ЎЗБЕК ИПАГИ – ДУНЁ ЭЪТИРОФИДА

silk-cocoonМарғилон шаҳрида илмий-техникавий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда пиллачилик соҳаси ўзининг кўп асрлик анъаналарига эга. Юртимизнинг табиий иқлим шароити, бу борада тўпланган бой тажриба ва давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик соҳани ҳар томонлама ривожлантириш имконини бермоқда.

Марғилон шаҳрида 27-28 июль кунлари бўлиб ўтган «Тўқимачилик саноати корхоналарида ишлаб чиқаришни ташкил этишда илм-фан интеграциялашувининг ўрни ва долзарб муаммолар ечими» деб номланган илмий-техникавий анжуманда шу хусусиятлар алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистон табиий толалар илмий тадқиқот институти ташкил топганлигининг 80 йиллик юбилейи доирасида ташкил этилган мазкур анжуманда вазирликлар, 11 мамлакатдан соҳанинг етук мутахассислари, юртимизнинг тўқимачилик саноати ривожида изланишлар олиб бораётган профессор ва олимлар, ипакчилик саноати фахрийлари, шу йўналишдаги олий таълим муассасаларининг тадқиқотчилари ва журналистлар иштирок этдилар.

Анжуманнинг очилишида сўзга чиққан вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев иштирокчиларни тадбир билан қутлади.

Давлатимиз раҳбари вилоятимизга қилган ташрифи чоғида тутчиликни ривожлантириш юзасидан ҳам тегишли тавсияларни берган эди. Вилоят раҳбари шу тавсияларни таъкидлаб, соҳа ривожи, тутзорларни кўпайтириш ва пиллачилик истиқболлари ҳақида сўз юритди.

Президентимиз томонидан жорий йил 29 мартда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, тармоқни комплекс ривожлантиришга қаратилган яхлит ташкилий-технологик тизим барпо этилди. Яъни таркибида 210 га яқин корхона ва ташкилотларни бирлаштирган “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тузилди. Тадбирда сўз олган уюшмаси раиси Баҳромжон Шарипов шулар ҳақида тўхталиб, ўтказилаётган анжуманнинг мақсади ва унинг катта тажриба мактаби бўлишини таъкидлади.

Анжуманда «Хитой Халқ Республикасининг «Бир макон, бир йўл» миллий стратегиясининг халқаро тўқимачиликдаги ҳамкорлик имкониятлари»,  «Ипакли ва бошқа тўқимачилик материаллари узунлигини, энини ўлчаш, навини аниқлаш ва қайта ўраш учун инновацион жиҳозлар», «Табиий ипакни ишлаб чиқариш ва қайта ишлашда чиқиндисиз технология» мавзуларида Хитойнинг Донгхуа университети профессори Ҳуа Ванг, Россия Федерацияси «Роллтекс» машинасозлик компанияси менежери Андрей Емельянов, “ААRDO” Африка-Осиё қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш халқаро ташкилоти бош котиби Вассифи Ҳасан ва бошқалар маъруза қилдилар.

– Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги тарихий муносабатлар ипак саноати борасидаги ҳамкорлик азалдан ривожланганидан дарак беради. Жумладан, Буюк ипак йўлидаги савдо алоқалари, ҳунармандчилк маҳсулотларининг айирбошлангани тараққиёт омили бўлиб хизмат қилган, –  дейди Хитойнинг Донгхуа университети профессори Ҳуа Ванг. –  Бугун ипак саноатини ривожлантиришда замонавий технологиялардан фойдаланиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш ҳақида ўз тақдимотимни ўтказдим. Бу жараён айни вақтда дунё мутахассисларини қизиқтирмоқда. Ўйлайманки, мазкур анжуман келажакдаги муштарак мақсадларимизни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга.

– Ушбу тадбир миллий махсулотингиз саналган ипакнинг сифати ва унинг яратилиш жараёнига гувоҳ бўлиш, бу борада ўзаро фикр алмашишга замин яратади, – дейди биз билан суҳбатда Ҳиндистондан ташриф буюрган соҳанинг профессионал вакилларидан бири Жая Пракаш. – Марғилон ипаги азалдан ўзининг сифати билан ажралиб туради. Жараёнларни кузатиб бунга яна бир карра амин бўлдим.

Анжуман доирасида Ўзбекистон табиий толалар илмий тадқиқот институти ҳамда бир қатор хориждаги институтлар ўртасида узоқ ҳамкорликка мўлжалланган меморандум ва битимлар имзоланди.

– Ўлкамиз табиати шу қадар ранг-барангки, кейинги вақтларда ўсимликлардан тола олиш бўйича ҳам изланишлар амалга оширилмоқда. Бу толалар табиийлиги, табобатда дори-дармон сифатида фойдаланиш мумкинлиги билан ажралиб туради. Қолаверса, бугун сифатли ипак қурти уруғи етиштириш тизимини кенг йўлга қўйиш зарурати пайдо бўлмоқда, – дейди Ўзбекистон табиий толалар илмий тадқиқот институти директори, техника фанлари номзоди Охунжон Ахунбобоев. – Имзоланган меморандум ва битимларимизда шу хусусиятларга таянган ҳолда халқаро грант дастурлари асосида тадқиқотлар олиб боришга келишиб олинди.

Ипакчилик саноати, қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлигини ошириш, тутчилик, тўқимачилик саноати, тўқимачилик технологияси муаммолари, маҳсулот сифати ва муаммолари ва уларнинг инновацион ечимлари, фундаментал ва иқтисодий фанларнинг тўқимачилик саноатини ривожлантиришдаги ўрни мавзуларида бўлиб ўтган шўъба мажлислари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

– Тўқимачилик бандликни таъминлашда муҳим йўналишлардан бири саналади, айниқса, аёллар учун. Ўзбекистоннинг ипакчилик саноатини тараққий эттиришда дунёда ўз ўрни ва тажрибаси бор. Ушбу илмий-техникавий анжуманда эса тўқимачилик саноатида ечимини кутаётган муаммолар, фикр-мулоҳазалар, таклифлар ўртага ташланмоқда, – дейди «ААRDO» Африка-Осиё қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш халқаро ташкилоти бош котиби Вассифи Ҳасан. – Халқаро ташкилотимиз ипак саноати ривожидаги бирдамликнинг тимсоли сифатида улкан ишларни амалга оширмоқда. Айни вақтда 32 мамлакатдан ташкилотимизга аъзолар бор. Анжумандан кўплаб натижаларни кутяпмиз. Хусусан, ташкилотимиз билан давлатингиз ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш ниятидамиз.

Анжуман доирасида Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги касаначи ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган ипакли матолар кўргазма-ярмаркаси ҳамда ёш дизйнерлар томонидан миллий либослар намойиши ташкил этилди. Шунингдек, меҳмонлар шаҳардаги “Ёдгорлик” корхонасидаги жараёнлар билан яқиндан танишдилар, ҳунармандлар билан суҳбатда бўлдилар.

Анжуманнинг тантанали ёпилиш маросимида ҳорижлик меҳмонлар ва ташкилотчиларга шаҳар ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

 

 

You must be logged in to post a comment Login