бўлган.
Келтирилган мисоллардан кўринадики, солиқ қарздорлигини суд орқали ундириш фақат расмий характерга эга. Қайд этиш керакки, кўрсатилган давр мобайнида ушбу тоифадаги ишлар бўйича тадбиркорлик субъектларидан 337,8 млрд. сўм давлат божи ундирилган. Ушбу сумма эса давлат божига эмас солиқ қарздорлиги учун тўланса, муаммолар янада қисқариши мумкин эди.
Баён этилганлардан келиб чиқиб, амалдаги қонун ҳужжатларига давлат ижрочилари томонидан солиқ органининг қарори асосида солиқ қарзини солиқ тўловчи мулки ҳисобидан мажбурий ундиришни белгиловчи ўзгартиш киритиш таклиф этилмоқда. Агар солиқ органининг қароридан норози бўлган тақдирда солиқ тўловчи юқори турувчи солиқ органига ёки судга мурожаат қилиши мумкин ва бу ҳолатда қарорнинг ижроси тўхтатиб турилади.
Солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботи ва молиявий ҳисобот тақдим этилмаганда солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш жараёнида суднинг иштирокини камайтириш ҳам лойиҳада назарда тутилмоқда. Чунки, бундай ишлар, қоида бўйича низосиз ҳисобланади. Шуларга асосан солиқ ҳисоботи ва молиявий ҳисобот, камерал назорат натижалари бўйича тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаганда суд тартибида солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришни Давлат солиқ хизмати органининг қарори асосида амалга ошириш таклиф этилмоқда.
Айни кунда биринчи ўқишдан ўтиб, янада такомиллаштирилаётган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси лойиҳаси янгидан фаолият бошлаган маъмурий ва иқтисодий судлар фаолиятида учраётган жуда кўплаб муаммо ва камчиликларни бартараф этади, тадбиркорлик билан шуғулланувчи шахсларга қўшимча имтиёз ва имкониятлар яратади, оқтирча оворагарчиликларга барҳам беради.
Умуман олганда, лойиҳада одил судлов соҳасидаги замонавий талаблар ва халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг суд тизимини такомиллаштириш ва мақбуллаштириш бўйича тарихий ўзгаришлар назарда тутилмоқда. Бу эса миллий қонунчилигимизни янада ривожлантириш ва шу орқали мамлакатимиз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

You must be logged in to post a comment Login