ЁШ ТАДБИРКОРЛАР ВА ФЕРМЕРЛАР ФАОЛИЯТИ ҲАР ТОМОНЛАМА ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНАДИ

Шу йилнинг 30 июнь куни пойтахтимизда бўлиб ўтган навқирон авлод қурултойида мамлакатимизда келажагимиз ворисларининг янги ташкилоти – Ўзбекистон ёшлар иттифоқига асос солинди. Янги тузилманинг ҳуқуқий ва иқтисодий имкониятлари, мақоми, фаолият қамрови ва йўналишлари замонавий мезонлар бўйича такомиллаштирилиб, ёшларнинг ҳақиқий суянчи ва таянчи бўлиши учун барча шарт-шароитлар яратилди.

Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудлари, хусусан, вилоятимизда ҳам ташкилот фаолияти янгитдан шакллантирилиб, эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш учун устувор вазифалар белгиланмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида шаҳар-туманларда фарғоналик ёшлар билан ўтказилган самимий, юзма-юз мулоқотлар бу борада белгиланган аниқ мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги “Ёш тадбиркорлар” ассосацияси раҳбари Ш.Зарипов, ассосация мутахассиси У. Ғаниевлар қатнашган учрашувларда Фарғонадаги ёш тадбиркор ва фермерлар, мазкур соҳаларга қизиқувчи ёшлар, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари билан очиқ-ошкора, расмиятчиликдан холи суҳбатлар бўлиб ўтди. Шунингдек, учрашувларда йигит-қизлар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар, муаммолар, тадбиркорлик ташаббусларини ижобий ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси, вилоят давлат солиқ, ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда  хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят Фермерлар кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маҳаллий Кенгашлари раислари иштирок этиши таъминланди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Фарғонада қарийб 19 мингта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулот таркибидаги улуши 63,4, аҳоли бандлигидаги улуши 81 фоизни ташкил этади. 2017 йилнинг ўтган даврида тижорат банклари томонидан кичик бизнес субъектларига 250 млрд. сўмга яқин кредитлар ажратилиб, кредитлаш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробарга ошишига эришилди. Навбатдаги вазифа эса айни жараёндаги ишлар кўламини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришдан иборатдир.

Вилоят Асаларичилар уюшмасида бўлиб ўтган Тошлоқ, Қува, Фарғона, Сўх туманлари ҳамда Фарғона, Марғилон ва Қувасой шаҳарларидан ташриф буюрган янги авлод вакиллари билан очиқ мулоқотда ҳар бир таклиф ва муаммо жиддий таҳлил этилиб, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди, амалий таклиф ва тавсиялар берилди.

Асосий вазифамиз мамлакатимизда ёшлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратиш, йигит-қизларни ўз бизнесларини ташкил этишга рағбатлантириш, маҳаллаларда тадбиркорлик, менежмент, маркетинг, молиявий ва халқаро тажриба бўйича салоҳиятни оширишга қаратилган тренинглар, ўқув курслари, консалтинг хизматлари фаолиятини йўлга қўйиш, уюшмаган ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишни кўзда тутади,-дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи таъсисчилигида ўз фаолиятини бошлаган “Ёш тадбиркорлар” ассосацияси раҳбари Ш. Зарипов. – Ўз навбатида инновацион тадбиркорликка имтиёзли кредитлар ва ёш ҳунармандларга хомашё сотиб олишга пул ажратиш, кам таъминланган ёш тадбиркорларга гаров таъминотини кафолатлаш, фойдаланилмай турган давлат мулки объектларини ёш тадбиркорларга “ноль” қийматда берилишига кўмаклашиш, кичик саноат зоналари ва эркин иқтисодий зоналарда бизнес-лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам бериш, туризм, замонавий технологиялар сотиб олишга кўмаклашиш, вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиш, халқаро сифат ва стандартлаштириш тизимини шакллантириш, халқаро кўргазмалар, ярмаркалар, кўрик-танловларда қатнашишга кўмаклашиш сингари бир қатор долзарб юмушларни амалга ошириш режалаштирилган. Шу мақсадда бугунги кунда ассосация томонидан турли йўналишлар бўйича концепциялар, дастурлар ишлаб чиқилмоқда.

Юзма-юз мулоқотда вилоят Асаларичилар уюшмаси раҳбари Шерали Суярқулов томонидан маҳорат дарси ўтказилди. Таъкидланганидек, уюшма қошида фаолият кўрсатаётган замонавий ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасида барча шароитлар яратилган. Ҳозирги кунда вилоятимизда 200 нафар профессионал асаларичи бўлиб, АҚШ, Канада, Исроил, Австралия, Россия ва бошқа бир қатор Европа мамлакатларида ўзаро тажриба алмашмоқдалар. Бу йил вилоятимизда 1,5 минг тонна асал ишлаб чиқариш, 1 млн. долларлик асалари уясини экспорт қилиш режалаштирилган. Асаларичилик соҳасида ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган битта оила бир йил мобайнида ўртача 200-300 млн. сўм даромад олиш имконига эга.

Вилоятимизнинг барча шаҳар-туманлари ёш тадбиркор ва фермерлари, ўқувчи ва талабалар, уюшмаган ёшларни қамраб олган ана шундай учрашувлар Олтиариқ ва Ўзбекистон туманларида ҳам ташкил этилди. Йигит-қизларнинг қизиқиши, интилиши ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган мулоқотлар жараёнида ёшлар вакиллари ўз мақсадлари, муаммолар борасида эмин-эркин фикр билдиришди. Мутасаддилар томонидан барча фикр-мулоҳаза, хулосалар умумлаштирилиб, керакли йўл-йўриқ ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

You must be logged in to post a comment Login