ВАТАННИНГ МАЪНОСИ БОҚИЙ ХОТИРА…

Курраи заминда шундай минтақалар борки, улар қуёшнинг бир зумлик ҳароратига муштоқ. Ундан бир зум ором олсам, дейди. Начора табиатнинг ҳукми шундай. Олам шундай яралган. Тўрт фаслнинг тароватини ўзига сингдирган юртимизга эса қуёш деярли ҳар мавсум бағрини очиб кириб келади. Афсуски, қуёши бошида кулиб турса ҳам тонгни урушлар билан қарши олаётганлар озми?

Урушдан сўз очилса, бувимнинг юзига изтироб югуради. Менинг ёшлигимга ҳавас қилиб айтган сўзларини эслайвераман. Мактабни тугатар тугатмас пилла фабрикасида иш бошлаган дуркун қизлар фронт ортида туриб аскарлардан кам меҳнат қилишмаган экан. Қанчадан қанча марду майдонлар номи атрофга ёйилмай, ўша давр фарзандлари фақат “Ёш гвардиячилар”га қараб бўй олишгани, ҳамма улар билан руҳланганини нафақат бувим балки,  урушни кўрганларнинг кўпчилиги қайғу билан ёдга олади.

“Титилиб кетган китобларни қўлма-қўл ўқиган болалар эдик. Сенинг ҳаётинг бутунлай бошқача. Сенга тенгдошлар ўз миллати шарафини кўкларга кўтариб, машҳури жаҳон тилларни ўрганяпти”, деб кўзга ёш олади нуроний бувим.

Табарругимнинг айтганларидан ўзимча хулосалар ясайман. Аслида ўтган асрнинг оғир йиллари неча-неча болаликни янчиб ўтишга улгурди. Бахт нашидасини сезмаган одамлар курашдан, аждодларини ўрганишдан чарчамадилар. Қодирийнинг ман этилган “Ўткан кунлар” романини ким ўқиса ва ёки уйида сақласа қамалишга ҳукм этилди. Шунда ҳам одамлар тунлари шам ёруғида, кундузи нафас чиқармай бу китобни ўқийвердилар, ўқийвердилар, ўқийвердилар…

Бувимнинг болалиги эди бу…

Икки-уч тилда бемалол сўзашаётган ўғил-қизлар тилмочлик қилиб Ўзбекистонни юксалтирмоқдалар. Спорт мактабларида етишиб чиқаётган чемпионлар халқаро мусобақалардан шода-шода медалларни тақиб, кўкрак кериб Ватанга қайтмоқдалар. Илм-фанда кашфиёт яратиб, фазога интилмоқдалар.

Бу менинг болагигим, менинг ёшлигим…

Бирор жойга бориш учун ҳам одамлар тоқат билан автобус кутиб туришлари, оч-яланғоч болалар тап тортмасдан бировнинг қўлидаги егулигини ҳам юлқиб кетиши, урушдан тинкаси қуриган оналар ва оталарнинг яна ва яна бахтдан умид қилиб яшагани – бувимнинг армонли эсдаликлари эди бу…

Сени ҳали ёшсан, болажоним. Ёшликни қадрла, ўқи, ўрган. Менинг болалигимнинг фарқи шундаки, у исканжали эди. Уни ёриб ўтиб, илм олишга интилар эдик. Сенинг ёшлигинг эса ғоят саодатли, ҳотиржам ва бахтлидир. Уни асрай бил, дилбандгинам, деганди 90 ёшни қаршилаган бувим.

Уруш заҳматлари ҳозир ҳам олис маконларда болаларнинг бахтига аччиқ ҳукм чиқармоқда. Гўёки аввалги фашизм даҳшатлари диний экстремизм, сиёсий терроризм қиёфасида намоён бўлаётгандек. Ёвузликнинг энг жирканч иллатларини ўтган асрнинг ўзидан излайлик. Иккинчи жаҳон урушидаги ғурбатлар айни у туфайли содир этилмадими? Немис концлагерларида битилган кундаликлар инсон омилига бешафқатларча бўлган муносабатлар ҳақидаги ҳақиқатлардир. “Жаҳон тарихи” дарслигида қайд этилишича, урушнинг қайноқ оловлари ичида асирликка тушган одамлар шу ўлим лагерларида дунёни тарк этдилар. Бироқ бу ҳолат шунчаки рўй бермади. Одамлар устида даҳшатли ва таъқиқланган тажрибалар ўтказилди. Одамлар крематорийларда ёқилди. Кучли газ билан тўлдирилган камераларда ҳалок қилинди. Инсон тана аъзоларини тириклай кўчириб ўтказиш амалиётлари олиб борилди. Ҳатто уларнинг териларидан аёллар сумкалари ва совунлар ишлаб чиқарилди. Уруш тафсилотлари ҳақида гап кетганда, шунинг учун ҳам кексаларимиз кўзларига ёш олади. Уларни изтиробга солгани урушдаги машаққат ва очликлар, жанггоҳлар манзарасигина эмас. Уруш раҳнамоларининг бемисл раҳмсизлигига уларнинг яқинлари ҳам дучор бўлганидир, эҳтимол.

Шу сабабли ҳам бутун жаҳон тинчлик, фақатгина тинчлик дуёни қутқариб қолишини англаб етдилар. Аслида эзгуликни дарахт деб атасак, унинг кўкка интилган шохларидан бири осойишталикдир. Тинчликка тарафдор бўлганлар эса ёмонлик йўлини тутмайдилар.

Бугун жасоратли боболар ёди, суронли жанггоҳларда қон тўккан аждодлар руҳи Ватан тимсолига ўралиб, афсоналарга айланиб, тиллардан тилларга кўчаверади. Ватанни севмакнинг ўзи ҳам уларнинг порлоқ хотирасига ҳурматдир. Хотира эъзоз, инсон қадр топган маконда болалик ҳам бахтдан яшнайверади, гуллайверади. Зотан, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов сатрларда битганидек:

Юр, болам, Майдонга борайлик бугун

Қўлингда дона гул яноғингдек ол.

Бу гул сенинг бахтинг, шод кулгинг учун

Фидо бўлган бобонг қалбига тимсол.

 

Йўқ, сен ўзинг гулсан, ватанинг – чаман

Улғай, асл зотинг унутма сира.

Билки, қадр билмак аслида – Ватан,

Ватаннинг маъноси боқий хотира.

You must be logged in to post a comment Login