1 октябрдан “Водил” чегара пости очилди

11111111111111111111111111111111111

Фарғона вилоятининг Қирғизистон билан чегарадош ҳудуди “Водил” чегара пости жорий йилнинг 1 октябридан барча фуқаролар учун очилди.

Икки давлат чегараси олдида чегара пости очилишининг тантанали маросими бўлиб ўтди. Унда икки томоннинг расмийлари, кенг жамоатчилик вакиллари, фуқаролар иштирок этдилар.

– Энг аввало, Сизларнинг барчангизни мана шундай тарихий ва халқларимиз учун катта аҳамиятга эга бўлган ажойиб кунда кўриб турганимиздан бениҳоят хурсандмиз, – деди Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев. – Халқларимиз бундай учрашувни зўр ҳаяжон ва иштиёқ билан кутган эди. Ҳар иккала мамлакат раҳбарларининг, расмий делегацияларнинг турли хил учрашув ва суҳбатлари ўзбек ва қирғиз халқида доимо катта қизиқиш, келажакка умид ва ишонч уйғотади. Шу маънода бир ойча аввал Бешкек шаҳрида давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев Қирғизистон Президенти Алмазбек Шаршенович Атамбаев билан  ўтказилган самимий ва қизғин учрашувлари тарихий аҳамиятга эгадир. Ана шу учрашувларнинг самараси сифатида бугун ҳаммамиз меҳр-муҳаббат билан дийдорлашиб турибмиз.

Ўзбек-қирғиз ушбу минтақада униб-ўсган икки оға-ини халқ. Тили ҳам, дили ва дини ҳам муштаракдир. Икки халқнинг тарихи ҳам, тақдири ҳам бирлашиб кетган ва бу Аллоҳ берган азалий ва абадий насибадир.

Бугун Фарғона водийсида 300 мингга яқин, Фарғона вилоятида эса 70 мингдан зиёд қирғиз миллатига мансуб аҳоли ўзларини тўлақонли Ўзбекистон фуқароси сифатида тинч ва хотиржам яшамоқдалар. Уларнинг диний ва миллий урф-одатлари, анъана ва қадриятларини ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятлар яратилган. Ўзбек ва қирғиз халқи ўзаро қариндошлик ришталарини ҳам боғлаб, ҳақиқий инсоний фазилатларни ҳам намоён этмоқдалар.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи доирасида икки давлат ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий, маданий ва мамлакатларимизнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш каби халқларимиз манфаатларига хизмат қиладиган ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлади.

Энг муҳими, ўтмиши ва келажаги бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган мамлакатлар ўртасидаги миллий муносабатларда азалий дўстона меҳр- оқибат, ўзаро хайрихоҳлик, ишонч ва самимият яна ўз ўрнини топди.

Айниқса, икки давлат ўртасидаги чегара-божхона постлари фаолиятининг қайта тикланаётганлиги қардош халқлар ўртасида борди-келди муносабатлари йўлга қўйилишига, ўзаро дўстлигимиз ва аҳил-иноқлигимизнинг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Андижон вилоятининг қўшни давлат билан чегарадош “Дўстлик” чегара божхона комплекси ўз фаолиятини бошлаган бўлса, 20 сентябрь куни Наманган вилоятининг Қирғизистон билан чегарадош “Косонсой” чегара божхона пости фаолияти қайта тикланди.

2017 йилнинг 25 сентябрь куни соат 12.00 дан бошлаб эса Фарғона вилояти божхона бошқармаси тасаруфидаги “Риштон” чегара божхона пости Фарғона вилояти Риштон тумани ҳамда Қирғизистон Республикаси Қадамжой райони фуқаролари пиёда ҳаракатланишлари учун очилди.

Бугун эса “Водил” чегара пости барча ўзбекистонликлар ва қирғизистонликлар учун очилди. Энди фуқаролар хоҳ пиёда, хоҳ ўз автомашиналарида 2 ой давомида бемалол юриш имконига эга бўлдилар. Бу эса ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлиги жипслиги ҳамда ҳамжиҳатлиги йўлидаги навбатдаги муҳим қадам булди.

You must be logged in to post a comment Login