ОНАДЕК МЎЪТАБАР, НОНДЕК АЗИЗСАН, ТИНЧЛИК!

kabutarБугун феруза осмон остидаги гуллаётган замин-она Ўзбекистоннинг қадди-қамолига боқиб навқирон ўғлонларим, фозила қизларим  кўз ўнгимда қад ростлайди.

Ватан уларни тинч-осойишта бағрида униб ўстирди, бошларига соябон бўлди. Улар ҳам Ватан шонини баландларга кўтарди. Зотан, оққан дарё оқаверади. Не тонгки, боболарга муносиб авлодлар қалбида  “Мен буюк юрт фарзандиман” деган сўз акс-садо бермоқда.

Дунёнинг қайси мамлакатига борманг миллатнинг шону шавкатини кўтараётган ёшлар вакилларини кўриб қалбингиз ғурурга тўлади. Рио-де Жанейро шаҳрида Ўзбекистон байроғини ҳилпиратган Бектемирлар, Оксфорд университети ўқитувчилари ақлини шоширган Толибжон, бокс бўйича ғалаба байроғини қўлга киритган Лазизбегу Фазлиддинлар, шахматчи гроссмейстер опа-сингиллар Нафиса ва Гулруҳбегим, теннисчи Сарвиноз, акробатлар  Камола ва Зулфия…Кўзларида фахр, юрагида шижоат балқиб турган нуридийдаларим!!! Сизнинг шаҳдингиздан Ватан қанчалар куч-қувват олажагини билсангиз эди. Ота-она эл корига яраб қолган фарзандидан қувонгани каби Ватан ҳам сизнинг ҳар бир эришган ғалабангиздан ғурурланади. Бизнинг Ватан шундай, қалбингизни фатҳ этган илоҳий ошёнки сиз ундан бир лаҳза айро яшолмагайсиз.

Аммо…ҳаёт неъматларидан сиз билан бирдек баҳра олган, умрини, ёшлигини елларга совуриб, ёт юртларнинг ялоғи бўлиб юрган тенгдошларингиз борки, улар Ватан соғинчи ҳис этмаётирлар. Айни сиз ғалаба байроғини мардона кўксингизда кўтарган онингизда у бебош жангарилар тўдаси орасида бир норасида гўдакнинг кўксини қонга бўяётган эди. Сиз Ватан тупроғига битта ниҳол экаётганингизда у баттол  ям-яшил шаҳарчани култепага айлантираётган эди.

Мана “ИШИД” фитнаси тузоғига илинган кимсага интернет орқали онаси юборган мактуб.

“Ўғлим! Дийдорингни кўрмаганимга икки йил бўлди. Ҳамон сендан дарак йўқ. Тирик бўлсанг менинг ёзганларимни топиб ўқирсан. Ҳар куни телевизорда сен қурам йигитларнинг ғалаба нашидасини кўриб кўзимга ёш келади. Уларнинг оналари билан интервьюларни томоша қилиб ўксийман. Мен ҳам боламни бахтиёр кунларида бағримга боссам бўлардику. Лекин ундай бўлмади. Оналарнинг қучоқлари гулларга тўлган, менинг кўксимда гул эмас, армон, алам, оғриқ зарблари. Ортингга қайтсанг дуои-жонингни қилиб ўтаман. Жангарилар қўлида бўлсанг, уларни умрим бўйи қарғаб ўтаман. Онанг”…

Яқинда интернет сайтларидан бирида яна шундай мақолага кўзимиз тушди.

“Йигирма беш ёшли Ҳасан, “ИШИД” гуруҳларига қўшилганидан сўнг, орадан 10 ой ўтиб, жангларнинг бирида ўлди. У Истамбулда яшарди. Кимдир уни йўлдан урди. Қисқа вақт ичида умуман ўзгариб кетди. Ота-онаси ўзига тўқ бадавлат одамлар эди. Бироқ у тез орада “ИШИД” аъзосига айланди.

Дўстлари бир неча бор янги ишлар таклиф қилишди, у кўнмади. Сўнг Хантеп вилоятидаги ҳарбий лагерга қатнай бошлайди ва у ерда Туркиянинг бошқа минтақасидан келган бир қиз билан танишади ва турмуш қуради. Бироқ қизни ўз ота — онасига кўрсатишга лагердагилар рухсат беришмасди. Сўнг у ҳам жангари гуруҳлар билан Сурияга жўнатиладиган бўлди. Хотини ҳомиладор экан. Бироқ фарзанди туғилишига бир ой қолганида у ҳаётдан кўз юмди. Ҳасаннинг ўлими ҳақидаги ҳабарни отасига Суриядан унча узоқ бўлмаган Антеп шаҳридаги лагерда яшайдиган хотини қўнғироқ қилиб, айтади. Ҳатто ота — онаси унинг жасадини ҳам кўра олишмади. “ИШИД” раҳбарлари уларга жангда ўлганлар рўйхати ва расмларини юборишди. Келини ва набирасини ҳам беришмади. Чунки уларнинг қоидаларига кўра, ўлган жангариларнинг хотини бошқасига никоҳланар экан…”

Бу каби изтиробли мақолаларни ўқир экансиз, “ИШИД” нинг манфур жиноятлари  дунёнинг кўплаб мамлакатларида яшаётган навқирон ёшлар онггига ўз таъсирини ўтказаётганига гувоҳ бўласиз. Ҳа, дунёнинг қайсидир чеккасидан келиб “ИШИД” сафига қўшилиб бир зумда ўзлигидан айрилиб, манқуртга айланиб қолаётган кимсалар афсуски учраб турибди.

