Ўш шаҳрида ўтказиладиган “ЮГ ЭКСПО-2017” халқаро кўргазмасида водий тадбиркорлари иштирок этишади

qo'qon

Айтиш жоизки, сўнгги вақтларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги анъанавий ҳамкорлик янада бойиб, ўзаро алоқалар сезиларли равишда фаоллашди. Давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари, ҳукуматлар ва ҳудудлар даражасида делегациялар ташрифи амалга оширилди. 

Халқларимиз азалдан бир дарёнинг икки қирғоғида, яқин қўшни сифатида яшаб келган. Тарихимиз умумий, маданий ва диний қадриятларимиз муштарак, анъана ва урф-одатларимиз ўхшаш. Машҳур адиб Чингиз Айтматов айтганидек, «Халқларимизнинг қони бир, тили бир». 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоевнинг таклифига биноан 5 сентябрь куни давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга бўлди. 

Бишкек шаҳридаги Ала-Арча қароргоҳида Президентларнинг тор доирадаги учрашувида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, мамлакатларимизнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш, шунингдек, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинди. 

Халқларимиз ўртасида тарихан шаклланган қардошлик ва аҳил қўшничилик муносабатларини юксак қадрлаймиз. Айнан мана шу муносабатлар икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда, деди давлатимиз раҳбари. 

Алмазбек Атамбоев Шавкат Мирзиёевни Қирғизистонга давлат ташрифи билан қутлаб, бу икки давлат ўртасида олий даражадаги мулоқотларнинг мантиқий давоми, томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имконият эканини таъкидлади. Икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини қайд этди. 

Музокараларда икки ва кўп томонлама муносабатларга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида атрофлича фикр алмашилди. 

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақаси асосий йўналиш сифатида устуворлик касб этади. Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоевнинг ўтган йил декабрь ойида Самарқандга ташрифи бугунги мулоқотларга дебоча бўлиб, музокаралар «Самарқанд учрашуви руҳи» асосида давом эттирилди. 

2017 йилнинг ўтган даврида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 60 фоиз ўсди. 

Қисқа вақт ичида ҳудудларимиз ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланди. Қирғизистоннинг Баткен, Жалолобод, Ўш вилоятлари вакилларининг Андижон шаҳрига, Ўзбекистон делегациясининг Ўш шаҳрига ташрифи амалий натижалар тасдиғидир. 

Президентимиз шартномавий мажбуриятларни амалиётга изчил татбиқ этиш мақсадида чегараолди ҳудудларда Ҳокимлар кенгаши тузишни таклиф қилди. 

Икки давлат ўртасида маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорлик, дўстлик ва қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода, жорий йил февраль ойида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек мусиқали академик драма театрининг Фарғона водийсига ижодий сафарини, июнь ойида эса Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри жамоасининг Ўш, Ўзган, Аравон, Новқат, Қорасув, Жалолобод шаҳарларига ижодий сафарини алоҳида қайд этиш лозим. 

Ўзбекистон кўмагида Ўш шаҳрида қурилаётган умумтаълим мактаби халқларимиз дўстлигининг ёрқин намунаси бўлди. Мазкур мактаб замонавий ўқув жиҳозлари ва анжомлари, дарсликлар, бадиий адабиётлар билан таъминланади. 

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида Қўшма баёнот ва Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартномани имзоладилар. Андижон ва Ўш, Тошкент ва Бишкек шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида, икки давлат Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида, Солиқ қонунчилигига риоя қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида, Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро, илмий-техникавий ҳамкорлик, Олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битимлар, Чегарадош минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича 2017-2019 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режаси, Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва бошқа муҳим ҳужжатлар имзоланди. 

Ўзаро ҳамкорликнинг узвий давоми сифатида жорий йилнинг 12-14 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикасининг Ўз шаҳридаги “ТААТАН – ОШ” савдо марказида ўтказиладиган “ЮГ ЭКСПО-2017” халқаро кўргазмасида Фарғона, Андижон, Наманган вилоятининг тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этишади.

Жумладан, тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, қурилиш молларини намоён этишади ҳамда асаларичилик, боғдорчилик, паррандачилик, балиқчилик каби иш тажрибалари билан иштирокчиларни таништириб ўтишади. Кўргазма якунида тадбиркорлар ўртасида меморандумлар имзоланиши кўзда тутилмоқда. 

You must be logged in to post a comment Login