ҲУНАРМАНДЛАР ЯНГИ РЕЖАЛАР БИЛАН

5007

Риштон ҳунармандлари Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллиги тантаналаридаги маърузасида илгари сурилган вазифаларни бажаришга уюшқоқлик билан киришдилар.

“Ҳунарманд” уюшмасининг туман бўлимига 500 га яқин турли касб эгалари бирлашган. Улар Обод турмуш йилини яхши натижалар билан якунладилар. 2012 йилда 15 млрд. 200 млн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 17 млрд.сўмликдан ошиб кетди. Эришилган муваффақиятларга Рустамжон Маҳмудов, Акмалжон Мамажонов, Йўлдошали Полвонов, Бахтиёр Назиров ва Тоҳир Ҳайдаров каби ўз ишининг усталари баракали ҳисса қўшдилар.

– Туманимиз ҳунарманд ва кулоллари ота-боболар касбини улуғлаб, анъаналарини изчил давом эттираётганликларидан ҳар қанча фахрлансак арзийди, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси туман бўлимининг раҳбари Жамолиддин Эргашев. – Донгдор кулол Иброҳимжон Комилов мактабини ўтаган юзлаб ҳунармандлар бугунги кунда оддий тупроқдан ранг-баранг сопол идишлар, чинни буюмлар тайёрлаб, халқимизнинг олқишига сазовор бўлмоқдалар. Риштонлик ҳунарманд Мирзамазхар Акрамов ҳар йили ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танловининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритганлиги, Мирзааҳмад  Исматов бошлиқ  “Simax F+Z”  корхонасида тайёрланган чинни буюмлар хорижда ўтказилган кўргазмаларда юксак  баҳоланиб, сифат белгисига эга бўлганлиги ҳаммамизни фахрлантирмоқда.

Юртбошимиз томонидан Соғлом бола йили деб эълон қилинган 2014 йилни ҳунармандлар янги режалар билан кутиб олдилар. Улар бу йилда ишлаб чиқариш кўрсаткичларини янада яхшилаш, ишчи-хизматчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратиш билан бирга Риштонда сопол идишлар музейи ташкил этишга қарор қилдилар. Музейда мамлакатимиз кулолчилигининг кўп асрлик тарихи, ҳунармандлар сулоласининг анъана ва қадриятлари, мустақиллик йилларида бу соҳани ривожлантиришда эришилган ютуқлар акс эттирилади.

You must be logged in to post a comment Login