“Шайтон ўсимлиги” деб ном олган бу террорчилик ташкилотининг Ислом динига мутлақо дахли йўқлигини дунё олимлари бот-бот таъкидламоқдалар. Ислом башарият учун тинчлик ва раҳмат дини. Ўз кучини Ироқ ва Сурияда шакллантирган ташкилот аёлларни ва болаларни жангларда қатнашишга мажбур қилишаётгани, одамларни шавқатсизларча қатл қилаётгани ҳеч бир динга, балки одамийлик асосларига ҳам тўғри келмайди. Одамларда  Ислом динини тажовузкор дин сифатида тасаввур уйғотишга уринаётган “ИШИД” хунрезликлари шариатга зид эканлигини кенг тафаккурли инсон яхши англайди.

Агар “ИШИД” қилмишлари замиридаги рақамларга мурожаат этадиган бўлсак тинчликка раҳна солувчи ҳар қандай иллатга барҳам бериш шартлигини уқиб оламиз.

Маълумотларга кўра дунёда содир этилган террорчиликларнинг 55 фоизи 5та давлат ҳудудига тўғри келаркан. 2016 йилда энг кўп қўпорувчиликни  “ИШИД” амалга оширган, 2015 йилда толибонлар ҳаракати бу борада етакчи ўринга чиққан эди.  Ўтган йили Сурияда хунрезликлар сони пасайган бўлсада, Ироқ, Сомали, Туркияда терактлар сони кўпайган. Бироқ Суриядаги фуқаролик уруши йилларида неча минглаб инсонларнинг бегуноҳ қони она тупроқларига тўкилди. Минглаб одамлар бошпанасиз қолиб олис юртлар томон йўл олдилар. Болаларнинг оҳи зори еру кўкни тутди. Сурия инсон ҳуқуқлари бўйича кузатув кенгашининг маълум қилишича, мамлакатдаги фуқаролик уруши йиллари давомида қарийиб  332 минг киши ҳалок бўлди,  жумладан, тинч аҳолидан — деярли 100 мингга яқини ва 18 мингдан зиёди болалар.

“ИШИД” ёки “Ал-Қоида”га яқин бўлган гуруҳларнинг аъзолари ва тарафдорларидан 58 мингга яқини ўлдирилди.

Шундай қилиб, ўтган йили жами 104 та давлатда террорчилик ҳаракатлари содир этилди. Уларнинг 55 фоизи Ироқ, Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон ва Филиппинга тўғри келади.

Тасаввур қилинг.  Терроризм балоси 104  мамлакатнинг тинчини бузди. Одамлар қалбига қўрқув солди. Не-не иншоотлар, гуллаётган боғлар ёниб битти, кулга айланди.  Табиат озор топди, атроф-муҳит заҳарланди. Энг даҳшатлиси қурбонлар бўлди, умрларга хотима ясалди.

Инсон унга инъом этилган неъматларнинг қадрини билиши билан бирга улардан ўзгалар ҳам баҳраманд ё бебаҳра эканини ҳам ўйлаб кўриши керак. Ана шу тинчи бузилган юртда мен яшамаганим учун Яратганга шукр деган буюк иқрорни қалбан такрорлаши зарур. Сурия ва Ироқ ҳудудларида отаси ёки онасининг мурдаси устида йиғлаётган фарзанд тинчликни онадек мўътабар, отадек қадрдон, нондек азиз билаётганини тасаввур қилайлик. Ва шу билан бирга бепарволик оғир мусибат эканлигини ҳам англаб етайлик.

Маълумки Президентимиз яқинда “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлиги асраш-давр талаби”  мавзусидаги анжуманда имом-хатибларнинг зиммасидаги масъулиятли вазифани эслатиб ўтди. Имомлар дин ишида пешво эканликларини унутмаган ҳолда фаолият юритишлари жоиз. Айниқса  жойларда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда ислом динини  асл инсоний моҳиятини очиб беришлари даркор.  Тинчликка раҳна солаётган қора кучларнинг нотўғри йўлини илмий асослар ёрдамида кенг очиб берсинлар. Бу борада Айдарбек Тулеповнинг “ИШИД фитнаси” китоби огоҳлик мавзусидаги энг муҳим қўлланмадир. Илмнинг баракаси олган илмга амал қилишда, ҳамиша ўқиб-ўрганишда, изланишда. Зеро, ҳамжиҳатлик, тотувлик, хотиржамлик асоси тўғри ва фойдали насиҳатдир.

 

 

You must be logged in to post a comment Login