ЯПОНИЯ ЭЛЧИСИНИНГ ФАРҒОНАГА ТАШРИФИ

Япония дунё давлатлари ичида мамлакатимиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардан бири. Икки давлат ўртасидаги ижтимоий-сиёсий, маданий, иқтисодий алоқалар тобора ривожланиб бормоқда. Япониянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Нобуаки Ито жанобларининг Фарғона вилоятига келгани ҳам шу хусусиятлар яққол намоён бўлди.
Расмий қабул аввалида Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев элчи жанобларига ташриф учун самимий миннатдорлик билдирди. Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларининг тобора тараққий этиб бораётганини эътироф этди.
Йиллар давомида мамлакатларимиз ўртасида шаклланган ҳамкорлик муносабатлари ҳар икки давлат учун барча соҳаларда манфаатли кечмоқда. Вилоят раҳбари Шуҳрат Ғаниев вилоятимизнинг тарихи, бугунги истиқболлари, Қўқон ва Марғилон каби шаҳарларнинг туристик салоҳияти, иқтисодий барқарорлик омиллари, саноат соҳасида эришилаётган ютуқлар хусусида маълумот бериб ўтаркан, буларнинг барчаси замирида Фарғона аҳлининг меҳнати, фаолияти мужассам эканлигини алоҳида қайд этди. Фарғонада турли миллат вакилларининг аҳил-иноқ истиқомат қилаётгани мамлакатимизда тинчликнинг мустаҳкам эканлигидан далолат беришини таъкидлади.
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Япония Ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти (JETRO), “Ўзбекистон – Япония” дўстлик жамияти, “Фукушима – Ўзбекистон” маданий-иқтисодий ҳамкорлик уюшмаси доирасидаги муносабатларда вилоятимиз вакиллари ҳам фаол иштирок этаётгани айтиб ўтилди.
Шу йилнинг 18 апрель куни эса Тошкентда Япониянинг янги энергетика ва саноат технологиялари ташкилоти билан ҳамкорликда Фарғона иссиқлик электр станциясининг модел лойиҳасига бағишланган тақдимот маросими ўтказилган эди. Ташриф мобайнида жаноб Нобуаки Ито ана шу корхонага ҳам ташриф буюрди.
Бугун вилоятимизда Президентимизнинг жорий йил 21 февралдаги “Фарғона иссиқлик электр маркази ҳудудида ва Фарғона шаҳар РК-3 қозонхонаси ёнида юқори самарали когенерацион газ турбина технологияларини татбиқ этиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2794-сонли қарори ижроси юзасидан амалий ишларга қўл урилмоқда.
Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 83,6 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, ундан 34,1 млн. АҚШ доллари “Ўзбекэнерго” АЖ маблағлари, 49,5 млн. АҚШ доллар Япония давлатининг энергетика ва саноат технологияларини ривожлантириш ташкилоти (“NЕDО”) маблағлари ҳисобига тўғри келади.
Лойиҳа доирасида Япониянинг “Каwasaki heavy Industries” и “Marubeni Utility Services” компаниялари томонидан бутловчи жиҳозлар, эҳтиёт қисмлар, материалларни олиб келиш ва ўрнатиш ишлари амалга оширилади. Қурилиш-монтаж ишлари эса “Ўзбекгидроэнергоқурилиш” акциядорлик жамияти томонидан бажарилади. Ушбу лойиҳа туфайли вилоятимиз марказига узлуксиз иссиқлик энергиясини етказиб бериш ва электр энергиясидан бўлган танқисликни қисқартириш, атроф-муҳитга чиқаётган зарарли чиқиндиларнинг таъсирини камайтириш ҳамда ёқилғи энергетика ресурсларини тежашга эришилади.
Қабул якунида вилоят ҳокими Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Нобуаки Итога қимматбаҳо совғалар топширди.
Элчи жаноблари ҳамжихатлик, ҳамкорлик истиқболларига катта ишонч билдирди.
Юксак мартабали меҳмон республика болалар ижтимоий мослашув маркази минтақавий филиали фаолияти билан яқиндан танишди.

You must be logged in to post a comment Login