ФАРҒОНАДА БИР ЙИЛДА 10 МИЛЛИАРД СЎМЛИК АСАЛАРИ МАҲСУЛОТИ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ

asalarichilikЎзбекистоннинг табиий иқлим шароити асаларичиликни ривожлантириш учун жуда қулай. Шу боис асаларичилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, тармоқда наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, асаларичилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги вазифаларни янги босқичга олиб чиқди.
Вилоят асаларичилар уюшмасида соҳа вакиллари учун семинар ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ташаббусига кўра БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ҳамкорлик дастури доирасида ўтказилган семинарда Фарғона, Андижон, Наманган, Бухоро, Сирдарё вилоятидан асаларичилик бўйича мутахассислар иштирок этди.
Семинарда маҳорат сабоқларини олиб борган Туркия давлатининг асаларичилик йўналиши бўйича профессори, халқаро консультант Муҳсин Догароглу ўзбекистонлик ҳамкасбларига асаларичиликнинг замонавий тараққиёти ҳақида батафсил тушунчалар берди. Асал маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларини тизимли ташкил этиш, асалари пакетлари етиштириш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, асал етиштириш жараёнига илмий асосланган усуллар ва замонавий технологияларни жорий этиш борасидаги тажрибаларини ўртоқлашди.
– Вилоятимизда йил давомида 10 миллиард сўмлик асалари маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Асалариларнинг экинзорларни чанглатиши эвазига эса қишлоқ хўжалигида қўшимча даромадларга ҳам эришиляпти, – дейди вилоят асаларичилар уюшмаси раиси Шерали Суярқулов. – Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорда асаларичи тадбиркорлар учун ўқувлар ташкил этиш ҳам қайд этилган эди. Асал етиштириш ва уни экспорт қилишда дунёнинг етакчи давлатларидан бири саналган Туркия тажрибаси ҳамкасбларимизнинг келажакдаги ютуқларига йўл очади.
Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 22-23 июнь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида асаларичиликни янада ривожлантириш ва аҳолини арзон асал маҳсулотлари билан таъминлашдаги камчиликлар, муаммолар ва мавжуд имкониятлар кенг муҳокама қилинган эди. Семинар иштирокчилари ана шулардан келиб чиқиб халқаро мутахассисга ўзларини қизиқтирган саволлар билан юзландилар.
– Ўзбекистонга учинчи маротаба ташриф буюрдим. Юртингиз флора ва фаунаси жуда бой, ҳудудда фермерлик ҳаракати ривожланган. Шунингдек, минтақанинг асаларичиликда қадимий тарих ва тажрибага эга эканлиги кўпроқ ҳосил олиш имкониятини беради, – дейди биз билан суҳбатда профессор, халқаро консультант Муҳсин Догароглу. – Машғулотда биз шулар ҳақида фикрлашдик. Ўзбекистонлик ҳамкасбларим асаларичиликнинг замонавий усулларини ҳам ўз фаолиятларига татбиқ этсалар ўйлайманки, янада самарали натижаларга эришадилар. Бу орқали Ўзбекистон ҳам асал экспорти туфайли халқаро бозорда юқори ўринларни эгаллашига ишонаман.

You must be logged in to post a comment Login