Ўзбекистонда 2020 йилга қадар пахта толасини тўлиқ қайта ишлаш йўлга қўйилади

paxta sanoatiЎзбекистон мустақилликка эришгунига қадар фақат пахта хом ашёсини етиштириб берувчи аграр мамлагатга айланиб қолган эди. Мустақилликка эришганимиздан кейин қисқа даврда Ўзбекистон саноати ривожланган индустриал мамлакатга айланди. Бизнинг етиштираётган пахтамиз ўзида янада юксак саноатни ривожлантириш ва аҳолига талаб даражасида иш ўринларини яратиб, халқ фаровонлигини таъминлашда катта захирадаги имконият эканлиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.
Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, бир вақтлар миллионлаб тонна пахта толасини фақат собиқ марказ ихтиёрига жўнатиб, ҳатто бу бойликни кимга, қанча нархда сотилганини ҳам билмаган халқ, мустақилликка эришганидан кейин ўз мулкига ўзи эгалик қила бошлади.
Ўзбекистонда 1991 йилда пахта толасини қайта ишлаш ҳажми 7 фоиздан ошмаган бўлса, бугун шу даражада ўсдики, хатто 2020 йилга қадар пахта толасини тўлиқ қайта ишлаш йўлга қўйилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги «2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори соҳада янги имкониятлар эшигини очди.
Мазкур дастур доирасида мамлакатимизда яқин беш йилда умумий қиймати қарийб 40 миллиард доллар бўлган 657 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Шу жумладан, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш имкониятига эга бўлган тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Қиймати салкам 2 миллиард 300 миллион доллар бўлган 140 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробар ошириш кўзда тутилмоқда. Хусусан, тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилда 2016 йилга нисбатан 2,2 баробар, жумладан, ип газлама — 2,7 баробар, тайёр трикотаж мато — 3 баробар, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари — 3,4 баробар, пайпоқ маҳсулотлари — 3,7 баробар ортади ва мос равишда ушбу даврда маҳсулотлар экспортини 2 баробар ошириш кўзда тутилмоқда.
Бу соҳадаги мавжуд 100 минг иш ўрни яна 27 мингдан ортиқ янги иш ўринларига кўпаяди. Лойиҳаларда аввало ҳудудларда етиштирилаётган пахта толасини ўша жойнинг ўзида тўлиқ қайта ишлаб, юқори қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда ҳудуд аҳолисининг реал даромадларини ошириш учун хизмат қилади.
Бугунги кунда тармоқ корхоналари маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларини жаҳондаги 50 дан зиёд мамлакатга экспорт қилмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда Бразилия, Чили, Хорватия, Нигерия каби давлатларга енгил саноат маҳсулотларининг экспорти йўлга қўйилди.
Таҳлилларга кўра, ҳозир экспортнинг қарийб 50 фоизини ип-калава ташкил этмоқда. Келгусида унинг ҳажмини босқичма-босқич камайтириш ҳисобига ярим тайёр ва тайёр, юқори қийматли маҳсулотларни экспорт қилишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Айни вақтда тайёр маҳсулотлар улуши умумий ишлаб чиқаришнинг 47 фоизини ташкил этаётган бўлса, истиқболда 65,5 фоизгача, экспорт таркибидаги улуши 41 фоиздан 70 фоизгача ўсиши таъминланади.

You must be logged in to post a comment Login