КОРЕЯЛИК МУТАХАССИСЛАР ФАРҒОНАДА

zhanubiy_koreyalik_shifokorlar_andizhonda_11_08_2017Ўзбекистон тиббиёти бугун жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари соғлиқни сақлаш тизими билан ҳамкорликда ривожланиш сари юз тутмоқда.

Президентимиз томонидан  имзоланган Фармонлар, қарорлар аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш, умрини узайтириш баробарида, соғлом турмуш тарзини белгилаб бермоқда.

Дунёга Абу Али ибн Синодек луқмони ҳакимни етказиб берган она юртимизда инсон омилига, унинг саломатлигига кўрсатилаётган эътибор ва рағбат кореялик мутахассисларни ҳам бефарқ қолдирмади.

Узоқ йиллардан буён Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликда ишлаб келаётган  доктор Сонг Ёнг Ил раҳбарлигидаги делегациянинг вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига ташрифидан кўзланган мақсад ҳам ана шу ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаган ҳолда беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш,  Шарқ табобати ҳамда замонавий тиббиётнинг узвий бир қисми бўлган игна билан даволаш борасидаги тажрибаларни ўртоқлашишдан иборат.

– Мен илгари ҳам Ўзбекистонда узоқ йиллар фаолият кўрсатганман, –дейди кореялик шифокор Сонг Ёнг Ил. – Фаолиятим давомида мамлакатингиз тиббиётидаги ўзгаришлар билан яқиндан танишганман. Бугунги ўзгаришлар, айниқса тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар, янгиланишларни биз кореялик мутахассислар ҳам қизиқиш билан кузатиб боряпмиз, негаки  айнан вилоятингизда фаолият кўрсатиб келаётган ушбу соҳа вакиллари Кореяда ҳам малака оширмоқдалар, ҳам тажриба  алмашмоқдалар. Бугунги ташрифимиз мобайнида беморларга игна билан даволашнинг энг илғор услубларида муолажалар  кўрсатамиз ҳамда хамкасбларимиз билан биргаликда ишлаймиз. Ўзбекистон ва Корея давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик эса тиббиёт соҳасида ҳам катта истиқболларга эга. Мен бунга ишонаман.

Яқин кунларгача игна билан даволаш бу вақтинчалик муолажа деган қарашлар ҳам ҳукм сурган. Аммо тиббиёт ва соҳадаги кейинги изланишлар бу қарашлар нотўғри эканлигини, игна билан даволашнинг самараларини исботлади. Ҳамкорликдаги изланишлар эса турли хасталикларнинг олдини олиш ҳамда касалликларнинг асоратларини бартараф этишга ҳам хизмат қилади.

Президентимиз тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтган бир қатор мулоқотларда, видеоселектор йиғилишларида тиббиётда халқаро амалиётни қўллаш, хорижлик мутахассисларни кенг жалб этиш борасидаги фикрларни баён этгандилар. Вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимида ҳам ушбу анъаналарнинг изчил йўлга қўйилаётгани соҳадаги кўплаб муаммоларни ечишга, энг муҳими аҳолининг тиббиётдан, кўрсатилаётган тиббий хизматлардан рози бўлишига асос бўлади.

 

 

You must be logged in to post a comment Login