ФАРҒОНАДА “ТОЗА ҲУДУД” ДАВЛАТ УНИТАР КОРХОНАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

toz ahududФарғона вилоятида “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси қошида қурилиб, фаолият кўламини водий вилоятлари миқёсида қамраб олиши режалаштирилаётган ва водийда ягона бўлган чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган заводнинг лойиҳа қиймати 90 миллиард сўмни ташкил этади.

Бу заводнинг ишга туширилиши 2 мингта янги иш ўрни яратилиши имконини беради. Заводда чиқиндиларни қайта ишлаш ҳисобига 15 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 5 турдаги маҳсулотлар хорижга экспорт қилиниши кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, санитария ва гигиена қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, чиқиндилар билан ишлаш тизимини жаҳон андозалари даражасида такомиллаштириш каби устувор вазифаларни изчил амалга оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Янгидан ўз фаолиятини бошлаётган “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси, энг аввало, тизимдаги ана шу камчилик ва нуқсонларни бартараф этади. Бунинг натижасида экологик ва санитар ҳудудларда мавжуд вазият ижобий томонга ўзгаради, аҳоли саломатлигини яхшилаш ва мустаҳкамлашда кутилган натижага эришилади, шаҳар ва қишлоқларни янада обод бўлиб, кўркам қиёфа касб этиши таъминланади.

Президентнинг мазкур Фармони ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокими, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг қарорлари тасдиқланиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди. Айни жараёнда “Тоза ҳудуд” ДУК шаҳар-туман филиаллари иш фаолиятини яхшилашга кўмаклашиш мақсадида вилоят ДУКдан вакиллар бириктирилган ҳолда бевосита жойига борган ҳолда ёрдам кўрсатиляпти. Бу борада махсус “Йўл хариталари” тузилиб, иш жараёнини замонавий мезонлар бўйича ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланмоқда. Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш режа-жадваллари тузилиб, махсус полигонлар ҳолатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиб, олиб борилаётган юмушлар доимий назоратга олинмоқда.

Чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш ва улардан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш тизимини 2017-2020 йиллар давомида такомиллаштириш мақсадида “Фарғона водийсида чиқиндиларни комплекс бошқариш кластери ташкил этиш” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида ягона бўлган чиқиндиларни комплекс бошқариш лойиҳасини амалга ошириш натижасида 7 та шаҳар, 40 та туман, 315 та МФЙда 9 миллиондан ортиқ аҳоли, 20 мингдан зиёд юридик шахслар мавжуд бўлган ва йилига 2 миллион тонна чиқинди йиғиладиган Фарғона водийси ҳудуди тўлиқ қамраб олинади. Бу лойиҳа асосида “Man Capita” компанияси (Баҳрайн) Фарғона водийсида ягона чиқиндиларни қайта ишлаб чиқарувчи корхона ҳисобланиб, у қиймати 96 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритиш ҳисобига қурилади.

“Тоза ҳудуд” ДУК ушбу қўшма корхона улушига эга бўлиб, корхона ишга туширилганида чиқиндиларни йиғиш тизими тўлиқ автоматлаштирилади. Чиқиндиларни олиб чиқиш-ташиш ишлари такомиллаштирилади. Натижада барча аҳоли яшаш ҳудудлари автоматлаштирилган контейнерлар билан таъминланади. Пресслаш ускуналари ва GPS мониторинг тизими ҳисобига умумий харажатлар 20 фоизга қисқартирилади. Ахлат тўпланадиган жойларда эстетик кўриниш вужудга келади, йўналишлардаги транспорт харажатлари 80 фоизгача қисқаради, янги полигонлар ташкил этиш зарурати йўқолади, зарарли моддалар ташламалари 50 фоизга камаяди. Энг асосийси, мазкур лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши натижасида 2000 га яқин янги иш ўринлари ташкил этилади.

Бу лойиҳани амалга ошириш уч босқичга бўлинган бўлиб, биринчи босқичда – 2017 йилда 15 милллион доллар инвестиция киритиш, иккинчи босқичда – 2018 йилда 40,8 миллион доллар инвестиция киритиш, учинчи босқичда – 2019-2020 йилларда 40 миллион доллар инвестиция киритиш режалаштирилган. Чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш ва улардан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш тизими лойиҳаси 2020 йилда Фарғона водийсини тўлиқ қамраб олиш имконини беради. Қўшма корхона лойиҳаси тўлиқ ҳаётга татбиқ этилганидан сўнг халқ хўжалиги ва аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган 15 турдан зиёд маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Булар сирасига шиша, қоғоз, пластмасса ва синтетик тола, қурилиш материаллари, органик ўғит, қаттиқ ёқилғи (брикет), биогаз маҳсулотлари, электр энергияси ишлаб чиқариш кабилар киради.

Президентимиз жорий йилнинг 22-23 июнь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича берган топшириқлари асосида вилоятнинг 6 та туманидан ер майдонлари танланди. Ер майдонлари тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганиб чиқилиб, қўшма корхона барпо этиш учун таклифлар берилди. Вилоят ҳокимлиги кўмагида ушбу ер майдонларининг инсон саломатлиги, атроф-муҳит ва ер ости сув йўлларига таъсирини ўрганиб чиқиш учун вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, вилоят давлат санитария ва эпидемиология назорати маркази, гидрогеология бошқармаларига хат билан мурожаат этилиб, ижобий хулосалар олинди.

Мухтасар айтганда, мазкур соҳа фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштиришга қаратилган қонунчилик меъёрлари юртимизда экология ва санитария муҳитини янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, шаҳар ва қишлоқларимизни бундан-да обод ва кўркам қиёфа касб этиши йўлидаги улкан амалий қадам эканлиги барчамизни беҳад мамнун этади.

You must be logged in to post a comment Login