ҚЎШТЕПАЛИК 105 ЁШЛИ УМАР ОТАГА “ШУҲРАТ” МЕДАЛИ ТОПШИРИЛДИ

shtepalik_105_yeshli_umar_ota_mirzaev_me_natdan_ochmagan_ka_31_08_2017Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги Лангар маҳалласида истиқомат қилаётган 105 ёшли Умар ота Мирзаев ҳақида эшитган борки, бобони зиёрат қилишга ошиқади. Келини Кароматхон опанинг ҳар тонги дарвозани катта очиб, атрофни супуриб-сидириш, меҳмонларга жой ҳозирлашдан бошланади.

Кексалар – хонадонимиз файзи, доно маслаҳатгўйимиз. Уларнинг дуоси бизни эзгу ишларга ундайди, руҳимизга тетиклик бағишлайди. Президентимиз раҳнамолигида ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайди.

Фарғона вилоятида кексаларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун барча шароит яратилмоқда. Туман ва шаҳарларда “Нуронийлар маскани”, маҳаллаларда оталар чойхонаси, мулоқот марказлари қурилиб, фойдаланишга топширилаётир. Малакали шифокорлар уларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.

Узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилган Умар ота бугун эл-юрт эъзозида. Байрамларда совға-салом кўтариб, отахоннинг дуосини олишга келувчилар кўп. Уч ўғил, икки қизни тарбиялаб вояга етказган.

– Болам, меҳнатдан қочмаган, кам ухлаб, кам гапирган одам қаримайди, – дейди Умар ота. – Яна ҳалол яшаб, тўғри, покиза кун кечиришда ҳикмат кўп. Менинг узоқ умр кўришимнинг асосий сабаби, кексалигим бугунгидай тинч-осойишта замонларга тўғри келганида-да! Етти қават кўрпачада эрка бўлиб ўтирибман. Доим яхши ниятда бўлганман. Яхши ният одамни ҳар қандай қийинчилик, машаққатлардан омон олиб ўтади, яхши даврларга етказади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 26 августдаги фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланганлар орасида Умар ота Мирзаев ҳам бор. Отахоннинг хонадони бугун янада гавжум. Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги ҳамда Қурбон ҳайити арафасида отахонга давлатимизнинг юксак мукофоти – «Шуҳрат» медали тантанали тарзда топширилди.

Умар ота элу юртга тинчлик, фаровонлик, ёшларга бахту камол тилаб дуо қилди: Ҳеч қачон уруш бўлмасин. Юртимиз тинч, элимиз омон бўлсин. Дориломон кунларимиз абадий бўлсин.

You must be logged in to post a comment Login