Марғилонда учинчи бор халқаро миллий матолар фестивали ўтказилади

ma1

Ўзбекистон ҳунармандлар уюшмаси, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, DVV International  ваколатхонаси ва бир қатор ҳомийлар билан ҳамкорликда жорий йилнинг 12-16 сентябрь кунлари Марғилон шаҳрида “Атлас байрами” миллий матолар фестивали ўтказилади.

Мамлакатимизда миллий ҳунармандликни ривожлантириш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унутилаёзган ҳунармандлик турларини қайта тиклашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда Фарғона вилоятида уч мингга яқин ҳунарманд фаолият кўрсатмоқда. Қўқон, Марғилон, Риштон каби ҳунармандлик мактаблари миллий ҳунармандлик анъаналарини изчил давом эттириб келмоқда. 

Марғилон қадимий тарихи ва бетакрор маданияти билан шуҳрат қозонган шаҳарларимиздан. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Марғилон деганда, бетакрор табиати, боғ-роғлари, камалакдек сержило атласлари, ўзлигимиз рамзига айланиб кетган ранг-баранг дўппилари билан етти иқлимга машҳур бўлган гўзал бир макон кўз ўнгимизда намоён бўлади”, деган сўзлари бу замин ва унинг уста ҳунармандлари меҳнатига берилган юксак баҳодир. 2007 йилда Марғилон шаҳрининг 2000 йиллиги кенг нишонланди. Пирсиддиқ мажмуаси, Улуғмозор зиёратгоҳи, Жаҳон отин Увайсий мақбараси ва музейи, Саид Аҳмад Хўжа Эшон мадрасаси тарихий-маданий ёдгорликлар тубдан қайта таъмирланди. Кўплаб замонавий иншоотлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. 

“Атлас байрами” анъанавий тўқимачилик фестивали миллий ҳунармандликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш, ҳунармандлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда туризмни янада равнақ топтиришга хизмат қилмоқда. 

Марғилон ҳунармандлари яратган гиламлар, ипак матолар, заргарлик ва зардўзлик буюмлари, сопол идишлар дунёнинг турли мамлакатларидан келадиган сайёҳларни ҳайратга солади. 

Фестивалнинг дастлабки кунларида Республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган ҳунармандлар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Таниқли ва машҳур хорижлик мутахассислар ўз салоҳиятларини бошқалар билан ўртоқлашишади.

15 сентябрь санасида Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш марказида “Атлас байрами” фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Унда бир қатор хорижлик ҳамкорлар, таниқли ҳунармандлар, машҳур дизайнерлар иштирок этади.

Фестиваль доирасида “Марказий Осиё халқлари аънанавий матолар ва барқарор ривожланиш” мавзусида анжуман, “Ўзбек анъанавий гиламчилик санъати” кўргазмаси, халқ сайли, аския ва катта ашула ижрочилиги, фольклор жамоаларнинг чиқишлари, кураш мусобақлари, дорбоз ҳамда қўғирчоқ ўйинлари намойиши ҳам ўтказилади. Дарвоқе, вилоятлардаги ошпазлар иштирокида ош танлови ҳам бўлиб ўтиши кўзда тутилган.

Шунингдек, таниқли ҳунармандларнинг ноодатий маҳсулотлари кўргазмаси ҳамда ёш дизайнерларнинг либослар тақдимоти бўлиб ўтади. Вилоятлардан ташриф буюрган ҳунармандларнинг миллий маҳсулотларини эса фестивалга ташриф буюрганлар харид қилишлари мумкин. Ўзбек эстрада юлдузлари иштирокида гала-концерт ҳам “Атлас байрами” фестивалининг дастурига киритилган.

You must be logged in to post a comment Login